“Ўлат вақтидаги зиёфат”: 1979 йилги Эрон инқилоби нега содир бўлганди?
Айни дамда Эрон давлати йирик норозилик намойишлар бўлаётгани сабаб дунё диққат марказида бўлиб турибди. АҚШ ва Исроил эса намойишчиларни қўллаб-қувватлаб “оловга мой сепмоқда”. Айримлар 1979 йилда инқилоб ортидан ҳокимиятга келган тизимнинг қулаши ва шоҳ ҳукмронлиги қайтиши ҳақида ҳам гапираётир. Хўш, Эрондаги бугунги тизим қандай пайдо бўлганди?
Эрон ислом инқилоби XX аср тарихидаги энг шов-шувли ва муҳим воқеалардан бири саналади. Яқин Шарқдаги йирик давлатларининг бирида ҳукмрон сулоланинг ағдарилиши ва янги тузумнинг ўзгаришига сабаб бўлган инқилоб бугунгача ўз таъсирига эга. Инқилоб натижасида ҳокимиятга Ғарб билан (асосан АҚШ) душманчилик кайфиятида бўлган, Исроилни эса харитадан ўчириб юборишга бел боғлаган кучлар келди. Бугунги Эроннинг ташқи сиёсатига ҳам айнан ўша даврда пойдевор қўйилган эди.
Бу тарихий ҳодиса ўз-ўзидан содир бўлмади, унга йиллар давомида замин етилиб борди. Узоқни кўра олмаган Паҳлавийлар сулоласи юритган сиёсат бунинг асосий сабабларидан эди.
XX асрнинг бошлари Форс давлати учун оғир келди. Қадимий давлат йўқ бўлиб кетишига бир қадам қолган эди. Йигирма йил ичида фуқаролар уруши, Россия империяси ва Туркия билан тўқнашувлар ва Британия истилоси содир бўлди. 1921 йилда давлат озод қилинди, ҳокимият шоҳ Ризо Паҳлавий қўлида тўпланди. Форс давлати оғир иқтисодий инқирозни бошидан кечирганлиги сабабли, шоҳ ислоҳотларни ташқи ёрдамсиз қила олмади. Бироқ, у Совет Иттифоқи ёки Британия билан ҳамкорликни хоҳламади. Ризо Паҳлавий тезда Германия билан кучли алоқалар ўрнатди. Давлат ҳаётида янги саҳифа бошланди. Паҳлавий бир қанча муваффақиятли ислоҳотларни амалга оширди ва Форс давлати номини Эрон деб ўзгартирди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланган вақтда Эрон ўзини бетараф давлат дея эълон қилди. Бироқ форсларнинг Германия билан алоқалари сабаб Буюк Британия ва СССР ундан қаттиқ хавфсирарди. Германия Эрондан қурол-яроғ бўйича плацдарм сифатида фойдаланишдан қўрққан иттифоқчилар Эронга қўшин киритди, оқибатида Ризо Паҳлавий қочишга мажбур бўлди.
Эроннинг янги шоҳи аввалги ҳукмдорнинг ўғли Муҳаммад Ризо Паҳлавий бўлди. У дарҳол вазиятни тинч йўл билан ҳал қилишга рози бўлди. Шоҳнинг буйруғи билан мамлакатдаги ҳамма немислар, уларнинг мақоми ва фаолият туридан қатъи назар, оммавий ҳайдала бошланди. 1942 йил январь ойининг охирида СССР, Англия ва Эрон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланди. Унда давлатлар “Эроннинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий мустақиллигини ҳурмат қилишлари” ҳамда “уни Германия ёки бошқа ҳар қандай кучнинг ҳар қандай тажовузидан барча воситалар билан ҳимоя қилишлари” кераклиги баён этилганди. Иттифоқчилар ўз мақсадларига эришдилар. Германия муҳим ўринни йўқотди ва Эроннинг нефт инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятидан маҳрум бўлди. Бундан ташқари, Москва Эрон портлари орқали ўтадиган ленд-лиз юклари учун хавфсиз йўналишни кафолатлади.
Аммо мамлакатда вазият шу билан ўнгланиб кетмади. Эрондаги инқироз йилдан-йилга кучайиб борарди. Янги шоҳ ўсиб бораётган халқ норозилигига қарши ҳеч нарса қила олмади. У вазиятни ўнглаш учун радикал чоралар кўрмади. Бу 1950 йиллар бошида Эронда руҳонийлар манфаатларини ҳимоя қилувчи партиялар коалицияси майдонга чиқишига олиб келди. Бу иттифоқ “Халқ фронти” деб аталди. Можаро 1953 йилда Муҳаммад Ризо Паҳлавийнинг ҳокимиятни йўқотиши билан якунланди. Мамлакатни бош вазир Муҳаммад Мусаддиқ бошқара бошлади. У ички сиёсатни қаттиқ юритиш йўлидан борди. Аввало, у хорижий таъсирдан халос бўлишга қарор қилди - немислар кетганидан кейин энг “даромадли” жойларни инглизлар ва америкаликлар эгаллаб олишганди, биринчи навбатда, бу нефтни қайта ишлаш заводларига тегишли эди. Бош вазир ушбу корхоналарни миллийлаштиришни эълон қилди. Табиийки, АҚШ ва Буюк Британияга бу умуман ёқмади. Мусаддиқ Ғарб давлатлари учун ўта ноқулай сиёсатчи эди. Бош вазир етакчи кучлардан узоқлашиб, нейтрал сиёсат юритишга ҳаракат қилди. Унинг асосий мақсади мамлакатни Британия таъсиридан озод қилиш эди. Ва Мусаддиқ Америка бу борада унга ёрдам беради, деб умид қилди. Бироқ, Қўшма Штатлар бу қарама-қаршиликда Лондон томонида бўлди.
Эронда инқироз кучайиб борарди, санкциялар иқтисодиётни вайрон қиларди. Мусаддиқнинг биргина умиди қолган эди – халқ. Бироқ, эронликлар шу қадар чарчагандики, улар Бош вазирнинг ваъдаларига ишонмадилар. Руҳонийлар ҳам уни дунёвий ҳаёт тарзини ўрнатишда айблаб, қўллаб-қувватламадилар. Натижада Британияга қаршилик кўрсатиш режаси барбод бўлди. Эронда навбатдаги давлат тўнтариши 1953 йилнинг августида бўлиб ўтди. Бош вазир ҳибсга олинди ва ҳокимият энг ғарбпараст коалиция қўлига ўтди. Паҳлавий ҳам Эронга қайтиб келди.
Шоҳ қилган биринчи иш миллийлаштиришни бекор қилиш, компанияларни Америка ва Британия иттифоқчиларига қайтариш эди. Шундай қилиб, Форс мамлакати яна бир бор хорижий давлат - АҚШга қарам бўлиб қолди. Паҳлавий ўз давлатини ғарбийлаштириш курсини бошлади. Бу Эроннинг Исроил билан алоқа ўрнатган ягона мусулмон давлатига айланишига олиб келди. Кейин Паҳлавий баъзи Африка мамлакатларида, шунингдек, америкапараст режим ғалаба қозонган Уммонда ҳокимият алмашинувини қўллаб-қувватлади.
Оддий эронликларнинг ҳаёти яхшиланмагани учун мамлакатда мухолифат пайдо бўла бошлади. Бироқ, Паҳлавий унинг қарорларидан норози бўлган барча сиёсий уюшмаларни шунчаки тугатди. САВАК разведка хизмати биринчи ўринга чиқди. Улар тузумга мухолифларни қидириб, қамоққа ташлай бошладилар. Айниқса, инқилобчилар йўқ қилинди. Шоҳга қарши турадиган асосий куч руҳонийлар эди. Улар Руҳуллоҳ Ҳумайний атрофида бирлашдилар. Оятуллоҳ айниқса, шоҳга ва унинг давлатни ғарблаштириш сиёсатига салбий муносабатда бўлган Эрон аҳолисининг камбағал қатламлари орасида жуда машҳур эди.
Маълумот ўрнида: Оятуллоҳ — шиа илоҳиётшуносларининг фахрий унвони. Бу уларга ислом ҳуқуқига оид турли масалаларни ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан ҳал қилиш ҳуқуқини беради.
Кўпчиликнинг қўллаб-қувватлашидан илҳомланган Ҳумайний Паҳлавийни кескин ва қаттиқ танқид қилди. Шоҳ ўз давлатида мухолифат ҳаракатининг кучайишига йўл қўя олмасди. Тез орада оятуллоҳ ҳибсга олинди. Эронликлар бунга оммавий норозилик ва намойишлар билан жавоб берди. Расмий маълумотларга кўра, норозиларни тарқатиш чоғида 86 киши ҳалок бўлган. Бироқ, намойишчиларнинг ўзларига кўра, хавфсизлик кучлари бир неча минг эронликни ўлдирган. Ҳумайний 8 ой давомида уй қамоғида сақланди. Ундан барча чекловлар олиб ташланганидан кейин ҳам оятуллоҳ мухолифат фаолиятини давом эттирди. Бу 1964 йил 8 ноябрда Ҳумайнийнинг мамлакатдан чиқариб юборилишига олиб келди. Эроннинг ўзида тозалашлар бошланди, шоҳ сиёсатидан норози бўлган минглаб одамлар қамоққа ташланди. Ҳумайний қувғинда бўлганида ҳам ғарбпараст шоҳни танқид қилишда давом этди. Бундан ташқари, оятуллоҳ “Исломий давлат” асарини ёзган ва унда “тўғри” давлат тузилишини батафсил баён қилган. Ва у Ислом Республикаси деб номланиши керак эди. Ҳумайнийнинг кўплаб нутқлари аудио кассеталарга ёзиб олинган, шундан сўнг улар ҳар хил сиёсий адабиётлар билан бирга Эронга олиб ўтилган. “Тақиқланган” материаллар жуда машҳур бўлди. Ҳумайнийнинг китоблари масжидларда ўқилган, у ерда унинг нутқлари ёзилган аудиокасеталар ҳам тингланган.
Мухолифатга қарши курашни хавфсизлик кучларига ишониб топширган Паҳлавий ҳеч нарса бўлмагандек яшашда давом этди. Шоҳнинг мамлакатдаги ҳақиқий вазиятдан узоқлиги, у ҳақда билишни истамаслиги вазиятни янада ёмонлаштирди. 1971 йилда шоҳ форс империясининг 2500 йиллигига бағишланган кенг кўламли байрамни уюштирди. Байрам Персеполис археологик мажмуасида, Аҳамонийлар давлатининг қадимий пойтахти жойлашган жойда бўлиб ўтди. Байрамга фақат хорижлик делегациялар таклиф қилиниб, уларга қимматбаҳо таомлар, жумладан, ноёб балиқ икраси тортилди. Бу тадбирлар “ўлат вақтидаги зиёфат”ни эслатарди. Чунки мамлакат аҳолисининг бир қисми қашшоқликдан азият чекарди.
Гап шундаки, ўша йили Эроннинг айрим ҳудудларида қаттиқ қурғоқчилик бўлиб, экинлар нобуд бўлган, аҳоли очарчилик хавфи остида қолган эди. Бироқ, расмийлар байрамни ўтказиш учун катта миқдорда пул сарфлаб, халққа ёрдам беришга ҳаракат қилишмади. Расмий маълумотларга кўра, байрам Эрон бюджетига 22 миллион долларга тушган. Мухолифат вакилларининг фикрича, шоҳ 200 миллион доллардан ортиқ пул сарфлаган. Норозилик ва танқидларга қарамай, жиддий норозилик ёки намойишлар кузатилмади. Қўлга олишлар ва қамоқдан қўрқиб, халқ чидади. Аммо Эрон тезда порох бочкасига айланиб борарди. 1973 йилда мамлакатда инфляция тезлашди, бу нефт нархи тушиши оқибати эди. Шоҳ маъмурияти қандайдир йўл билан харажатларни камайтиришга ҳаракат қилиш ўрнига, мамлакатга юқори ҳақ тўланадиган хорижий мутахассисларни таклиф қилди ва улар нефт қазиб олиш ускуналарини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишларни бошладилар. Янги ускуналар АҚШдан жуда юқори нархда сотиб олинди.
Коррупция, оддий одамларнинг ҳуқуқларини поймол қилиш, амалдорлар томонидан ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, оғир меҳнат учун паст маош ва қашшоқлик Эроннинг ажралмас қисмига айланди. Бироқ, шоҳ ўз сиёсатини давом эттирди. 1976 йилда у яна бир ғалати ислоҳотни амалга оширишга қарор қилди. У Эрондаги хронологияни Буюк Кир тахтга ўтирган пайтдан бошлаб сақлаш керак, деб қарор қилди. 1977 йил 23 октябрдаги воқеа халқ сабр косасини тўлдирди. Оятуллоҳ Ҳумайнийнинг тўнғич ўғли Мустафо вафот этди. Расмий талқинга кўра, у юрак хуружидан вафот этганди. Бироқ, ҳеч ким бунга ишонмади.
1978 йил январда Эронда инқилоб бошланди. Биринчи талотўплар мамлакатнинг энг консерватив шаҳарларидан бири бўлган Қумда содир бўлган. Талабаларнинг оммавий норозилигига давлат газетасида Ҳумайнийни танқид қилган мақола сабаб бўлди. Ёшлар ўз маънавият етакчисига танқидни жуда жиддий қабул қилишди. Полиция намойишларни қаттиқ бостирди. Қурбонлар сони бўйича расмий ва норасмий маълумотлар турлича: ҳукумат вакиллари ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 2 киши ҳалок бўлганини даъво қилган бўлса, намойишчилар 70 нафар талаба эканлигини даъво қилади. Кейин Табризда ғалаён бошланди. Яна 40 кундан кейин Эроннинг йирик шаҳарларида норозилик намойишлари авжига чиқди. Шоҳ аҳолини тинчлантириш учун бир қатор чора-тадбирларни амалга оширди. У июн ойида эркин сайловлар ўтказилишини эълон қилди. Бироқ, халқ аллақачон ваъдалардан тўйган эди. Норози одамлар сони кескин ошди. Эрондаги кўплаб корхоналар ишламай қолди. 1978 йил кузининг охирига келиб, давлат амалда қулаши аниқ бўлиб қолди.
Ҳумайний 15 йил сургунда яшади. Аввалига у Туркияда истиқомат қилди, кейин Ироққа кўчиб кетади. 1978 йил сентябрида эса оятуллоҳ Францияга етиб келди. Бу йиллар давомида у шоҳга қарши фаол ҳаракатлар билан шуғулланиб, эртами-кечми Эронга қайтишга тайёргарлик кўрди. 1979 йил январ ойининг ўрталарида қайтиш вақти келганлиги маълум бўлди. Шоҳ ғазабланган инқилобчилардан қўрқиб, мамлакатдан қочиб кетди. Паҳлавийнинг кетишидан бир неча кун ўтиб, газеталар Ҳумайний мамлакатга қайтаётгани ҳақида хабар беришди.
Ҳумайний қайтган вақтида шоҳ ҳокимиятининг қолдиқлари ҳамон мавжуд эди. Аммо улар ҳам аста-секин мамлакатни тарк эта бошлади. Оятуллоҳ барча ташаббусларни рад этди ва мамлакатда исломий республика қурилишини айтди. Ички курашда Ҳумайний тарафдорлари тамомила ғалаба қозондилар. Натижада Эрон исломий республика дея эълон қилинди. Шоҳ тарафдорлари ё қочиб кетди, ёки қамоққа ташланди. Шу тариқа ҳозиргача давом этаётган Эрон ислом республикаси вужудга келди.
Эронда инқилоб содир этилган пайтда ва ундан кейин хорижга қочган кўпгина собиқ амалдорлар хорижда туриб ҳам Эронда эълон қилинган Ислом республикасига қарши турли ташкилотлар тузди ва тарғибот олиб борди. Масалан, хорижда юрганлар шоҳ даврида Теҳрондаги намойишларни бостиришда номи чиққан генерал Ғулом Али Увайсий бошчилигида Эрон қаршилик ҳаракати, Эронни озод қилиш армияси, Эронни озод қилиш қилиш фронти каби ҳаракатлар тузилади. Аммо уларнинг ҳаракатлари деярли натижа бермай келмоқда.
2025 йилнинг охирида иқтисодий инқироз туфайли бошланган норозилик намойишлари таъсирида хорижда қувғинда юрган ва шоҳ тузумини тиклашга орзуманд бўлган кучлар фаолллашиб қолди. Уларнинг раҳбари 1967 йилда бошлаб валиаҳд дея эълон қилинган, ҳозирда АҚШда яшовчи Ризо Паҳлавийдир. У намойишчиларни ҳукумат идораларини қўлга олишга чақирди ва зарур ҳолатда Эронга қайтиши мумкинлигини айтди. Аммо таҳлилчилар армия ва хавфсизлик кучлари ҳукумат томонида эканлигини инобатга олган ҳолда оятулло ҳокимияти қулаши эҳтимолини паст баҳоламоқда.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0