Ўзбекистон ҳар йили 120 тонна олтин ишлаб чиқаради–Марказий банк

Тошкентда ўтказилаётган International Public Assets Management Forum – 2026 доирасида Ўзбекистон Марказий банкининг захираларни бошқариш стратегияси ва мамлакатнинг макроиқтисодий истиқболлари тақдим этилди.

16:02 | 18.09.2026
9
Ўзбекистон ҳар йили 120 тонна олтин ишлаб чиқаради–Марказий банк
Катталаштириш

Марказий банк раисининг ўринбосари Аброр Мирзо Олимов тақдимотига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти юқори суръатларда ўсишда давом этмоқда. 2026 йилда реал ялпи ички маҳсулот ўсиши 8 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда. Мамлакат ЯИМ ҳажмини 2030 йилга бориб 300 миллиард доллар, аҳоли жон бошига ЯИМни эса 7,5 минг долларга етказишни мақсад қилган.

Айни пайтда олтиннинг Ўзбекистон халқаро захираларидаги улуши 90 фоизга етган.
Мамлакат йилига қарийб 120 тонна олтин ишлаб чиқаради ва бу кўрсаткич бўйича дунёда 10-ўринда туради. Марказий банк маҳаллий ишлаб чиқарилган олтинни сотиб олишда устувор ҳуқуққа эга. Сўнгги йилларда халқаро захиралар ҳажми ҳам сезиларли ошган. 2021 йилда 35,1 миллиард долларни ташкил этган умумий захиралар 2026 йилда 72,1 миллиард долларга етган. Шу даврда олтин захиралари қиймати 20,9 миллиард доллардан 64,9 миллиард долларга ошган.

2024 йилда Ўзбекистон илк бор 100 миллион долларлик АҚШ ғазначилик облигациялари портфелини шакллантирган. 2025–2026 йилларда қимматли қоғозлар портфели ҳажми қарийб 1,8 миллиард доллар, ташқи бошқарувга берилган активлар эса тахминан 860 миллион долларга етган.

2027 йилдан бошлаб инвестиция портфелини янада диверсификация қилиш режалаштирилмоқда. Бунда G7 давлатлари суверен қарз мажбуриятлари, юқори рейтингли қатъий даромадли инструментлар ва бошқа сифатли активларга инвестиция қилиш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.

Феруза РАҲИМОВА,
Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

400 овоз

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади