Ўзбекистон глобал AI майдонига чиқди: Тошкентда халқаро ҳамжамиятнинг биринчи маркази очилди
Бугунги кунда дунё жадал рақамлашиб борар экан, сунъий интеллект соҳасидаги ҳар бир ютуқ мамлакатнинг келажакдаги ўрнини белгилайди. Шу боис, Ўзбекистоннинг халқаро технологик ҳамжамиятларга интеграцияси муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда.
Сунъий интеллект ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш маркази Global AI Community халқаро тармоғига аъзо бўлди. Натижада, Global AI Tashkent Марказий Осиёдаги биринчи расмий бўлим сифатида ўз ишини бошлади.
Global AI Community — дунёнинг 100 дан ортиқ шаҳарларида фаолият юритаётган, сунъий интеллект соҳаси мутахассислари, тадқиқотчилар ва технология ишқибозларини бирлаштирган йирик халқаро платформа ҳисобланади.
Ушбу ҳамжамият доирасида бепул учрашувлар, семинарлар, хакатонлар ва амалий тренинглар ўтказилиб, иштирокчиларга билим ва тажриба алмашиш учун кенг имкониятлар яратилади.
Маҳаллий бўлимнинг ташкил этилиши аҳолининг сунъий интеллект бўйича саводхонлигини ошириш, амалий кўникмаларни шакллантириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эндиликда Ўзбекистондаги тадқиқотчилар, муҳандислар, талабалар ва IT соҳасига қизиқувчилар глобал AI ҳамжамиятига бевосита уланиб, Тошкентда бўлиб ўтадиган тадбирларда фаол иштирок этиш имкониятига эга бўлишади.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0