Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Маҳмудовна Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди

OncoDaily халқаро платформаси саратон касаллигига қарши кураш бўйича жаҳон кун тартибини белгиловчи етакчиларни ўз ичига олган "Онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл" рейтингини эълон қилди.

18:03 | 08.11.2025
•
640
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи хоними Зироат Маҳмудовна Мирзиёева онкология соҳасидаги энг нуфузли 100 нафар аёл рўйхатига киритилди
Катталаштириш

Улар орасида Ўзбекистон Биринчи хоними, "Замин" халқаро жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева ҳам бор.

Экспертлар Зироат Мирзиёеванинг болаларда онкологик касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш ташаббусларини илгари суриш, болалар онкологияси соҳасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, оғир касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш бўйича глобал ҳаракатни қўллаб-қувватлашдаги ҳиссасини алоҳида таъкидлаган.

"Зироат Мирзиёева 2025 йил сентябр ойида БМТ Бош Ассамблеясида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва St. Jude тадқиқот шифохонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган "Саратон ва бошқа ҳаёт учун хавфли касалликларга чалинган болаларнинг яшовчанлигини ошириш ва азоб-уқубатларини камайтириш бўйича глобал ҳаракат" номли муҳим форумга раислик қилди ҳамда жаҳон ҳамжамиятини саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини ошириш учун шошилинч чоралар кўришга чақирди.

Унинг фаолиятида бутун дунё бўйлаб, айниқса яшовчанлик кўрсаткичлари сезиларли даражада паст бўлган мамлакатларда болаларга тиббий ёрдамдан тенг фойдаланишни таъминлаш масалалари алоҳида ўрин эгаллайди. У миллий стратегияларни 2030 йилга бориб саратон касаллигига чалинган болаларнинг яшовчанлик даражасини 60 фоизга етказишдек халқаро мақсадлар билан боғлаш орқали Ўзбекистоннинг глобал соғлиқни сақлаш сиёсатидаги ўрнини мустаҳкамлади", – дейилади рейтингда.

Зироат Мирзиёеванинг халқаро рейтингга киритилиши унинг юқумли бўлмаган касалликларга қарши курашни миллий ва глобал даражада кучайтиришга қўшган шахсий ҳиссасининг эътирофи, шу билан бирга, Янги Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигининг тасдиғидир.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади