Россияда мигрантлар учун патент нархи ошади
2027 йил 1 январдан Москвада хорижий фуқароларнинг меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун бериладиган патент нархи ошади.

Янги тартибга кўра, тўлов миқдори иш берувчининг мақомига қараб белгиланади.
Жумладан, ташкилотлар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар қўлида ишлайдиган мигрантлар учун патентнинг ойлик тўлови 11 минг рублга (тахминан 1,6 миллион сўм), жисмоний шахсларга хизмат кўрсатувчилар учун эса 15,6 минг рублга (қарийб 2,27 миллион сўм) етказилади.
Ҳозирда Москвада патентнинг ойлик қиймати 10 минг рублни ташкил этади. «Коммерсантъ» нашрининг хабар беришича, нархларнинг оширилиши минтақада мигрантлар кўп банд бўлган соҳаларда ўртача иш ҳақи миқдори ўсгани билан изоҳланган. Тегишли ўзгартиришлар 25 ноябрь куни Москва шаҳар думаси депутатлари томонидан қабул қилинган.
Патент нархи Россиянинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтарилади. Хусусан, Санкт-Петербург ва Свердловск вилоятида унинг ойлик тўлови 8 минг ва 9,5 минг рублдан 11 минг рублгача оширилади.
Забайкалье ўлкасида патент қиймати 17,2 минг рублдан 24,4 минг рублга, Приморье ўлкасида эса 17,2 минг рублга белгиланган.







