Ўзбекистонда ҳам Аризонадаги каби миллион йиллик "Тош ўрмон" бор
Дунёдаги ноёб табиий ҳодисалардан бири — Ўзбекистондаги Тош ўрмон Навоий вилояти Учқудуқ туманидан 130 км узоқликда, Мингбулоқ қишлоғи яқинида жойлашган. Бу ер археологик топилма, очиқ осмон остидаги палеонтологик музей ҳисобланади.
Дунёда тош ўрмонлар жуда кам учрайдиган ноёб ҳодиса бўлиб, уларнинг аксарияти миллион йиллик тарихга эга. Шунинг учун бундай жойлар нафақат табиий гўзаллиги, балки илмий жиҳатдан ҳам катта аҳамиятга эга эканлиги билан ажралиб туради. Ishonch.uz фото мухбири мазкур ўзгача музейдан фоторепортаж тайёрлади.
“Тош ўрмон”ни излаб саҳрога саёҳат
Тош ўрмонни излаб Навоий шаҳридан йўлга чиқдик. Икки томони текис чўлликдан иборат, кимсасиз, қоронғуда чўзилган соядай узун йўлни босиб ўтгач, тахминан 300 кмдан сўнг Қизилқум саҳросининг жавоҳири — Учқудуқ туманига етиб келдик. Биз излаган манзил Учқудуқ туманидан қарийб 130 километр узоқликда жойлашган бўлиб, Мингбулоқ қишлоғигача бўлган йўлнинг 100 километри асфальт, қолган 30 километри эса қум ва тош аралаш йўл бўлиб, у тош ўрмонга олиб боради. Оддий автомобиллар ёмғирли мавсумларда бу ердан ўта олмаслиги мумкин. Шу сабаб қишлоқдан махсус автоуловлар билан боришга тўғри келади. Агар ушбу муаммо бартараф этилса ва қулайликлар яратилса, бу сайёҳлар оқимини янада ошириши шубҳасиз.
Маълумот учун, Мингбулоқ пасттекислиги Ўзбекистоннинг энг паст релеф нуқтаси ҳисобланиб, у денгиз сатҳидан –12 метр чуқурликда жойлашган. Бу ҳам туристлар ташриф буюриши учун яна бир сабаб.
Тетис денгизи, динозаврлар ва тошга айланган ҳаёт излари
Илмий тахминларга кўра, тош ўрмон бундан 100 миллион йил аввал қадимий Тетис денгизи қирғоқларида ўсган улкан дарахтлар асосида вужудга келган. Ўша вақтда бу жой сув ва яшил ўрмонлар билан қопланган бўлган. Кейинчалик кучли геологик ўзгаришлар, вулқон фаолияти ва кимёвий реакциялар натижасида ўсимлик ҳамда ҳайвон қолдиқлари аста-секин минераллашиб, тош ҳолатига айланган.
Бошқа бир ривоятга кўра, минг йиллар аввал бу ерга метеорит қулаган. Кучли зарба натижасида денгиз сатҳи ўзгариб, атрофдаги ўрмонзорлар ва тирик мавжудотлар қуёш тиғи остида қуриб, вақт ўтиши билан тошга айланган. Бу ҳодиса Қизилқум саҳросининг геологик тарихидаги энг ғаройиб саҳифалардан бири ҳисобланади.
Олимлар айтишича, бугунги кунда Жирақудуқ атрофида сувда яшаган йиртқич балиқлар, қадимий қуруқлик жониворлари ҳамда динозаврларнинг тошга айланган суяклари, тишлари ва бош суяк қолдиқлари очиқ ҳолда, ер юзида сочилиб ётади. Уларни кўриш учун махсус қазиш ишлари шарт эмас — фақат тошларни ташиб кетиш ёки йўқ қилишга йўл қўймаслик зарур.
Агар музей тарғиботи йўлга қўйилиб, келувчилар учун барча қулайликлар яратилса, бу ҳудуд Ўзбекистон учун катта илмий ва иқтисодий манфаат олиб келиши шубҳасиз.
Эъзоза УМУРЗОҚОВА, “Ишонч”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0