Телефон ва интернет ишламайдиган қишлоқ
Ҳазрати Султон чўққиси этагида жойлашган Китоб туманидаги олис тоғли Шут қишлоғи тарихи Турон подшоси Афросиёб ёки Алп эр Тўнга, македониялик Искандар, Ҳазрати Султон ва Муқанна номлари билан боғланади. Тарихчиларнинг фикрича бу ерлар қадимда Суғд давлатининг асосий стратегик аҳамиятга эга ҳудудларидан бири бўлган. Қишлоқ Китоб туманининг энг олис аҳоли маскани ҳисобланади. Манзил туман марказидан 105 километр узоқликда жойлашган. Бу ерда мобил телефон ва интернет ишламайди.
Афросиёбдан Ҳазрати Султонгача
Бизга шу ерлик Қурбонқул Саломов ҳамроҳ бўлди. У 2013 йилда Самарқанд давлат университетини тамомлаган, қишлоқдаги биринчи олий маълумотга эга инсон. У она тили ва адабиётдан дарс беради.
Қурбонқул Саломовнинг қишлоқ кексаларидан ўтиб келаётган гап-сўзларга таяниб таъкидлашича, ҳудудда тахминан IX асрларда иккита бозор, ҳунармандчилик устахонаси бўлган. Айни пайтда устахонанинг қолдиқлари бор. Қишлоқда кўл бўлган ва одамлар қўшни Панжикент, Кеш ҳатто Самарқанддан келишиб, қайиқларда савдо қилишган.
Бу каби маълумотлар тилдан тилга ўз-ўзидан ўтиб келмайди. Биз ҳам Қурбонқул Саломовнинг гаплари қанчалик ҳақиқатга яқин эканини ўрганиш мақсадида тарихчи олим Аҳмад Чориевнинг “Ҳазрати Султон тарихи” китобини варақлаймиз. Китобда асосан Шаҳрисабз туманининг олис тоғли Кўл қишлоғининг тарихи ҳақида сўз боради. Бироқ унинг ичида Шут ҳақида ҳам маълумотларга дуч келдик. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Шут ва Кўл қишлоқлари бир-бирига ёнма-ён жойлашган ва у ерда ҳам Ғут ғори бор. Маҳаллий аҳоли уни Афросиёб ғори деб атайди. Кўлликларнинг тилида юрган қадимий ривоятга кўра ушбу ғор Афросиёб томонидан зиндон вазифасини ўташи учун инсонлар қўли билан бунёд этилган. Ғор оғзи катта ҳарсанг тош билан ёпилган. Ушбу тош ҳозиргача сақланади. Қишлоқ ўрни кўл бўлган. Қишлоқни Самарқанд билан боғлаб турувчи 70 чақиримли йўл ҳали ҳам мавжуд. У Шут ва Панжикент орқали ўтган. Отда бир кунлик масофани ташкил этган ушбу йўлнинг асосий қисми айни пайтда Тожикистон Республикаси ҳудудида қолгани учун қатнов тўхталиган. Олимнинг таъкидлашича, Китоб туманининг Шут, Аспидўхтар, Матмон, Шаҳрисабз туманининг Кўл ва Ғелон қишлоқлари Турон давлати учун аҳамиятга эга ҳудудлардан бўлган.
Қолаверса, македониялик Александр ҳам Туронзамин ҳудудларига бостириб киргани тарихдан маълум. У Китоб туманидаги Қаландартепада тўхтайди. Ҳазрати Султон чўққиси ўша пайтларда Тавба тоғи деб аталган ва Суғд давлатининг муқаддас қадамжоси бўлган. Искандарга таслим бўлишдан бош тортган Суғд подшоси ушбу чўққига қочиб чиққан ва “Агар аскарларинг учар бўлса, бизни забт этсин”, дея хитоб қилган. Бу хабарни олгач, македониялик Искандар бироз тин олиб қўшинларини икки қисмга бўлади. Бир қисми Ғелон дараси бўйлаб, бир қисми эса Паландара, сўнг Матмон орқали Шут қишлоғига боради ва тонгга яқин 300 нафар тажрибали аскарлари чўққини забт этади.
Китобда келтирилишича, Шут қишлоғида Холиқдод деб аталувчи жой бор. Ҳазрати Имом Ҳусайннинг бошини олиб қочган Ҳазрати Султон отанинг сўнгги жангги шу ерда бўлиб ўтган. У киши Тавба тоғига чиқиб кетган ва чўққининг тепасига Ҳазрати Имом Ҳусайннинг бошини дафн этган ва шу ерни маскан тутган. Шундан сўнг бу чўққи Ҳазрати Султон ота номи билан атала бошлаган. Айни пайтда Шут қишлоғида Ҳазрати Султон отанинг акаси Абу Дарда ҳамда Абу Зариф Ғаффорийларнинг қабрлари бор. Ушбу зиёратгоҳлар маҳаллий аҳоли томонидан ободонлаштирилган.
Тарихий қишлоқнинг бугуни
Тарихи қадимий бўлган бу қишлоқ аҳолиси кўп бора пастки ҳудудларга кўчиб ўтган. Қишлоқни табаррук билиб, кўчмай қолган икки-уч хонадон бир-бири билан қуда-анда бўлиши натижасида яна одам кўпая бошлаган. Сўнгги кўчиш ўтган асрнинг 50 йилларида рўй берган. Очарчилик, етишмовчилик аҳолини ризқ қидириб, гавжум жойладан бошпана излашга мажбур қилган.
Айни пайтда бу тоғлар орасида 50 га яқин хўжалик бор. Улар асосан деҳқончилик, боғдорчилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Шутнинг картошкаси ва олмаси анчайин машҳур ва харидоргир.
Шунингдек, аҳоли турли ҳунарлар билан шуғулланиб келади. Қишлоқда келин бўладиган қизнинг уйида аёллар йиғилиб, сарпо учун гилам тўқишни одат қилишган. Эркаклар орасида эса темирчи, ёғочсоз усталар бор.
Мутаилло Раҳматов 72 ёшда. У темирчилик билан шуғулланади.
– 50 йилдан бери шу ҳунар ортидан рўзғор тебратаман, – дейди темирчи бобо. – Шогирдлар ҳам чиқараяпмиз. Еримиз қирликлардан иборат бўлгани учун махсус техникаларда ишлов бериш қийин. Шунинг учун қўлбола қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига эҳтиёж юқори. Шу ерда омоч, капча, кетмон, белкураклар ясайман. Тақага ҳам талаб катта.
Қишлоқда ҳаёт бир маромда давом этмоқда. У ерда инсонлар ўртасидаги меҳр-оқибат, халқимизга хос азалий фазилатлар, турли урф-одатлар сақланиб қолган. Тоғ кайвонилари эса ҳудуднинг тарихи чуқур ўрганилиши, бу жойлар ҳам раҳбарларнинг эътиборига тушиб, замонавий инфратузилмалар йўлга қўйилиши, келажакда Шут сайёҳлар учун жозибали ва ҳайратланарли сўлим гўшага айланишидан умидвор.
Баҳодир ҲАЛИМОВ,
“Ishonch”




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0