+27C

+27C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Ўзга сайёраликлар ҳақида сирлар: улар ростдан мавжудми?

41 16:24 | 26.05.2026 16:24

Ўзга сайёраликлар, учар ликопчалар мавзуси атрофида доимо баҳслар бўлиб келган. Улар ҳақида ҳикоялар баъзан афсона ва фантастикага, ҳаттоки фитна назарияларига қоришиб кетган. Ўзга саёраликлар деганда кўз олдимизга ликопча шаклидаги учар жисмлар ва озғин, кўзлари катта-катта мавжудотлар пайдо бўлади. Яқинда АҚШ расмийлари президент Доналд Трамп ваъда қилган номаълум учар жисмлар материалларини нашр этишни бошлади: Пентагон ҳукумат веб-сайтида ўнлаб фотосуратлар, видеолар ва ҳужжатли маълумотлар пайдо бўлди.





Трамп илгари собиқ президент Барак Обаманинг ўзга сайёраликларнинг мавжудлиги ҳақидаги сўзларидан сўнг Пентагоннинг ердан ташқари ҳаёт ва НУЖлар ҳақидаги маълумотларини ошкор қилишга ваъда берган эди. 8 май куни АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан ишга туширилган War.gov/UPO порталига янги материаллар тўплами жойлаштирилди. Архивларда номаълум аномал ҳодисаларни кузатиш пайтида турли агентликлар томонидан тўпланган фотосуратлар, видеолар, матнли хабарлар ва гувоҳларнинг кўрсатмалари мавжуд. Хўш, ўзга сайёраликлар ростан мавжудми? Улар бўйича тарихда қандай тахмин-фаразлар, маълумотлар бор, инсоният қўлидаги маълумотлар буни тасдиқлай оладими деган саволлар туғилади.





Ўзбекистонда ҳам 90-йилларда “Фан ва турмуш” журналида бу мавзуга кенг ўрин берилар ва катта қизиқишга сабаб бўларди. Умуман ўтган асрда яхшигина ўзбек фантаст адабиёти шаклланганди, Рустам Обидов каби ижодкорлар мақолалари ўқувчилар томонидан доимо кутиларди. “Сўнгги аждарнинг ҳалокати”, “7-СЭР” каби китоблар ёзилди, “Абдуллажон” фильми катта машҳурликка эришди. Аммо реал ҳаётда ўзга сайёраликлар бўйича маълумотлар тасдиқланмаган, улар фақат асарлар ичида “яшар эдилар”, холос.



Халқаро терминологияда НУЖ “номаълум учувчи объект” деган маънони англатади. Мазкур қисқартма 1950-йилларда пайдо бўлган. Хусусан, НУЖ атамаси биринчи марта америкалик ёзувчи ва учувчи Доналд Кейхонинг “Космосдан учувчи ликопчалар” китобида учрайди. Асар 1953 йилда ёзилган.



Илмий жиҳатдан НУЖ “атмосферада ёки космосда визуал кузатиладиган ҳаракатланувчи ёки стационар объект (учувчи ёки учаётгандек кўринадиган) ёки шунга ўхшаш оптик ҳодиса бўлиб, маълум бир кузатувчи томонидан маълум табиий ёки сунъий объект (самолёт, ракета, сунъий йўлдош қолдиқлари, шар ва бошқалар) сифатида аниқланмаган”. НУЖларни - сирли шаклдаги ликопчаларни, ғалати чақнашларни ва осмондаги чироқларни ўрганадиган норасмий фан уфология деб аталади. Унинг издошлари вақти-вақти билан бизнинг сайёрамизга бегоналар ташриф буюришига ишонишади.





Дунёдаги биринчи НУЖ ҳалокати ҳақида гап кетганда, бу сана 1897 йил 17 апрел деб кўрсатилган. Айнан шу куни гувоҳлар томонидан сигарет шаклидаги деб таърифланган номаълум учувчи жисм Техасдаги шамол тегирмонига қулаган. Американинг The Dallas Morning News газетаси бу ғалати воқеа ҳақида сирли воқеадан икки кун ўтиб, 19 апрелда хабар берган. Мақолада ғалати учувчи жисмнинг учувчиси “инсониятдан эмаслиги” айтилган. Унинг қолдиқлари Техас қабристонидаги белгиланмаган қабрга кўмилган ва кеманинг катта қисмлари чуқур қудуққа ташланган.



1947 йил июл ойи бошида АҚШнинг Нью-Мексико штатида сирли ҳодиса рўй берди. Уильям исмли маҳаллий фермер тўсатдан ёрқин ёруғликни пайқаб, “металлга ўхшаш ғайриоддий парчалар” ва ерда “бир неча юз фут узунликдаги саёз ҳандақ”ни кўрди. Қулаган буюм Америка ҳарбийларини жуда қизиқтирди ва улар ғайриоддий топилмани маҳаллий авиабазага олиб кетишди.



Бу шов-шув тезда уйдирма тафсилотлар билан тўлиб кетди. Воқеаларнинг бир талқинига кўра, гўёки Ерга думалоқ металл кема қўнган ва ҳалокат жойида мусофирларнинг жасадлари бўлган. Қисқа вақт ўтгач, мусофир мавжудотларнинг ёзуви ҳам пайдо бўлди, аммо АҚШ ҳукумати буни сохта деб рад этди. Тан олиш керакки, маҳаллий ҳарбийларнинг буюмнинг келиб чиқиши ҳақидаги баёнотлари жуда зиддиятли ва номувофиқ бўлиб чиқди. 8 июл куни 8-ҳаво кучлари қўмондони бригада генерали Рожер Рамей радио орқали фермер хўжалигига ҳаво шари қулаганини эълон қилди: “Қолдиқлар ҳозирда менинг офисимда ва мен билганимча, унда ғайриоддий нарса йўқ. Радар сигналларини акс эттириш учун ишлатиладиган юлдуз шаклидаги алюминий фолга экранли қурилма фақат шамол тезлигига қараб уча олади”.



Бироқ, бир неча ўн йиллар ўтгач, ҳарбийларнинг воқеалар ҳақидаги версияси ўзгарди. 1994 йилда Пентагон баёнотига кўра, 1947 йил 2 июлда штатда ядровий синовларни аниқлаш учун мўлжалланган баландликдаги шар қулаган. Ҳарбийларнинг фикрига кўра, бундай қурилма баллистик ракеталарнинг учирилишини аниқлаш учун ишлатилиши мумкин. АҚШ разведка идоралари сирли авария билан боғлиқ барча материалларни дарҳол таснифлаганлиги сабабли, аслида нима бўлганлиги ҳақида фақат тахмин қилиш мумкин.



1970-йиллардан бери Техас қабристони расмийлари кўп йиллар олдин вафот этган учувчининг қабрини қазиб олиш бўйича бир нечта сўровларни олишган. Аммо барчаси рад этилган.



1954 йил 27 октябрда Флоренциядаги Артемио Франчи стадионида тахминан 10 000 футбол ишқибози тўпланди. Мухлислар машҳур “Фиорентина” ва уларнинг маҳаллий рақиблари “Пистойезе” ўртасидаги тўқнашувни ҳаяжон билан томоша қилишарди. Тўсатдан трибуналар сукунатга чўмди: минглаб мухлисларнинг диққати осмонга қаратилди. Ўйинчилар ўйинни тўхтатиб, майдонда қотиб қолган ҳолда бош бармоғини кўрсатишди. Гувоҳлар орасида машҳур италиялик футболчи Ардико Магнини ҳам бор эди. “Мен ҳамма нарсани эслайман”, деб эслади у кейинчалик Флоренция стадионида кўрганларини. “Бу улкан тухумга ўхшарди, у бизнинг бошимиз устида аста-секин сузиб юрар эди. Ҳамма юқорига қаради ва осмондан кумуш иплар тушаётган эди...”


Осмондан тушган “кумуш иплар” бир неча кун давомида дарахтлар ва томларда топилган. Инсон териси билан алоқа қилгандан сўнг, улар сирли равишда парчаланиб кетган. Маҳаллий олимлар футбол ишқибозлари ўргимчак ипларини кўрган деб тахмин қилишди. Бироқ, Флоренция университетининг Кимёвий таҳлил институтидаги ҳамкасблари бунга қўшилмадилар. Маълум бўлишича, толалар таркибида органик ўргимчак тўрларида учрамайдиган кремний, бор, магний ва калций каби элементлар мавжуд эди.



1965 йил декабр ойида АҚШда Пенсильвания штатининг Кексбург шаҳри яқинида улкан бегона жисм қўнди. Маҳаллий аҳолининг таъкидлашича, автомобил ўлчамидаги кеманинг фюзеляжида Миср иероглифларига ўхшаш сирли белгилар бор эди. Бироқ, гувоҳларнинг хабар беришича, улар НУЖни яқиндан кўра олмаганлар. Қуролли аскарларни ташийдиган бир нечта юк машиналари тезда воқеа жойига етиб келишди. Улар ҳудудни ўраб олишди ва маҳаллий аҳолини уйларига тарқатиб юборишди. Бироз вақт ўтгач, аскарлар машиналарни баъзи нарсаларни юклаб, кетишди. Бироқ, кейинчалик аскарлар сирли воқеа жойидан бирон бир далилни олиб кетганликларини рад этишди.



Қизиғи шундаки, эртаси куни эрталаб маҳаллий Greensburg Tribune-Review газетаси НУЖ қўниши ва қуролли одамларнинг ғайриоддий хатти-ҳаракатлари ҳақида мақола чоп этди. Бироқ, бир неча кундан сўнг, воқеа гувоҳларининг кўрсатмаларига қарамай, бу маълумот рад этилди.



Хулоса қилиб айтганда, ҳозирча бизда ўзга сайёралик онгли мавжудотлар борлиги ҳақида расмий ва инкор этиб бўлмайдиган илмий далил йўқ. Бироқ, олимларнинг фикрича, коинотнинг чексизлигини ҳисобга олсак, биз ёлғиз бўлмаслигимиз эҳтимоли жуда юқори. Коинотда миллиардлаб галактикалар, ҳар бир галактикада эса миллиардлаб юлдузлар бор. Кўплаб юлдузлар атрофида ҳаёт учун яроқли бўлиши мумкин бўлган (сув ва ҳарорат мос келадиган) Ерга ўхшовчи “экзосайёралар” топилган. Аммо уларда ҳаёт борлиги ҳеч қачон расмий исбот топмаган.



Балки келажакда илм-фаннинг янада равнақ топиши ва инсоннинг космик тадқиқотларида янгиликлар кузатилиши мумкин. Бунга неча йиллар кетишини фақат вақт кўрсатади.



Аброр Зоҳидов



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид