“Жосус” ускуналар
“Совуқ уруш” бошланиши даврида дунё махсус хизматлари зарур маълумотларни агентура ва сотқинлар кўмагида тўплаш билан бир қаторда, турли хил техник воситалардан ҳам кенг фойдаланишган. Масалан, ўтган асрнинг 50-йилларида Англия разведкаси техник жосуслик иши учун Австрияни танлайди.
Венада совет қўшинлари штаби қатор ҳарбий объектлар, аэродромлар ва бошқа стратегик идоралар билан алоқа қиладиган телефон кабелига уланишга қодир эди. Бу кабелларнинг бир қисми Англия ва Франциянинг босиб олинган ҳудудлари орқали тортиб келинган. Мутахассислар телефон суҳбатларини ёзиб олиш учун Британиянинг ҳарбий полиция биносини танлайдилар. Тахминан ўн қадам нарида Венадаги совет раҳбариятининг аэродромлар ва Австриянинг Швехат шаҳри билан боғланадиган телефон кабели ўтар эди.
Мазкур алоқа линиясига уланиш учун полиция биносининг подвалидан қисқа туннель — йўл кавлаб чиқилади ва унга суҳбатларни тинглайдиган жиҳоз ўрнатилади. Амалиёт шу даражада муваффақиятли бўладики, махсус хизматлар яна икки жиҳозни совет кабелларига жойлаштиришнинг уддасидан чиқадилар.
Иккинчи ана шундай ускуна бижутерия билан савдо қилувчи Англия фирмаси биносига ўрнатилади. Фирма фаолиятини махсус хизматлар молиялаштирар эди. Учинчи тингловчи жиҳоз Венанинг бой районларидан биридаги қимматбаҳо виллага ўрнатилади. Бу ерда ёш келин-куёвлар, аслида, Англия разведкасининг офицерлари истиқомат қилишарди.
Яна бир ускуна учун эса Лондондаги Бэйсуотер районида жойлашган совет консуллиги танланади. Консулхона ёнидаги бинони таъмирлаш баҳонасида МИ-5 ходимлари қурувчилар коржомасида деворни ўйиб, англияликлар унинг ичига микрофон ўрнатадилар.
Бу амалиёт яна анча давом этиши мумкин эди. Аммо 1951 йилда Сеулда ишлаб турган Англия разведкасининг резиденти Жорж Блейк совет махсус хизматларига ёлланади. У Лондонга қайтгач, Британия разведкасининг тингловчи техника аппаратлари билан операциялар ўтказадиган янги бўлимга бошлиқ ўринбосари этиб тайинланади. Бўлим ходимлари Европанинг қатор давлатларида совет дипломатлари ва ҳарбий хизматчиларининг телефон суҳбатларини эшитиб турар эдилар. Табиийки, Блейк бундан Москвани воқиф этади. Москва эса ҳарбий алоқалар тизимини такомиллаштиришга киришади...
Совет Иттифоқининг Вашингтондаги элчихонасига туннель қазиб чиқилади. Бу воқеа 1970-йилларнинг охири 80-йилларнинг бошида амалга оширилган бўлса-да, 2001 йилда ошкор бўлади. Туннелдан дипломатик ваколатхонадаги суҳбатларни тинглашда, у ерга келадиган ва у ердан чиқадиган маълумотларни тўплашда фойдаланилади.
Туннелга қўшни тураржой биноси орқали кириб-чиқиб турилган. Америкаликлар бу жойдан қарийб йигирма йил, яъни 1995 йилгача фойдаланишган. Кунларнинг бирида Марказий разведка бошқармаси ходимлари олинаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигидан шубҳаланиб қолишади...
Мазкур туннель 70-йилларда АҚШнинг Москвадаги элчихонасидан топиб олинган “тингловчи жиҳоз” учун қасос эди. Аввалига америкаликлар бинони тамоман бузиб ташлашмоқчи бўлишади, аммо 1991 йил охирида Давлат хавфсизлик қўмитаси расмий равишда Қўшма Штатларга тингловчи ускуналарнинг “схемаси”ни тақдим этгач, бу ишдан воз кечишади.
Вашингтондаги туннель сирини, АҚШ махсус хизматларининг тахминларига кўра, Совет Иттифоқи ва Россия фойдасига 15 йил жосуслик қилиб қўлга тушган Федерал қидирув бюроси ходими Роберт Ханссен фош этади…
Аброр ХОН
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0