Эльбрусни забт этган ўзбек йигитининг фожиали тақдири
Яқинда ижтимоий тармоқларда ўзбек йигитининг Эльбрус чўққисига чиқиб, ватанимиз байроғини илганини кўриб севингандим. Бироқ орадан бир неча кун ўтиб, альпинист йигитнинг вафот этганини эшитиб, кўпчилик қатори қайғуга тушдим. Орадан бироз фурсат ўтгач, марҳумнинг ота-онаси билан боғланиб, кўнгил сўрадим. Суҳбат давомида Зокир Алиев биттаю-битта ўғли Муҳаммад Яхё ҳақида гапириб берди:
Асли қўқонликмиз. 1990 йилдан буён Москвада яшайман. Аввал бир ўзим келганман, фарзандларим бироз улғайгач, уларни ҳам ёнимга чақирдим. Тўрт қиз ва битта ўғлим бор эди. Афсуски, суянган тоғим бизни 33 ёшида тарк этди…
Темирйўлчиман. Ўғлим ҳам менга ҳавас қилиб шу соҳани танлаганди. Москва метрополитенида ишларди.
Муҳаммад Яҳё болаликдан зийрак, қизиқувчан, техникага меҳр қўйганди. Ҳатто Қўқонда ўқиб юрган кезлари устага шогирд тушиб, магнитофон, телевизор тузатишни ўрганганди. Москвага келганимиздан сўнг, компьютер тузатишни ўрганди. Хуллас, битта йигит кишига қандай ҳунар керак бўлса, барчасини ўрганди.
Ўғлимга мотоциклларга қизиқиши ҳам мендан ўтган. Қўқондаги кенг кўчаларда “Ява” миниб юрардим. Ўғлим ҳам улғайгач, Москвадаги мусобақаларда иштирок эта бошлади.
Ўғлим жудаям киришувчан бўлмаса-да, инсонларга жудаям меҳрибон эди. Ҳеч кимнинг дилини оғритмасди. Тиришқоқ, меҳнаткаш, бировнинг ҳаққидан қўрқадиган, оилани қадрлайдиганлардан эди. Шу ерлик қизга кўнгил қўйганида қаршилик қилмадик. Келинимиз ислом динини қабул қилди. Ўғлим келиним билан икки қизни тарбиялаб, бахтли-саодатли яшашарди.
Унинг энг катта орзуси тоғ чўққиларига чиқиб, Ўзбекистон байроғини қадаш эди. У бир йил олдин Урал тоғларига чиққанди. Эльбрусга, ундан кейин Эверестгача боришни орзу қиларди.
“Сиз пенсияга чиқсангиз, онам билан Умрага юбораман” дерди. Эльбрусга кетадиган куни ҳам жуда хурсанд эди. Тайёргарлиги яхши бўлгани учун унинг чўққига чиқишига ишонардим, аммо аёлим, ўғлим қўйсанг-чи, тинчгина уйда ўтир, дерди.
Ўғлимнинг шижоатини кўриб, унга оқ фотиҳа бериб, сафарга кузатдик.
Чўққига чиқиш босқичларида мен билан тинимсиз боғланиб турди. Ҳар бир тепаликни забт этганида, ўғлимнинг орзуси ушалаётганидан хурсанд бўлардим. Ва ниҳоят, минг заҳматлар билан Эльбрусга чиқиб, ўзи орзу қилганидек ватанимиз байроғини қадади. Суратни кўргач, оиламиз билан хурсандчиликдан йиғладик. Альпинистлик жудаям машаққатли, ҳар бир босқич аҳамиятли.
“Дада, мен ердаман, жамоамиз билан пастга тушдик” деганидан сўнг, кўнглим хотиржам бўлди. Афсуски, ўғлим Волгограддан уйга қайтаётганда мотоциклда аварияга учраган. Бу хабарни эшитганимда, осмон гўёки устимга қулагандек бўлди…
Сўнгги манзилга кузатиш учун ўғлимни Қўқонга олиб келдик.
Аёлимнинг дардни енгиши қийин бўлмоқда. Соғинч ва армондан кўзлари киртайган икки набирамни юпатишга сўз тополмайман.
Яқинда туғилган куним эди. Ўша куни келиним «Ўғлингизнинг сизга совғаси бор» деса, эсим оғиб қолай деди. Ўғлим насиб бўлса, “Мерс” машина олиб бераман деганди. Қарангки, вафотидан олдин машина олиб, устини ёпиб қўйган экан. Қанийди, энди шу машинани ўз қўлларинг билан берсайдинг, деб ҳўнг-ҳўнг йиғладим. Дардни ўлчаб бўлмайди, фарзанд доғидан оғир дард бўлмаса керак бу дунёда…
Феруза Раҳимова ёзиб олди




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0