Бозорда гўшт 65 минг сўм: шу нархга ишонса бўладими?
Нарх-наво ўзгариши ҳақида гапирилса, одатга айланиб кетган жумла бор: фалон йили гўштнинг килоси қанча эди? Гўшт шундай маҳсулотки, бутун бир даврдаги иқтисодий ҳолат ҳақида унинг нархидан келиб чиқиб тасаввурлар яратилади. Бозорда гўштнинг нархи одамларнинг кайфиятигача таъсир қилади. Ҳатто тегишли идоралар ҳам унинг қийматига алоҳида эътибор беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган маълумотларга кўра, Тошкентдаги Эски Жўва бозорида мол гўштининг бир килограмми 65 минг сўмдан бошланаркан. Янаям қизиғи, келтирилган жадвалда энг қиммат гўшт нархи 98 минг сўм этиб кўрсатилган. Қўй гўштида бу кўрсаткич 100 мингни ташкил этади. Бизда қайсидир маҳсулот нархи кўтарилса, қайтиб тушганини деярли кўрмаймиз, аммо бу гўшт билан бир неча марта содир бўлган.
Аммо гўшт нархининг мажбуран туширилиши жамиятга, иқтисодиётга фойдадан кўра зарар келтиради. Айниқса бу маълумотни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги каби ташкилот қайд этса бу жиддий сигналдир. Вазирлик йирик ҳукумат ташкилоти бўлатуриб, бозорлардаги реал нархлардан анча паст кўрсаткичларни келтиргани ҳайратланарли. Бундай рақамларни фақат Иқтисодиёт вазирлиги келтирган эмас. 2025 йил август ойида Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт бозорлари расталарида арзонлаштирилган гўшт маҳсулотлари ҳақида маълумот берган. Унда маҳаллий мол гўшти 85 минг сўмни, қўй гўшти эса 90 минг сўм (!)ни ташкил этиши айтилган. Шундай бўлса ҳам, асосий нархлар пасайиб кетгани кузатилмади. Ёки бозорларда фақатгина расмийлар кўзи учунгина чекланган нархлар асосида гўшт сотилмоқдами? Зиддиятли рақамлар кетидан саволлар қуйилиб келаверади...
Вазиятни ўз кўзимиз билан кўриш мақсадида бир қанча бозор ва супермаркетларда гўшт нархларини кўздан кечирдик. Масалан, биргина Тошкент вилоятининг қатор туманларида деҳқон бозорида мол гўшти 130 минг сўмдан сотилмоқда. Қўй гўшти 150 минг сўм, қази (от гўшти) эса 200 мингдан 250 минг сўмгача. Республикамиз бўйича эса бугун мол гўштининг реал ўртача қиймати 130-140 минг сўмни ташкил этади. Лаҳм гўштнинг нархи эса бундан ҳам юқорироқ. Қўй гўштининг нархи эса 150-160 минг сўмни ташкил этади. Етакчи супермаркетларда гўшт 100-160 минг сўмдан сотиляпти.

Хўш, гўшт нархини сунъий тушириш ва уни оммага эълон қилиш бизга неча пулга тушади?
Биринчидан, арзон гўшт сифатли ва рақобатбардош бўлмайди. Қассоблар унга кўп суяк ва ёғ қўшишга мажбур бўлади. Чунки, юқоридан “қатъий нарх” ҳақида буйруқ олгач, вазиятни бошқа йўллар билан ўнглаш лозим. Арзонга сифатсиз ва ёмон гўшт олган харидор яна қайтиб шу маҳсулотни харид қилади деб ким кафолат беради? У бошқа жойдан қимматроқ бўлсада, сифатли ва ўзига маъқул маҳсулотни харид қилади. Шу ернинг ўзидаёқ “арзон гўшт жараёни” муваффақиятсиз экани аён бўлади.
Иккинчидан, бизда маҳаллий гўштни одатда оддий деҳқонлар етиштиради. Бугун экологик вазият таранглашиб, қурғоқчилик кучаймоқда, сув, яйлов, емиш масалалари аввалгидек эмас. Аввалгидек, дала-даштларга мол ёки қўй боқиб юриш камаймоқда, чунки ҳудудлардаги ўтлоқлар, яйловлар талабга жавоб бермай қўйган. Кўпчилик бозордан ем-хашак сотиб олиб, жонлиқни боқишга мажбур. Яъни, гўшт етиштиришнинг ўзиёқ катта харажатга айланмоқда. Бундан ташқари бу йил айрим ҳудудларда қорамолларда касаллик тарқалиши кузатилди. Мазкур омил ҳам чорвачиликка анчагина синов бўлди. Чорва ҳайвонларини етиштириш шундай қийин бўлиб турган вазиятда, гўшт нархи қандай қилиб арзон бўлиши мумкин, деган савол туғилади. Сунъий нархлар жорий этилса, бир-икки сўм илинжидаги фуқаро ҳам қорамол боқиш фикридан воз кечади ва бу яна иқтисодиётга юк бўлиб тушади.
Учинчидан, бизда одамлар гўшт нархидан доимо бохабар бўлиб туради. Арзон маҳсулот кишиларда турли-шубҳа гумонлар туғдиради (қорамолнинг соғлиғи, ёши ва ҳоказо омиллар). Аҳоли даромадлари ва турмуш сифати ошиб бораётган даврда кўпчилик юқори сифатли маҳсулотни танлаши табиий.
Шу ўринда бир омилни кўздан қочирмаслик керак. Бизда асосан маҳаллий тарзда етиштирилган гўштга талаб жуда катта. Жорий йил гўшт расталарида Мўғулистон, Ҳиндистон ва Беларусдан келтирилган музлатилган ва ҳамёнбоп гўштлар кўпайди. Ҳозирда ҳатто бир кило маҳаллий гўшт баҳосига деярли икки кило музлатилган эт олиш мумкин. Аммо қассобларга кўра, одамлар барибир маҳаллий гўштларга эътиборини кўпроқ қаратмоқда. Бизнинг кузатувларимизга кўра ҳам музатилган гўштларнинг кириб келиши маҳаллий маҳсулотларнинг қийматини синдира олмади. Аслида музлатилган гўштлар ҳам ечим эмасдек кўринади. Чунки Беларус, Мўғулистон олис мамлакатлар саналади, ўртада минглаб километр масофа бор. Авиация ёки темирйўл орқали юк ташилганда бу анчагина маблағни талаб қилади. Яна логистика ва бошқа харажатлар ҳам бор. Яъни, музлатилган 60-70 минг сўмлик гўштни келтириш ҳам давлатга осон тушмаслиги аниқ...
Ўзбекистонда энг кўп гўшт етиштириладиган вилоят бўлмиш Қашқадарёда истиқомат қиладиган қассоб Элбек Муҳаммадиев билан суҳбатлашдик. Унинг айтишича, бозорларда музлатилган гўшт ва нархи арзонлаштирилган маҳсулотлар ҳам сероб. Аммо халқ барибир одатий ва маҳаллий ҳисобланган гўштни харид қилмоқда. “Қишлоғимизда одамлар маҳаллий шароитда етиштирган қорамолларни сўйиб тарқатаман. Ишонсангиз, 300 килограммлик ҳўкизлар 3-4 соатда тарқатилади. Талаб катталиги биринчи омил. Иккинчидан, аҳоли гўштга алоҳида масала сифатида қарайди. Унинг келиб чиқиши ва ҳолатига катта эътибор берилади. Ишончли ва яхши маҳсулотни қимматроқ бўлса ҳам олишяпти”, одамлар дейди у. Қассобнинг қўшимча қилишича, вилоятда мол гўштининг ўртача қиймати 130 минг сўмни ташкил қилади. Йил бошида эса бу кўрсаткич 110 минг сўм бўлган. Демак, ишончли тарзда қимматлашда давом этмоқда. Унинг нархига таъсир кўрсатиш, арзон нархларни мажбуран осиб, очко йиғиш салбий оқибатларни келтириб чиқариши мумкин.
Гўшт бўйича муносабат худди бошқа маҳсулотлар каби бўлиши керак. Масалан, бу йил ҳудудларда узум нархининг қимматлашгани кузатилди. Масалан, 2024 йилда ўртача 5 мингдан сотилган тойпи нави бу йил 9-10 минг сўмдан пулланган. Бунга етиштирилган маҳсулот ҳажмининг камроқ экани сабаб қилиб келтирилган. Гўшт нархи ҳам мана шундай эркин бўлиши керак. Нархларга аралашиш нотўғри иқтисодий сиёсат эканини жаҳон тажрибаси исботлаб бўлган.
Аргентина давлатини олайлик. Бир пайтлар Аргентина жаҳоннинг ривожланиб бораётган давлатларидан бири эди. Аммо нотўғри иқтисодиёт сиёсат туфайли мамлакат асримизнинг ўзидаёқ иккита катта инқирозни бошдан кечирди. Ҳукумат ишчиларга пул тўлаш учун ортиқса маблағ чоп этди, нархларни тушириш орқали халққа ёқишга уринилди. Сўнгги пайтларда Аргентинада гўшт нархининг кескин ошиши кузатилмоқда. Аргентина сифатли гўшт етиштириш бўйича жаҳонга машҳур. Аммо гўштнинг катта қисми Хитойга пулланмоқда. Таклифнинг камлиги ва Хитой омили гўшт нархининг ошиши ва аҳоли харид қобилиятининг пасайиб кетишига олиб келди.
Ўзбекистонд ҳам гўшт қимматлашиб бораётган маҳсулот саналади. Марказий банк маълумотларига кўра, гўшт сўнгги бир йил ичида нархлари энг кўп ошган маҳсулотлар қаторига кирди. Қўй гўшти 32 фоизга, мол гўшти 30,5 фоизга қимматлашган. Шу билан бирга, озиқ-овқат саватидаги маҳсулотларнинг 80 фоизи 10фоиздан камроққа қимматлашди.
Хўш, биз муаммога қандай ечим таклиф қилишимиз мумкин?
Энг аввало, ўз хонадонида машаққат билан мол-қўй етиштираётган аҳолига енгилликдан яратилиши керак. Уларнинг гўшт тайёрлашга бўлган хизматлари рағбатлантирилиши лозим. Турли тадбирларга-да сарфланаётган миллиардларни уларга фоизсиз ёки имтиёзли давр билан кредит қилиб бериш, биржа орқали қулай нархларда ем сотиб олиш имкониятини яратиш шулар жумласидандир. Ҳокимликлар йирик чорвадорларга яйлов топишда кўмаклашиши, бўш ётган ерларни тақдим этиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Ўзгаришларни танасида ҳис этган чорвадор енг шимариб ишга киришии аниқ.
Кўпчиликка гўшт нархи қиммат бўлиши табиий, деган муждамиз ёқмаслиги табиий. Албатта, биз ҳам гўшт арзон ва барча учун сотиб олиш қулай бўлиши истаймиз. Аммо фақат нарх тушириш билан иш битмайди. Ҳамёнбоп маҳсулот кимнингдир зарари ҳисобига яратилмаслиги керак.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0