Истанбулда Алишер Навоий қўлёзмалари кўргазмаси очилди
Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Сулаймония қўлёзмалар кутубхонасида "Алишер Навоий куллиёти " кўргазмаси очилди. Бу ҳақда Туркиянинг “Анадолу” ахборот агентлиги хабар берди.
Алишер Навоий вафотининг 524 йиллиги муносабати билан Туркия Қўлёзмалар Жамияти (ТЕК) томонидан ташкил этилган ушбу кўргазма Сулаймония қўлёзмалар кутубхонасида ўз ишини бошлади.
Кўргазманинг очилишида сўзга чиққан Туркия қўлёзмалар бошқармаси раиси, доктор Жошкун Йилмаз ушбу муассасада турли мавзуларда шу каби кўргазмалар ташкил этиб борилиши, бу дастурлар тарихий меросни асраш ва тарғиб қилишда катта аҳамият касб этишини таъкидлади.
"Бугунги кунда глобаллашув шароитида жаҳондаги кўплаб йирик давлатлар ўз мероси, урф-одатларини сақлаб қолишга катта эътибор қаратмоқда. Туркий халқлар ҳам қадимдан чуқур сиёсий ва илмий анъанага эга бўлиб келган. Навоий, шубҳасиз, туркий дунёнинг, тарихий анъаналаримизнинг энг муҳим сиймоларидан биридир", деди Жошкун Йилмаз.
Тадбирда туркиялик таниқли шарқшунос олимлар - Гунай Кут, Ўмер Динчер, Мустафо Качалин ва бошқалар Навоий ижодининг туркий адабиётдаги ўрни тенгсиз эканини таъкидлади.
Навоий ижодиёти билан шаклланган адабиёт тарихига ойдинлик киритиш, унинг тил ва адабиётга бетакрор таъсирини англаш мақсадида тайёрланган кўргазмани 17 январга қадар томоша қилиш мумкин.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0