Таҳрирланган қиёфа ва таҳқирланган қалб оғриғи
Тараққиёт шиддати барча соҳаларни қамраб олиб, инсонлар қиёфасида ҳам ўз аксини кўрсатмоқда. Айни жараён гўзаллик саноати ривожига туртки бераётир. Буни ижтимоий тармоқлар орқали, қолаверса, ҳаётимизда ҳам яққол кўриб турибмиз. Бугун аёллар гўзаллиги табиийликда эмас, таҳрирланган қиёфалар, фотошоп суратларда изланмоқда.
Афсуски, сохта гўзалликка интилишнинг охири қимматга тушмоқда. Мана бир мисол. Бир аввал Шаҳзода исмли танишим ижтимоий тармоқларда тарқалган рекламага қизиқиб, қиёфасига ўзгартириш киритган эди. Аввалига у лабини катталаштирди, кейин яноқларини кўтартирди. Афсуски, бу ўзгартириш унга қимматга тушди. Юзларига турли тошмалар тошиб кетди. Шифокорга учрашганида, бу юзига нотўғри қуйилган турли хил филлерларнинг реакцияси сабабли эканини айтган. Шундан сўнг у ўша косметологга бориб, хизматидан арз қилди. Аммо улар буни тан олмади. Орада қанча тортишув ва дилхираликлардан сўнг, у бошқа шифокорга бориб, муолажа олди. Ҳозир унинг юзларида асорат яққол кўриниб турибди.
Маълумотларга кўра, лаб соҳасига филлер ишлатилса, юздаги ажинларни йўқотиш учун ботоксдан фойдаланилади. Филлер микроминерал, витаминлар, гиалурон кислотасидан иборат. Ботокс таркибида токсин моддаси бўлган, шўр сув (физраствор) билан қўшиб ишлатиладиган кукун ҳисобланади. Ботокс ажинларни “ёйиш”, мушакларни вақтинча қотириб қўйиш учун ишлатилади. Юзига нотўғри қўйилган филлер ёки ботокс асоратлари орасида аллергик реакция, йиринглаш, ҳатто, доимий шикастланишларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳа, шундай. ижтимоий тармоқларда фаолият юритаётган кўплаб “косметолог”лар етарли билим ва малакага эга эмас. Улардан баъзилари фақат 2-3 кунлик курсда қатнашган, холос. Энг ачинарлиси, бу каби гўзаллик масканларида хавфсизлик қоидаларига тўлиқ амал қилинмайди.
Аммо шунга қарамай, уларнинг мижозлари нега кўпайиб бормоқда?
Бу саволга жавобни ҳам айнан ижтимоий тармоқлардан изладик. Ва топдик. Ижтиомий тармоқларда берилаётган турли рекламалар аёллар (ва эркаклар) онгига “идеал” қиёфани сингдирмоқда. Бу эса кўпчиликни ўзидан норози бўлишга, турли хаёлларга берилишига ва охир-оқибат танасига аралашишга олиб келмоқда.
Ботокс, филлер каби сунъий воситалардан фойдаланишга қарор қилишдан олдин, уларнинг саломатликка салбий таъсири ва узоқ муддатли оқибатлари ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак.
Гўзаллик аслида инсоннинг ташқи кўринишида эмас, балки қалбидадир. Қалбдаги поклик, самимийлик ва ички ишонч инсонни чинакамига жозибали этади, халқона айтганда, унинг юзига нур бағишлайди.
Шундай экан, биз чинакам гўзалликни англашни ва тан олишни ўрганишимиз керак.
Ҳулкар ЭСЕНБЕКОВА,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
Халқаро журналистика факультети талабаси
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0