Оила ичидаги сиёсат: қайнона-келин муносабати қайси тузум мероси?
Бугун қайси телеканални томоша қилманг, қайнона-келин можаросига кўзингиз тушади. Экранда бир ҳил манзара: келин кўз ёш тўкиб туради, қайнона эса овозини баланд қилиб, уни тарбиялайди.
Сўнгги йилларда ўзбек теленовеллаларининг асосий ссенарийларидан бири айнан шу бўлиб қолди десак янглишмаймиз: яъни қайнона-келин жанжали киночиларнимизнинг илҳом манбаига айланган. Бундай тасвирлар нафақат экранда, балки ҳаётнинг ўзида ҳам такрорланмоқда. Аммо савол туғилади: Хўш, бу жараён яна қачонгача давом этади? Ўзи қайнона- келин можароси оддий маиший низоми ёки жамият онгида чуқур илдиз отган бирор тизимнинг меросими? Ушбу мақолада шу саволларга жавоб излашга уриниб кўрамиз.
Совет идиологияси таъсири
Маълумки, совет даврида аёлга икки муҳим вазифа юкланган: ишчи ва она бўлиш. Бир вақтнинг ўзида аёл ишлаб чиқаришда фаол, меҳнаткаш бўлиши керак бўлса, шу билан бирга, уйда саранжом-саришта бека сифатида ҳам гавдаланиши зарур эди. Қайнона эса ана шу идеалнинг “қўриқчиси” сифатида кўрсатилди. Қайнона образи совет даврида келинни нафақат танқид қилувчи, балки назорат қилувчи шахс сифатида намоён бўлди. Чунки совет давлати учун оила ичида ҳам битта назоратчига зарурат бор эди. Шу сабаб қайнона-келин муносабати аслида, уй ичида шаклланган сиёсий тузум, чуқур илдиз отган ижтимоий назорат тизими сифатида майдонга чиққан бўлса ажабмас....
Масаланинг яна бир қирраси шуки, тарихий менталитетимиз ҳам ушбу жараёнда рол ўйнайди. Ундан аввалги ўтмишимизда ҳам эҳтимол қайнона қудратли аёл эди, чунки у ўғлини “тарбиялаган”, келин танлаш ва янги келинни “тарбия қилиш” ҳуқуқига эга шахс эди. Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романида асар марказида турган қайнона образи – Ўзбек ойим бунга яққол мисол бўла олади. Биламизки, асарда икки ёшнинг муҳаббати бахтсиз якун топишига қайсидир маънода Ўзбек ойимнинг оиладаги қудратли роли ва хоҳиш-истаклари сабаб бўлиб қолган. Советлар даврида эса ушбу шарқона анъанага “интизом” ва “ахлоқий тарбия” сифатида тус берилди. Яъни, қайнона оиладаги мафкуравий “қўриқчи” ва назоратчига айлангандай.
Кинодаги қайнона: ҳукмдор ёки золим?
Ўтган асрда суратга олинган кўплаб ўзбек филмларда, бадиий адабиётларда айнан шу мафкуравий қолип сюжетга пухта сингдирилганини кўриш мумкин.
Масалан, “Келинлар қўзғолони” филмида қайнонанинг оилада келинлар устидан мутлақ ҳукмронлиги ижобий ҳолат сифатида кўрсатилган. Ёки “Суюнчи” филмини олайлик. Бош рол эгаси бўлган Анзират буви нафақат оила, балки, бутун қишлоқ устидан назоратчи сифатида тасвирланди. Тан олиш керакки, режиссиёр, актёрлар ва ссенарист маҳорати сабаб алалоқибат Анзират буви миллионлар қалбида муҳаббат уйғотди. Шунингдек, ўзбек томошабинига яхши таниш бўлган, ўтган асрда саҳналаштирилган озарбайжон санъатидаги машҳур “Қайнона” спектаклида ҳам қайнона шафқатсиз ва назоратчи бир шахс сифатида тасвирланган.
Лекин аслида ўтмишда ва бугун барча қайноналар ҳам филм ва адабиётларимизда тасвирлангандай золим эмас. Яхши қайноналар бисёр.
Масалан, биламизки, қаттиққўл қайнона образини адабиётга олиб кириб, ўша машҳур «Келинлар қўзғалони» спектакилини ёзган ёзувчи Саид Аҳмад бир вақтлар қамоққа тушиб қолган. Ўшанда унинг рафиқаси Саида Зунунова ўз онасига эмас, айнан Саид Аҳмаднинг онасига, яъни қайнонасига суянган. Саид Аҳмаднинг онаси унга оғир кунларда кўмакдош, маънавий таянчга айланган. Саида Зунунова ўз кундаликларида шу туйғуларни бот-бот тилга олади: қайнонаси билан фақат Саид Аҳмад ҳақида қайғурган. Ушбу реал ўтмишда бир-бирига таянган икки аёл образи бор. Бироқ совет адабиёти қайнона образини қора бўёқларга чаплаганди...
Бугун совет даври тугаган бўлса ҳам адабиёт, санъат ва киноларимиздаги золим қайнона образи ўзгармай қолмоқда ва бу ижтимоий ҳаётга ҳам таъсир ўтказмаяпти, дея олмаймиз. Бугунги ўзбек сериалларида ҳам қайнона катта тажрибага эга, лекин қаттиққўл марказ сифатида гавдаланяпти. Келин эса доим ҳафа ва норози, оилада барчага итоат қилишга мажбур шахс бўлиб гавдалантириляпти.
Экран орқали шаклланган бу тасаввур жамиятнинг кайфиятини шакллантиради. Сериалларимизнинг бугун талқин қилишича, “Қайнона доим ҳақ, келин эса ҳақми ё ноҳақми ҳамиша ўзини тузатишга мажбур одам”. Маънавиятчиларимиз ўйлайдики, шу билан гўёки қайнона-келин муносабатлари, аҳлоқ тамойиллари эпақайига келадигандай...
Аммо бугун замон ва қарашлар ўзгарди, совет даври қулаганига 70 йилдан ошди. Жамиятга янги авлод кириб келди. Улар замонавий дунё билан узвий боғланган. Шундай бир пайтда жамиятни бошқаришнинг мазкур эски услуби аксинча оилада зиддиятларнинг ошиб кетишига сабаб бўлаётган бўлиши мумкинми?
Қотиб қолган онг
Мустақилликдан кейин аёлларнинг ҳуқуқлари кенгайди. Таълим, иш, тадбиркорлик, раҳбарлик ҳатто сиёсатда аёллар кўпая бошлади. Аммо уйда-чи? Уй ичида қайнона ҳали ҳам кўп ҳолларда назоратчи, келин эса “тарбияланувчи” сифатида қолмоқда. Айниқса, қишлоқ ва кичик шаҳарларда бу динамика янада кучлироқ сақланиб турибди. Яъни жамият томонидан “яхши келин” тушунчаси ҳали ҳам: жимлик, тобелик, хизмат ва “қайнонадан норози бўлмаслик” билан чамбарчас боғланган.
Фикрлаш ўзгариши керак
Ушбу тарихий қолипни бузиш учун қонуний чоралар етарли эмасдай. Бу жараёнга аслида санъат ва адабиёт томонидан ёндашувлар керак. Кино санъати, кўрсатув ва шоулардаги қайнона-келин образлари қайта кўриб чиқилишига зарурат бор. Медиада қайнона-келин муносабатида самимий меҳр, ўзаро ҳурмат, бир-бирини шахс сифатида тан олиш каби янги муносабатлар тасвирланиши зарур.
Шуни тушуниш керакки, қайнона-келиннинг бугунги чигал муносабати кеча ё бугун пайдо бўлган муаммо эмас, бу роллар балки юз йиллар давомида онгимизга ёзилган десак, муболаға бўлмайди. Тарихий анъаналар, совет мафкураси ва ҳозирги киноларимиз эса ушбу зиддиятли тизимни янада кучайтиришга хизмат қилмаяптими? Аммо ҳар бир авлод ўтмишнинг қайси босқичи билан яшашни ўзи танлаши зарур. Агар буни танламас эканмиз, ушбу ссенарий яъни тарих яна ва яна такрорланаверади. Энди эса Оила ва хотин қизлар қўмитасига, мафкурачию, маънавиятчилар, киночию, сиёсатчиларга савол: бу ролларни қайта ёзиш пайти келмадими? Ёки оила ичидаги зиддиятларни яна бир неча асрларга давом эттириш йўлида давом этамизми?
Мафтуна КАРИМОВА
Ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0