Тиббиётчига махсус кийим берилиши учун суд бўлиши шартми?
Тошкент вилоятининг Паркент тумани тиббиёт бирлашмасида ўтказилган жамоатчилик назорати жараёнида қарийб 1 ярим минг нафар тиббиётчилар махсус кийим-бош билан таъминланмаганлиги аниқланди. Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Тошкент вилояти техник инспектори томонидан кўрсатма хати киритилди. Бироқ, иш берувчи талабларни бажармади. Оқибатда иш Фуқаролик ишлари бўйича судга оширилиб, суд қарорига кўра, жами 1431 нафар тиббиётчиларга махсус кийим-бош берилиши мажбурияти юклатилди.
Ҳудди шу каби ҳолат СЭО ва ЖС бошқармаси Паркент тумани бўлимида ҳам кузатилди. Яъни, муассасадаги 60 нафарга яқин ходимлар махсус кийимлар билан таъминланмаган. Иш берувчига ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича меҳнат-техник инспектори томонидан кўрсатма хати киритилганидан сўнг, бўлимнинг 40 нафар ходими иш берувчи маблағлари ҳисобидан махсус кийимлар билан таъминланди.
Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий амалий тиббиёт марказининг наркология хизмати бўйича Тошкент вилояти филиалида ҳам меъёрларнинг бузилиши аниқланган. Кўрсатма хати таъсирида мазкур муассасада ҳам муаммо ўз ижобий ечимини топишига эришилди.
Махсус кийим тиббиётчи билан бирга, атрофидаги беморлар учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан, тиббиёт ходимини махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминлашда суд аралашувигача етиб бориш ортиқча сарсонгарчиликдан бошқа нарса эмас.
Жўрабек Исломбеков,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси
Тошкент вилояти техник инспектори.



Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0