“Эврилиш” – суваракка айланиб қолган йигит ҳикояси
Инсониятга қандай хулоса беради?
Тасаввур қилинг, эрта тонг суварак ҳолида уйғондингиз дейлик. Хўш, бу вазиятда нима қилган бўлардингиз? Яқинларингизнинг сизга муносабати қандай бўларкан-а, қизиқ?
Шубҳасиз, бу ҳолни тасаввур қилиш нари турсин, ўйлаб кўриш ҳам даҳшатли. Бироқ “Эврилиш” ҳикоясининг бош қаҳрамони Григор Замза ҳаётида айнан шу ҳолат юз беради. Ҳашаротга айланиш, аслида, бир мажоз. Инсон чиқитга чиқиши учун ҳашортга айланиб қолиши шартмас. Шунчаки ҳеч кимга фойдаси тегмай қолишининг ўзи кифоя. Афсуски, буни инкор қилишимиз имконсиз.
Жаҳон адабиётининг етук вакилларидан бири бўлган Франц Кафка номи барчамизга таниш. Келинг, Кафка ижоди ҳақида гапиришдан олдин, аввал, унинг шахсияти билан яқинроқ танишсак.
Франц Кафка — жисмонан нимжон, руҳан ожиз, ўзининг оғриқларини илоҳий даражага олиб чиққан инсон. Шулар таъсирида бўлса керак адабиётга ошно қалб эгаси эди. Ҳеч бир оламда санъат ва тижорат бир-бири билан чиқиша олмаганидек, Кафка шахсиятида ҳам бу икки нарса ўзаро курашда бўлган. Натижада, адибнинг ўзлиги, ижодкорлиги ғолиб келган. Бу эса ишбилармон ота ва хаёлпараст ўғил ўртасида зиддиятли вазиятларни вужудга келтирган.
Унинг шахсияти ҳақида фикр юритар экансиз, бирдан унда ўз шахсиятингизда бор унсурларни ҳам кўришингиз аниқ. Ҳар биримизнинг ич-ичимизда бир Кафка бор. Руҳан мўрт, дардларимизни доимий улуғвор сановчи Кафкадек бир ички овоз мудраб ётади. Лекин нимага биз ёки бошқалар тўлақонли Кафкадек бўлолмаймиз? Сабаби оддий, ҳеч ким ўз дардини, руҳий вазиятини Франц Кафкадек тасвирлай олмайди, унинг дардларини ҳис қилолмайди.
Айнан шундай оғриқли тасвирларини Кафка "Эврилиш" ҳикояси орқали санъат даражасига олиб чиққан. “Эврилиш” – фожиавий ёлғизлик, энг яқин инсонлар муносабатларининг мудҳиш, оғриқли хотима топганлиги ҳақидаги аламли қиссадир. Отаси билан боғлиқ можаролар ва уларнинг ўзига қанчалар таъсир қилганини Грегор Замза мисолида очиқ ойдин тасвирлаб беради.
Замзани нима Кафкадек узлат домига тортиб кетган эди? Бош қаҳрамон Григор Замза бир куни тонгда уйғонгач, ўзининг метин зирҳли, кўплаб ингичка оёқчали, бесўнақай махлуққа айланиб қолганини кўради. Аянчлиси шундаки, оила-аъзоларининг ҳеч бири бу эврилишдан ажабланмайди. Ҳашарот кўринишида бўлса-да, Замзанинг шахсий фазилатлари, ҳис-туйғулари ҳануз инсонийлигича қолган эди. Аммо руҳий ёлғизлик уни қора туйнук мисоли ўз домига тортиб кетади. Ўз яқинларининг чидаб бўлмас муносабатлари натижасида, инсоний муносабатларга лойиқ кўрилмаган ҳашарот кўринишидаги Замза нобуд бўлади. Ҳашарот одамнинг ўлимидан кейингина оила-аъзолари енгил тортади.
“Эврилиш” – уйғонилмайдиган қўрқинчли туш. Чуқурроқ ёндашадиган бўлсак, Замза мисоли орқали гўё ёзувчи отасига: "Агар сиз ҳам мени инсоний муносабатларга лойиқ кўрмасликда давом этсангиз, мен ҳам шу тариқа ҳалок бўламан", деяётгандек. Сатрлар замирида “Бундай ҳол ҳар ким билан ҳам юз бериши мумкин”, деган яширин маъно мавжуд.
Кафканинг асар орқали етказмоқчи бўлган энг муҳим ғоя – ёлғизлик, инсониятдан олисликнинг нақадар азоб эканлигидир. Грегор Замза атрофимиздаги кўпчилик сингари бир хил: иш-уй тартибида оиласини боқиш учун, фақат ишлаб, пул топиб рўзғор қилади. Аммо буни ўзи хоҳлайдими? Ташқаридан ҳа, ич-ичидан эса истамайди.
Кўриниб турганидек, Грегор Замза бу мен, сиз, биз – ҳаммамиз. Барчамиз ота-онамиз учун, уларнинг бизга боғлиқ истак-хоҳишлари учун яшаяпмиз, аслида. Грегор Замза ҳатто сувараклигида ҳам оилага зарар келтираяпти, деб ҳисобланганидан билиш мумкинки, агар фойдангиз тегмаса, ҳатто яқинларингиз кўзига ҳам ўша зараркунанда суварак мисол кўринишингиз мумкин.
Кафка асарлари – бу Кафканинг ўзидир. Бунга адибнинг шахсияти, ижодиёти билан яқиндан танишиш мобайнида гувоҳ бўлишимиз мумкин. Чунки, Франц Кафка ҳам, гарчи оила-аъзолари билан бир уйда яшаса-да, у билан яқинлари ўртасида чинакам яқинлик мавжуд бўлмаганки, бу унинг таржимаи ҳоли ва кундаликларида ўз аксини топган.
Хулоса ўрнида, атоқли ёзувчимиз Улуғбек Ҳамдамнинг қуйидаги жумлаларини келтиришни жоиз деб билдим: "Кафкани ўқинг! Кафкани уқиб ўқинг! Бир умр ўқинг! Қайтиб-қайтиб ўқинг!.. Зеро, у каби ижодкорлар ҳамиша, ҳамма вақт инсон ва замон юзига кўзгу тутиб турадиларки, гоҳ-гоҳида ҳаёт қувончлари-ю ташвишларида андак бош кўтариб, ойнадаги аксимизга кўз ташлаб олсак, чакки бўлмасди..."
Машҳура ЖЎРАҚУЛОВА
Ishonch.uz
Maqolaga baho bering
0/50
0
0
0
0