715 минг сўм нимани англатади?
Яқинда Статистика қўмитаси камбағаллик даражасини аниқлаш учун қўлланиладиган минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичини эълон қилди. Маълум бўлишича, 2026 йил учун бир киши бошига ҳисобланган минимал истеъмол харажатлари миқдори ойига 715 минг сўм этиб белгиланган. Расмий изоҳга кўра, мазкур рақам 2025 йилдаги инфляция даражаси, яъни озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар нархи индекси асосида индексация қилинган.
Бу кўрсаткич мамлакатда камбағаллик чегарасини аниқлашда асосий мезонлардан бири сифатида қўлланилади. Яъни, статистик ҳисоб-китобларга кўра, ойига 715 минг сўмдан кам даромад топган киши камбағал ҳисобланади, ундан юқори даромад эса расман камбағаллик чегарасидан чиқишни англатади. Аммо танганинг икки тарафи бор. Шундай экан, масаланинг бошқа жиҳатига аҳамият назар ташласак, бу рақам айрим долзарб саволларни келтириб чиқариши табиий. Масалан, рақам ва реал ҳаёт ўртасидаги фарқни олайлик. Зеро, энг оддий эҳтиёжларни қондириш ҳам муайян харажатларни талаб қилади. Хусусан, шаҳар шароитида бир киши учун ойлик озиқ-овқат харажати бир неча юз минг сўмдан ошиб кетиши турган гап. Борди-ю, унга транспорт, коммунал тўловлар, дори-дармон, кийим-кечак ва бошқа зарур хизматларни қўшсак, 715 минг сўмлик «минимал истеъмол» реал ҳаётга мос келмаётгани ойдинлашади.
Тўғри, бу кўрсаткич фақат яшаб туриш учун зарур бўлган энг кам сарф-харажатларни ҳисобга олади, яъни у инсоннинг тўлиқ ва муносиб ҳаёт кечиришини эмас, балки минимал истеъмол эҳтиёжларинигина акс эттиради. Лекин камбағаллик даражасини аниқлаш фақат статистик рақам билан ҳал бўладиган масала эмас. Масалан, бир хил даромадга эга икки оиланинг турмуш даражаси мутлақо бошқача бўлиши мумкин: бирининг ўз уйи бор, иккинчиси ижарада яшайди. Шунингдек, катта шаҳар ва қишлоқда яшаш харажатлари ҳам бир-биридан кескин фарқ қилади. Шу боис камбағалликни баҳолашда ҳаёт сифати, инфратузилма ва реал истеъмол даражаси каби омиллар ҳисобга олинса, адолатдан бўлади бизнингча.
Тан олиш керак, статистика давлат сиёсатини режалаштиришда муҳим фактор ҳисобланади. Бироқ бу каби рақамлар одамлар орасида муҳокама қилинаётган ва эътирозларга сабаб бўлаётган бўлса, демак, аҳолининг кундалик ҳаёт даражаси билан расмий кўрсаткичлар ўртасида сезиларли даражада тафовут бор.
Хўш, нима қилиш керак? Аслида камбағаллик чегарасини белгилашдан кўра, муҳимроқ вазифа аҳолининг реал даромадини ошириш, иш ўринлари яратиш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришдир. Зеро, одамларнинг турмуш даражаси фақат иқтисодий имкониятлар кенгайсагина яхшиланади.
Ишонч билан айтиш мумкинки, бугунги сиёсатимиз айнан шу йўналишда давом этмоқда. Хусусан, тадбиркорликка кенг йўл очилди. Натижада ишлаб чиқариш объектлари сони ортиб, иш ўринлари кўпаймоқда. Демак, вақти-соати келиб, расмий статистика билан реал даромад ўртасидаги фарқ ижобий томонга ўзгаради.
Умуман олганда, 715 минг сўмлик минимал истеъмол харажатлари шунчаки статистик ҳисоб-китоб натижаси бўлиши мумкин. Бу рақам жамиятдаги ҳақиқий турмуш даражасини тўлиқ ифодалайди дегани эмас. Илло, ҳаётни фақат рақамлар билан ўлчаб бўлмайди. Аслида ҳақиқий фаровонлик статистик рақамларда эмас, балки одамларнинг турмуш тарзида, уларнинг эртанги кунга ишончида намоён бўлади.
Ғуломжон МИРАҲМЕДОВ
«ISHONCH»




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0