Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 880.35-29.8

  • EUR

    14 535.47-125.3

  • RUB

    156.68-3.1

+30C

+30C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+30c

  • Hozir

    +30 C

  • 20:00

    +28 C

  • 21:00

    +26 C

  • 22:00

    +24 C

  • 23:00

    +21 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Dushanba, 12-May

+30C

  • Hozir

    +30 C

  • 20:00

    +28 C

  • 21:00

    +26 C

  • 22:00

    +24 C

  • 23:00

    +21 C

  • Dushanba, 12

    +30 +20

  • Seshanba, 13

    +32 +20

  • Chorshanba, 14

    +33 +20

  • Payshanba, 15

    +34 +20

  • Juma, 16

    +36 +20

  • Shanba, 17

    +35 +20

  • Yakshanba, 18

    +28 +20

  • Dushanba, 19

    null +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

БИЗНИ УЛУҒ ҒОЯ – ВАТАН МАНФААТИ БИРЛАШТИРАДИ

Аслида мавзу юзасидан сўзимни узундан-узоқ статистик маълумотлар билан безаб, мулоҳазаларимни ҳам далиллар билан чиройли дастаклашим мумкин эди. Аммо гап ҳозир далил ва рақамларни жимжимадор қилиб, бир ипга тизиб чиқиш «санъати» ҳақида кетаётгани йўқ. Масаланинг моҳия­­ти касаба уюшмалари кейинги етти йилда қандай қилиб халқ ташкилотига айлангани ҳақидадир.
Жамият
1221 23:28 | 10.11.2023 23:28


Рўйирост эътироф этиш керак, нодавлат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг «ўзгариши» Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон раҳбари сифатида иш бошлаган илк кунларга тўғри келади. Президентимизнинг халқ давлат учун эмас, давлат одамлар учун хизмат қилиши керак, деган инсонпарвар сиё­сати мамлакатимиздаги нафақат давлат, балки жамоат ташкилотлари учун ҳам ўтли чақириқ бўлди. Айни талаб барчага ўз фаолиятини қайта кўриб чиқишни, «тепадан пастга тушиш»ни кун тартибидаги асосий масала қилиб қўйди. Давлатимиз раҳбари бу борадаги қатъий қарорини миллий сиёсатимизда ҳеч қачон учрамаган сиёсий принцип орқали янада ойдинлаштирди: халқ билан ҳисоб­лашмайдиган, одамларга беписандлик билан қарайдиган тизим ва масъулларни очиқчасига «сиёсатимиз душмани» деб билишини эълон қилди.
Мен Ўзбекистон касаба уюшмалари тизимида Мустақилликнинг илк йилларида ҳам ишлаганман. У замонлар бу ташкилот ўз вазифаси нима эканини эсидан чиқариб юборган эди, десам, лоф­­га йўйманг. Чунки тузум шундай эди. Давлатми, нодавлатми – ҳар қандай ташкилот ва муассаса борки, битта «устун» ғояга бўйсундирилганди. Бу оёғи лойга ботиб қолган аграр соҳани қулоғидан тортиш сиёсати эди. Ўша кезлар қиладиган асосий ишимиз бириктирилган пахта пайкалларидаги ишларнинг бориши тўғрисида вилоят ёки республика штабига ахборот беришдан, ғалла мавсумини намунали ўтказишдан, яганага, ўтоққа, теримга аҳолини олиб чиқиш ва яна бош­­қа сиё­сий оҳанги юқори бўлган тадбирларда номигагина «жонбозлик» кўрсатишдан иборат саналарди. Тўғри, гоҳ-гоҳида ўзимизнинг асосий вазифамиз ҳам эсга тушиб қолар, бундай пайтларда одатда ишчи-хизматчиларга сиҳатгоҳлар учун йўлланма тарқатибгина виждонимиз олдида ўзимизни оқлаб олгандай бўлардик. Очиғи, шу амалдан бўлак кўрсатадиган устун «кўрсаткичимиз» ҳам йўқ эди.
Ҳозирги ёшларга шу гапларни айтсанг, аксария­­ти ишонмайди. Айни дамда яшаётган ҳаётини ўз-­ўзидан бўлиб қолгандек тушунишади улар. Аммо мажбурий меҳнат, болалар кучидан фойдаланиш, халққа қора меҳнат учун яратилган раиятга қарагандек қараш кайфияти ва сиёсатидан қутулиш, янаям аниқроғи, шу заҳматкаш миллатни қутқариб олишнинг ўзи бўлдими? Бунинг заҳматини кўрганлар билади, албатта.
Суҳбатимиз ташкилотимиз ҳақида эди. Шундай экан, келинг, мулоҳазаларимиз қамровини шу ўзанда олиб бора қолайлик. Ҳар нечук, ўз соҳаси ва қилаётган ишлари ҳақида гапириш кишига ўзгача шукуҳ бағишлайди. Айниқса, кўзга кўринарли ютуқлари кўп бўлса.
Бугунга келиб, сафига 6 миллионга яқин аъзони бирлаштирган мамлакатимиздаги энг йирик нодав­лат ташкилот саналмиш касаба уюшмалари «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остида Ватан равнақи ва жамиятимиз фаровонлигини таъминлашга кўмаклашиш борасида алоҳида намуна кўрсатаётган жамоат бирлашмасига айланди, деган фикримни бошқалар ҳам қўллаб-қувватлашига ишонаман.
Зеро, янги Бош қомусимизда белгилаб қўйилганидек, мамлакатимизда ҳуқуқий, дунёвий, демок­ратик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекис­тонни барпо этиш сиёсатини амалга оширишда касаба уюшмаларининг ҳам муносиб улуши борлигини ҳаммамиз кўриб ва билиб турибмиз. Биргина мисол келтираман: давлат янги тизимга, йўналишга ўтишида унинг ўзи бош ислоҳотчи бўлиши мумкин, аммо бу ўринда унга камарбаста бўладиган жамият – халқнинг ҳам ўрни беқиёсдир. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда, касаба уюшмалари фаолияти айни нуқтада янада ёрқинроқ кўринади. Яъни ташкилот ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларни қўллаб-қувватлашни ўзининг асосий вазифаси деб билади.
Сўнгги йилларда ишчи-хизматчилар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган халқаро меҳнат ҳуқуқи нормаларига жавоб берадиган иккита ҳужжатни бунга мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Биринчиси – янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси. Унинг 87 та моддасида меҳнат муносабатлари бевосита касаба уюшмалари иштирокида тартибга солиниши, 131 та моддасида ходимлар учун қўшимча имтиёз ва кафолатлар иш берувчи ва касаба уюшмалари томонидан тасдиқланадиган жамоа келишувлари ва жамоа шартномаларида қайд этилиши лозимлиги белгилаб қўйилди. Бу эса касаба уюшмалари ходимлар ҳақ-ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашда ўта муҳим роль ўйнашини ­англатади.
Шунингдек, ходимларга қўшимча имтиёз ва кафолатлар бериш бўйича касаба уюшмалари томонидан киритилган 300 дан ортиқ таклифлар янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида ўз ифодасини топди. Бу ҳам касаба уюшмалари вакиллари мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган «Инсон қадри учун» ғоясини, қолаверса, юқорида эслатганимиздек, «ижтимоий давлат» тамойилини амалга оширишда Миллатимиз Лидери олиб бораётган халқпарвар сиёсатга чинакам собитқадам эканликларидан далолатдир.


2


Ҳаммамиз жуда яхши эслаймиз, бизни кечаги кунгача дунё ҳамжамияти «ёпиқ давлат»лар сафида кўрсатар ва бу, холисона айтганда, ҳақиқатдан кўп йироқ ҳам эмасди. Нафақат жамоат ташкилотлари ёки ижодий бирлашмалар, балки расмий идоралар ҳам халқаро алоқалар масаласида ўзларини анча сипо тутишарди. Хорижга бориш-келиш, ҳатто қўшни давлатдаги турдош корхона билан алоқа ўрнатиш учун ҳам ўнлаб чиғириқлардан ўтиш керак бўларди. Бугун ҳам шундайми? Асло йўқ! Ўзбекис­тон ташқи сиёсатда олиб бораётган кўп векторлилик формати барча жабҳаларга ишонч билан татбиқ этилмоқда.
Бу борада мен ўз ташкилотимиз фаолиятидан мисол келтиришим мумкин.
Кейинги йилларда Ўзбекистон касаба уюшмалари хорижий мамлакатлардаги турдош ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини тобора ривожлантирмоқда. Шу тариқа юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий сиёсатни муносиб тарғиб қилиб, мамлакатимиз нуфузини жаҳон миқёсида тараннум этишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси халқаро ҳамкорликни ривожлантиришда жаҳон касаба уюшмалари тизимига интеграция бўлишни устувор мақсад этиб белгилаган. Негаки, жаҳонга очилмас, дунёдаги илғор тажрибаларни ўзлаштирмас эканмиз, тараққиёт ҳақида ўйлашимизнинг ўзи ортиқча.
Шу маънода, бу йил Федерация вакиллари Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан ўтказилган 5 та тадбирда иштирок этишгани эзгу мақсад йўлидаги қадамлардан бири бўлди.
Халқаро Касаба Уюшмалари Конфедерация­­си (ХКУК) билан йўлга қўйилаётган ҳамкорлик замирида ҳам айнан шу ғоя мужассамлашган. Мазкур ташкилотнинг 2022 йил 17-22 ноябрь кунлари Мельбурнда ўтказилган навбатдаги V Халқаро Конг­рессида вакилларимиз қатнашгани фаолиятимизга янгича руҳ киритди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан 2021 йилда Марказий Осиё мамлакатлари касаба уюшмалари кенгаши тузилган бўлса, жорий йилда Туркий тилли давлатлар касаба уюшмалари Кенгаши ташкил этилди.
Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатлар шундан далолат берадики, ўтган даврда асл вазифаси четда қолиб, пахта ва ғалла далаларида назоратчилик қилган жамоат ташкилоти аста-секин халқ хизматига қайтмоқда. Бу мулоҳазани фалсафий ёки сиё­сий атамаларсиз соддагина қилиб, қуйидагича изоҳлаш мумкин: касаба уюшмалари ўз фаолияти билан халқ хоҳиш-иродасини ифода этмоқда. Бугун Марказий Осиё давлатларининг ўзаро яқинлашуви ёки Туркий давлатлар ташкилотининг халқаро сиёсат саҳнида пайдо бўлиши глобал сиёсатда ҳам, минтақавий мунозараларда ҳам ижобий баҳоланмоқда. Муҳими, халқларимиз мазкур лойиҳалардан улкан натижалар кутаётгани барчамизга яхши маълум. Албатта, биз бугунги мақолага мавзу қилиб геосиёсат ёки иқтисодни танламаганмиз. Юқоридаги мулоҳазаларни эса касаба уюшмалари Федерацияси бир жамоат уюшмаси, нодавлат институт сифатида бугун олиб борилаётган сиёсатга қай тарзда мослашаётганини, эски қолипларни синдириб, халққа мададкор бўлишга астойдил интилаётганини асослаш учунгина билдирдик.


3


Президентимиз 2022 йил 11 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари ходимлари ва аъзоларига йўллаган табригида «Ҳозирги кунда касаба уюшмаларининг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни ва таъсири тобора ортиб бормоқда. Бунинг сабабини, энг аввало, ташкилотнинг халқ ичига чуқур кириб бораётгани, одамларнинг оғирини енгил қилиш, эл-юрт хизматига камарбаста бўлишни ўзининг устувор вазифаси сифатида белгилаб олганида, деб биламиз», деган эди.
Дарҳақиқат, бир асрдан ортиқ тарихга эга, қанчадан-қанча синовли, машаққатли йўлларни босиб ўтган касаба уюшмалари бугун том маънода халқ ташкилотига айланмоқда.
Фахр билан айтиш лозимки, ташкилотимиз, қолаверса, ишчи-хизматчилар манфаатлари кафолати сифатида кўрилаётган икки муҳим ҳужжат – «Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун ҳамда Меҳнат кодексининг янги таҳрирда ишлаб чиқилиши ва ҳаётга татбиқ этилиши 2023 йилги энг муҳим тарихий воқеаларидан бўлди. Ҳаётимиз ва жамият фаровонлиги учун муҳим қонуний пойдеворлардан ҳисобланган бу ҳужжатларни тайёрлаш жараёнида касаба уюшмалари мутахассислари фаол иштирок этишди. Албатта, бу барчамизга ғурур бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, уларнинг аҳамияти ҳақида ҳам сал кенгроқ тўхталайлик. Қонунда касаба уюшмаларининг меҳнат муҳофазаси соҳасидаги ваколатлари янада кенгайтирилиб, янги нормалар киритилди. Унга кўра, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 20 га яқин асос бўлувчи ҳукумат ҳужжатлари ва ходимнинг меҳнатини муҳофаза қилишга қаратилган 300 дан зиёд қоидалар ҳамда тармоқ ва ишлаб чиқариш йўналишларида банд бўлган ходимлар учун махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва якка тартибдаги ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормалари ишлаб чиқилиши ва келишилишида иштирок этиши белгиланган 40 га яқин банд киритилди.
Мазкур ҳужжатлар самараси ўлароқ, яъни меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича дастур доирасида ижтимоий шерикликда мақсадли ўрганишлар ва касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ўтказилмоқда. Меҳнат муҳофазаси бўйича назорат-профилактика ишлари, хотин-қизларнинг меҳнат шароитлари, бахтсиз ҳодисалар ҳамда ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишлари, белгиланган зарар тўловлари ва зарар тўловларидан мавжуд қарздорлик, ходимлар тиббий кўрикдан ўтказилаётгани, иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш ҳолати мониторинги тизимли йўлга қўйилган.
Иш жараёнида ходимлар хавфсизлиги энг муҳим масала саналади. Бинобарин, бу ўринда гап инсон тақдири ҳақида бормоқда. Шундай экан, бизда кўнгилсиз ҳолатлар учрамайди, десак, адолатсизлик қилган бўламиз. Фалокат оёқ остида, деганларидек, уйдан соппа-соғ чиқиб кетиб, меҳнат жараёнида бахтсиз ҳодисага рўбарў келиш ҳолатлари бор гап. Масалан, касаба уюшмаларига аъзо корхона, ташкилот ва муассасаларда жорий йил бошидан буён ишлаб чиқариш билан боғлиқ 128 та бахтсиз ҳодиса рўй бергани аниқланган.
Давомини суриштирсангиз, иш шароитларининг санитария-гигиена меъёрлари талабларига жавоб бермаслиги ҳам ходимларда касб касаллик­ғларига чалиниш ҳолатлари ортишига олиб келиши мумкинлиги тиббиёт томонидан исботланган. Аммо уларнинг олдини олиш борасидаги ишлар барча ташкилот ёки корхонада бирдек қониқарли, деб бўлмайди.
Энг ёмони, шундай иш берувчилар ҳам учрамоқдаки, улар масалани қонуний ҳал қилиш ўрнига қинғир йўлларни қидиришга, яъни ходимларда орттирилган касб касалликларини ёки рўй берган бахтсиз ҳодисаларни тан олмасликка ёки яширишга уринишади. Юқорида тилга олинган ҳуқуқий ҳужжатлар эса шунга ўхшаш адолатсизликларнинг олдини олиш учун қонуний асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Хусусан, ўтган давр мобайнида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ходимлари томонидан 1235 та бошланғич касаба уюшма ташкилоти фаолияти ўрганилиб, 4339 та камчилик аниқланган. Иш берувчиларга 453 та тақдимнома киритилиб, шундан 2491 тасида кўрсатилган камчиликлар бартараф этилишига эришилган.
Меҳнатни муҳофазалаш соҳасида касаба уюшмалари аъзоларини ҳимоя қилиш мақсадида 28 марта судга мурожаат қилиниб, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни текшириш комиссиялари ишларида 39 марта, касб касалликларини текшириш ишларида 2 марта иштирок этилди.
Барчага бирдек аёнки, ишлаётган одам рўзғорим бут бўлсин, бирим икки бўлсин, деган ният билан меҳнат қилади. Унинг бу ҳаракати, ўз касбига масъулият билан ёндашиши иш унумдорлигига ижобий таъсир ўтказади. Шу маънода ишчи-ходимларга ҳақ тўлаш, уларнинг даромадларини ошириш масаласи ҳам бу борада асосий омиллардан бири ҳисобланади.
Меҳнатга муносиб ҳақ тўланиши, унинг адолатли бўлишини таъминлаш масаласи ҳар доим касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналишларидан бири бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Бу борада Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам Бош жамоа келишуви, тармоқ ва ҳудудий жамоа келишувлари ҳамда жамоа шартномалари орқали меҳнаткашларга муносиб ҳақ тўланишини таъминлашга қаратилган ишларни олиб бормоқда.
Жумладан, иш ҳақи ўз вақтида тўланиши, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори стандартларига риоя этилиши устидан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида меҳнат органлари қошида иш ҳақидан қарздорликни бартараф этиш бўйича штаблар тузилган. Мазкур жамоатчилик тузилмалари ўтказган мониторинг хулосаларига қараганда, шу йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра, республика бўйича иш ҳақидан муддати ўтган қарздорлик 396 миллиард 404 миллион сўмни ташкил этди.
Касаба уюшмалари саъй-ҳаракатлари билан суд, прокуратура, ҳокимият органлари, меҳнат инс­пекциясига қилинган 300 дан ортиқ мурожаатлар натижасида ишчи-хизматчиларнинг 24 миллиард сўмдан ортиқ ўз муддатида тўланмаган иш ҳақлари ундириб берилди.
Маош ҳақида гап кетганда, яна бир муҳим масала юзага қалқиб чиқади. Бу ишчиларнинг малакасига мос равишда хизмат ҳақи олиши масаласидир. Бугунга келиб, корхона, ташкилот ва муассасалар касаба уюшмалари томонидан ходимлар меҳнатига тўланаётган ҳақ уларнинг малакасига мувофиқлигини таъминлаш юзасидан назорат ўрнатилган. Чунончи, ўтган даврда 3104 та корхона, ташкилот ва муассасада 279 минг 413 нафар ходимга тўланаётган иш ҳақи уларнинг малака даражасига қай даражада мувофиқлиги бўйича мониторинглар ўтказилди. Ўрганишлар натижасида 20 та ҳолатда 684 нафар ходимга иш ҳақи малака даражасидан паст тўлангани аниқланди ва уларнинг фойдасига 835 миллион 200 минг сўм тўлаб беришга эришилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 10 ойи давомида 5386 та корхона, ташкилот ва муассасада иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилиши ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати амалга оширилди. Мониторинг натижаларига кўра, 2 та корхона ва ташкилотда иш берувчилар томонидан кафолатланган энг кам иш ҳақи миқдорига риоя этилмаслиги ҳолатлари аниқланиб, иш берувчига тақдимнома киритилди.


4


Мен ҳеч иккиланмасдан «Аёллар дафтари»ни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бренд ­лойиҳаси, деган бўлардим. Чунки унга бугун дунёдаги кўплаб мамлакатлар иқтисодчилари, сиёсатчилар ва жамиятшунослар катта қизиқиш билан қарашмоқда ва унинг аллақачон юз кўрсатган натижаларини юксак баҳолашмоқда. Қолаверса, ушбу ижтимоий-иқтисодий «кашфиёт» миллий менталитет – халқимиз зеҳниятига тўла мос келгани, жамият фаровонлигини оилалар тимсолида кўргани билан нишонга аниқ урган эди.
Ҳақиқатан ҳам, бизда оиланинг тинчлиги ва фаровонлиги кўп жиҳатдан аёлларга бўлган эътиборга боғлиқ. Марҳум шоиримиз Абдулла Орипов бир шеърида «Уйда тинчи бўлсин йигитнинг» деганида иморатни эмас, айнан аёлларимиз тимсолини назарда тутган, деб ўйлайман. Нега десангиз, рўзғорнинг бутлиги, уйдаги файзу барака, фарзандлар тарбияси – барча-барчаси аёлларимизга кўрсатилаётган эътиборга боғлиқ.
Шу маънода, қатъий ишонч билан айтаманки, Президентимиз иш бошлаган илк кунларданоқ, мамлакатимизда аёлларга эътибор тубдан ўзгарди. Уларни қўллаб-қувватлаш, зарур шароитлар яратиб бериш, таъбир жоиз бўлса, хотин-қизларимизни «тарихнинг қора кўланкаси»дан чароғон ҳаёт сари етаклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. «Аёллар дафтари» ва гендер аудит каби хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатининг жорий этилиши ҳам бу борада фундаментал қадам бўлди. Қувонарлиси, ушбу жараёнларда касаба уюшмалари турли ташаббуслар билан чиқиб, уларнинг ижросини таъминлашда ҳам бевосита иштирок этмоқда.
Масала ўта муҳимлигини эътиборга олиб, кўп минг сонли аҳил жамоамиз айни соҳада амалга ошираётган хайрли ишлар ҳақида батафсилроқ тўхталишни лозим топдим. Чунки ушбу лойиҳа доирасида бу йил ҳам диққатга молик ишлар қилинди.
Жумладан, таҳлиллар ва ўрганишлар натижасига кўра, «Аёллар дафтари»нинг тўртинчи босқичида рўйхатга олинган 1 миллион 775 нафар (95,4 фоиз) хотин-қизга амалий ёрдам берилди. Шундан 418 минг 209 нафарининг бандлиги, 46 минг 119 нафарининг кредит олиши таъминланиб, уларга ўз тадбиркорлигини бошлашида кўмаклашилди.



Боқувчисини йўқотган 210 минг 359 нафар, ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож 188 минг 278 нафар хотин-қизнинг ҳар бирига тегишли тартибда моддий ёрдам кўрсатилди.
3 минг 386 нафар аёлнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Уй-жойга муҳтож хотин-қизларнинг 1 минг 227 нафари ­доимий бошпана билан таъминланди. Уларнинг 6 минг 966 нафарига тураржой ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун компенсация тўлаб берилди, 2 минг 384 нафари арзон уй-жойлар билан таъминланди, 468 нафар хотин-қиз ижтимоий уйларга жойлаштирилди. Қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 4 минг 160 нафар аёлнинг томорқадан самарали фойдаланишига кўмаклашилди.
Албатта, гапни гапга боғлаб, бундай матнларни ёзиш унчалик мушкул иш эмас. Аммо ҳаётда қийналган, эртанги кунидан умидини узган минглаб опа-сингилларимиз ва қизларимизнинг розилигини олишга замин яратган, кўпчиликни ҳайратга солган хайрли ишларни амалга оширишнинг ўзи бўлмайди. Президентимиз айни йўналишда олиб бораётган миллатпарвар сиёсатга жамоамиз камарбаста бўлаётгани барчамизнинг кучимизга-куч, ғайратимизга-ғайрат қўшади.


5


Менимча, энди фаолиятимизнинг бошқа йўналиш­лари бўйича ҳам қисқача ахборот бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Ҳар ҳолда, байрамимиз остонасида турибмиз.
Биласиз, касаба уюшмалари нафақат ишчи-хизматчилар, балки уларнинг фарзандлари камолини ўйлашни ҳам ўз зиммасига олган. Эртамиз эгалари, келажагимиз ворислари бўлган болалар учун доимий ғамхўрлик қилиб бориш биз учун анъанага айланган. Айниқса, жажжи фарзандларимиз учун ёзги таътил – муҳим палла. Уларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш доим устувор вазифамиз бўлган. Жорий йилги мавсумда ҳам асосий эътибор болалар ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминлаш, саломатлигини муҳофаза қилиш, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этиш ва албатта, уларнинг кўнгилли ҳордиқ чиқариб, жисмонан ва руҳан чиниқишларига, саломатликларини ­мустаҳкамлашларига қаратилди.
Мавсум даврида 1 минг 118 та оромгоҳ фаолият кўрсатди ва уларда 331 минг 711 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан 196 та стационар турдаги оромгоҳларда 157 минг 793 нафар ва 922 та соғломлаштириш майдончаларида 173 минг 918 нафар бола дам олдирилди.
Стационар турдаги оромгоҳларда 7 минг 686 нафардан зиёд Меҳрибонлик уйлари ва оилавий болалар уйлари тарбияланувчилари ҳамда кам таъминланган ва меҳнат миграциясига чиқиб кетган фуқароларнинг фарзандлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, касаба уюшмалари, иш берувчилар, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан оромгоҳларда бепул соғломлаштирилди.
Шунингдек, Халқаро ҳамкорлик дастурлари ­доирасида тожикистонлик 50 нафар ўғил-қиз «Товул» оромгоҳида (Фарғона вилояти), қирғизистонлик 50 нафар бола «Тонг» оромгоҳида (Фарғона вилояти) ҳамда украиналик 45 нафар бола «Анор» оромгоҳида (Тошкент вилояти) бўлди.
Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг нафар ҳамда Хоразм вилоятидан 1 минг 500 нафар бола ўз ҳудудларининг энг намунали стационар турдаги оромгоҳларида бепул дам олди.
Болалар сифатли овқатланишлари, мароқли дам олишлари ва вақтларини мазмунли ўтказишлари учун махсус таомнома ва дастурлар ишлаб чиқилди. Зарур витамин ва калорияли таомнома таркибини яратиш ва унинг сифатини халқаро стандартлар даражасига етказиш учун аутсорсинг тизими жорий қилинди. Бу қоида юртимиздаги барча оромгоҳларга тегишли бўлиб, у Федерация томонидан мувофиқлаштирилади.
Оромгоҳларда санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш масалалари қатъий назоратга олинди. Малакали тиббий хизмат кўрсатиш, озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини, санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида 1 минг 279 нафар тиббиёт ходими, ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати мутахассислари оромгоҳларга бириктирилди.
Ҳар бир оромгоҳга «Тез тиббий ёрдам» машинаси ажратилиб, малакали тиббиёт ходимларининг туну кун навбатчилиги ташкил этилди. Таълим-тарбиявий ишларни олиб бориш мақсадида 3 минг 500 нафардан ортиқ малакали (етакчи, мусиқа раҳбари, спорт мураббийи, тўгарак раҳбари, кутубхоначи) педагоглар сиҳатгоҳларга жалб қилинди.
Президентимизнинг 2022 йил 18 ноябрдаги «Болаларнинг дам олишларини тизимли ташкил этиш ва соғломлаштириш ишларини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ниятида болалар соғломлаштириш оромгоҳлари йўлланмалари нархининг бир қисмини қоплаш учун ижтимоий солиқ тушумидан 93 789 нафар болажоннинг дам олиш­лари учун 15 млрд. 475 млн. сўм маблағ ажратилди.
Булардан ташқари, фарзандларимиз орасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, улар қалбида спортга муҳаббат уйғотиш борасида ҳам талай ишлар олиб борилмоқда. Айтайлик, бугунги кунда касаба уюшмалари тизимидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларида 660 нафардан зиёд болалар спортнинг турли йўналишлари билан шуғулланишмоқда. Федерация таъсисчилигида очилган Муз устида хоккей бўйича ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабига эса 32 нафар бола қатнамоқда. Федерация тасарруфидаги Ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактабида оғир ҳамда енгил атлетика, юнон-рум кураши, қиличбозлик, бокс, параканоэ ва академик эшкак эшиш, байдарка ва каноэда, слаломда эшкак эшиш бўйича машғулотлар олиб борилмоқда. 24 нафар малакали ва тажрибали устоз 435 нафар ёш спортчини тарбиялаб, улар юксак марраларни забт этишига эришиб келмоқда. Кейинги йилларда шу ­масканда тарбияланган Акбар Жўраев, Турсуной Жабборова, Рустам Жангабаев, Ригина Адашбаева, Анвар Клевлеев, Жамила Памфилова, Муҳаммадқодир Тош­темиров, Суҳроб Хўжаев, Шехроз Ҳакимов, Давронжон Давронов, Дилжон Худойбердиев, Алишер Турдиев, Шаҳризода Мавлонова, Нурислом Тўхтасин ўғли, Луиза Исломоваларнинг номи эндиликда спорт оламида машҳур.
Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларида эшкак эшиш йўналишида 14 та медаль қўлга киритилган бўлса, уларнинг учдан бир қисми Касаба уюшмалари спортчилари ҳиссасига тўғри келди. Салгина кейин ўтказилган IV параосиё ­ўйинларида эса пара-каноэ бўйича мусобақаларда Азизбек Абдулҳабибов, Ирода Рустамова, Шаҳзода Мамадалиева, Ҳайитмурот Шерқўзиев, Шаҳноза Мирзаева, Ҳасан Қўлдошев каби спортчиларимиз ғалаба қозониб, олтин медаллар шодасини қўлга киритишди.
Бу кўрсаткичлар қалбларимизга фахр-ифтихор бағишлаши билан бир қаторда, касаба уюшма спортчилари навбатдаги мусобақаларда ҳам юртимиз байроғини ҳали кўп бор юксакларга кўтаришига қатъий ишонч уйғотади.


6


Ҳозир Федерация тасарруфида 31 та сиҳатгоҳ бўлиб, дам олувчиларни қамраш қуввати йилига 200 минг кишини ташкил этади. Жорий йилда уларда 180 минг нафардан зиёд дам олувчилар соғломлаштирилди. Шундан 58 минг нафари имтиёзли ва 3 минг нафари бепул йўлланмалар асосида саломатликларини тиклашди.
Тизимдаги санаторийлар эшиклари нафақат касаба уюшмалари аъзолари, балки дам олишни истаган барча фуқароларимиз учун очиқ. Шу билан бирга, дам олувчиларнинг алоҳида тартибга солинган контингенти ҳам бор. Масалан, бу йил тизимдаги санаторийларда амалдаги Низомга мувофиқ тасдиқланадиган режага асосан 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига юқори даражада шарт-шароитлар яратилиб, давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 237 нафар фахрий ва уларнинг кузатувчилари соғломлаштирилди.
Шунингдек, Президентимизнинг тегишли фармон ва қарорлари билан кўплаб хайрли ишлар адо этилди. Масалан, тизимдаги санаторийларда «Саховат» интернат уйлари ҳамда уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг 77 нафарига йўлланмалар берилган бўлса, ишловчи пенсионерларнинг 185 нафарига бепул ҳамда касаба уюшмалари аъзоларидан 6 минг 78 нафарининг ота-оналарига имтиёзли йўлланмалар ажратилди.
Шубҳасиз, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган соҳа ходимлари ҳам доимий эътиборимизда. Ўтган давр мобайнида Ички ишлар вазирлиги профилактика инспекторлари ва уларнинг оила аъзоларидан 200 нафари, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари тарбиячиларидан 8 нафари, таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагоглардан 2 500 нафари бепул йўлланмалар асосида тизимдаги санаторийларда дам олдирилди. Давлат дастури ижросини таъминлаш доирасида тизимдаги санаторийларда кам таъминланган, кўп болали оналар, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда бефарзанд оилаларнинг ишлайдиган оила аъзолари учун акциялар ташкил этилиб, улардан 653 нафари соғлиғини бепул тиклади.
Санаторийларимиз нуфузига дахлдор яна бир гап. Сиҳатгоҳларимизда 2017 йилда 2360 нафар хорижий давлат фуқаролари соғломлаштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 9600 нафарга етиши кутилмоқда.
Тиббиёт турғун соҳа эмас. У кун сайин, соат сайин ўзгаради. Шу боис соҳага оид ва илғор тажрибага эга халқаро мутахассислар (улар 13-20 та ривожланган давлатдан ташриф буюришган) иштирокида илмий-­амалий конференциялар ўтказиш анъанага айланмоқда. Бу борадаги яна бир янгилик шуки, жорий йилда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Жаҳон иқлим ва сув билан даволаш Федерациясига аъзо бўлди.
Турган гапки, бундай кенг қамровли ишларни амалга ошириш учун катта меҳнат ва бунёдкорлик талаб этилади. Чунки мамлакатимиз аҳоли ўсиши кўрсаткичлари бўйича дунёда етакчи ўринда туришини кўпчилигимиз яхши биламиз. Халқимизнинг бу борадаги эҳтиёжларини 30-40 йил муқаддам қурилган ва аксарияти ҳозирги замон талабларига жавоб бермайдиган муассасалар билан қондириш жуда қийин эди. Бу ўз-ўзидан янги сиҳатгоҳлар қуриш, эскиларини капитал таъмирлаш вазифасини олдимизга кўндаланг қилиб қўйди.
Гап айнан санатор-курортлар фаолиятини яхшилаш ҳақида кетар экан, мен шу тизимни узоқ йиллардан буён биладиган одам сифатида, кўрсатилаётган эътибор ва ёрдам учун биринчи галда муҳтарам Президентимизга алоҳида раҳмат айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан. Сабаби, айнан у кишининг бевосита ёрдамлари ва кўрсатмалари билан беш-олти йил ичида юртимизда ўнлаб янги санаторийлар қад ростлади, кўплаб шу турдаги муассасалар таъмирланиб, замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Қатор муассасаларда замонавий ва юқори технологик ташхис ва соғломлаштириш хизматлари – УТТ текшируви, кольпоскопия, 3 каналли ЭКГ аппаратлари жорий этилди. Натижада касалликларни эрта аниқлаш имкони пайдо бўлди. Озонотерапия, зарб-тўлқинли терапия, лимфодренаж, физиотерапевтик муолажалар ҳамда радонли, олтингугуртли, юқори минераллашган ҳамда концентрацияли йод-бромли минерал сувларни комплекс қўллаш соғломлаштириш хизматлари сифатини янада ошириш имконини яратди.
Президентимизнинг соҳага юксак эътибори, бу борада олиб борилаётган бунёдкорликлар ҳақида сўз кетаркан, жорий йилда фойдаланишга топширилган иккита сиҳатгоҳ ҳақида кенгроқ тўхталмоқчиман. Улардан бири Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қад ростлаган «Севарсой»дир. Бу сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 1600 метр баландликда (Ғарбий Тяньшань тоғи ва Қоржонтовнинг пастки қисмида) ҳам қишки, ҳам ёзги тоғ-иқлимий курорт стандартига мос даражада барпо этилди. Умумий ҳудуди 6 гектар, 6 қаватли санаторийда барча қулайликларга эга 68 та стандарт, 2 та люкс ва 8 та яримлюкс, тузли ғор ҳамда массаж хоналари, замонавий бассейн ва СПА ­комплекси, турли семинар ва тадбирлар ўтказиш учун замонавий конференц зали ҳам мавжуд.
Фахр билан тилга оладиган иккинчи объектимиз – «Сангардак» санаторийсидир. Бу иншоотни ­бунёд этиш учун уч йилдан ортиқ вақт сарфланди. Ҳозирча у танланган жойи ва архитектураси жиҳатидан энг мукаммал санаторий бўлиб турибди.
Албатта, олис тоғ қишлоғида, одам қадами етиши қийин бўлган қоялар ёнбағрида жаҳон андазаларига мос замонавий санаторий қуриш айтишгагина осон. Лекин биз бу ишни уддаладик ва ишончни оқладик. Ҳисор тоғ тизмаларида унинг асрларга тенгдош чўққиларидан қолишмайдиган ўзига хос мўъжиза яратдик.
Денгиз сатҳидан қарийб бир ярим минг метр баландликда барпо этилган ушбу муҳташам иншоот 6,2 гектар ҳудудни эгаллаган ва 200 ўринга мўлжалланган. У ташхислаш ва даволаш, саломатликни тиклаш ва турли касалликлар олдини олишга хизмат қилувчи энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, юқори сифатли мебеллар билан жиҳозланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги 6 йилда Сурхондарё вилоятида олтингугуртли ва йод бромли минерал сувга эга «Термиз марвариди» (220 ўринли), «Хўжаипок» (172 ўринли) ва «Сангардак» санаторий (200 ўринли)лари ишга туширилди. Шунинг баробарида 308 нафар янги иш ўрни яратилди.
Кези келганда, Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида таълим олаётган талабаларимиз учун қуриб битказилган ётоқхона мажмуасини ҳам алоҳида тилга олиб ўтишимиз, чунки ёшларга эътибор Президентимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини эсда тутишимиз лозим.
Федерациямиз тизимларида қурилиш-таъмирлаш ишлари бугун ҳам тўхтагани йўқ. Йил давомида тасарруфимиздаги оромгоҳ ва сиҳатгоҳларда қайта таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, айни дамларда Яккасарой туманидаги спорт комплекси ҳудудида ёпиқ турдаги сузиш мажмуаси, Қуйи Чирчиқ туманидаги «Кўҳинур» санаторийси негизида анжуманлар зали, Сирдарё вилоятидаги «Янгиер» санаторийсида ёпиқ сузиш ҳавзаси қурилиши давом эттирилмоқда. Қорақалпоғистоннинг Бўзатов, Хоразм вилоятининг Хонқа, Наманган вилоятининг Чортоқ туманларида янги санаторийлар бунёд этилишига киришилган, бошқа ҳудудларда яна 14 та болалар оромгоҳи қурилиши мўлжалланаётгани амалга оширилажак бунёдкорлик ишлари кўлами янада кенглигидан далолат беради.


7


Юқорида мен касаба уюшмалари чин маънода халқнинг, ишчи-хизматчиларнинг таянчига айланиб бораётгани ҳақидаги гапни бежиз айтмадим. Ходимларимиз, ростданам, мамлакат қонунчилигида қабул қилинаётган кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар тайёрланишида бевосита иштирок этишмоқда. Бундан мақсад меҳнаткашлар учун зарур ҳуқуқий муҳит ва муносиб турмуш шароити яратилишига эришишдир. Мана, ­эътибор қилинг, такрор бўлса ҳам айтаман, бу йил ҳам мутахассисларимиз 150 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ва норматив ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқиб, таклифлар беришди.
«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига соғлиқни сақлаш органлари фаолия­­ти ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги, «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисида»ги, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги, «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида»ги қонунларига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги ва бошқа қонун лойиҳалари, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вазирлик ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари шулар жумласидандир.
Хўш, ходимларимизнинг бу саъй-ҳаракатлари аҳоли турмуш шароитини яхшилаш ёки ҳуқуқларини ҳимоялашда қандай натижалар беради? Шу ўринда бир мисол келтираман. Мутахассисларимиз берган таклиф ва киритилган ўзгартиришларга кўра, эндиликда Соғлиқни сақлаш тизимлари фаолияти ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида Халқ депутатлари кенгашларига ва фуқаролар йиғинига аҳоли бириктирилган туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари, оилавий поликлиникалар ва оилавий шифокорлик пунктлари раҳбарларининг профилактика кўрикларини ҳамда скрининг дастурларини амалга ошириш, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш, соғлом турмуш тарзини ва тўғри овқатланишни шакллантириш ҳолати, ижтимоий аҳамиятга эга касалликларнинг ҳамда атрофдагилар учун хавфли бўлган касалликларнинг тарқалиши, фуқаролар соғлиғига таъсир этувчи омиллар, шу жумладан, тегишли ҳудуднинг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисидаги ахборотини эшитиш ваколати берилди.


Яхши ният, эзгу тилак, ширин орзу-умидлар кишига доимо қанот бағишлайди. Ўз сафига олти миллионга яқин аъзоларни бирлаштирган йирик жамоамиз билан яна бир йилни якунлаш арафасида турибмиз.
Ўтаётган йил жонажон Ўзбекистонимизга синовлар билан бирга, катта ютуқларни ҳам туҳфа қилди. Халқимиз Миллатимиз Лидери Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳамда ўз бардош-матонати ва яратувчилик қудрати билан мамлакатимиз ва ҳамюртларимиз ҳаётига янгича руҳ бағишлайдиган, бир неча ўн йилларда ҳам амалга ошириб бўлмайдиган марраларни эгаллади. Ватанимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошди, Янги Ўзбекистон номи дунё узра баралла жаранглай бошлади.
Бевосита давлатимиз раҳбари муаллифи бўлган бу улуғ ғоялар ва тарихий ғалабалар қўлга киритилишида Сиз – азиз касаба уюшмалари аъзоларининг ҳам муносиб улуши борлиги барчангиз сингари менинг ҳам қалбимни ғурурга тўлдиради. Лекин муваффақиятлар манзилга етганликни билдирмайди. Ҳаёт давом этар экан, биздан мудом ҳаракатда бўлишни тақозо этади. Демак, ҳали олдимизда турган ва қилиниши зарур бўлган ишларимиз жуда кўп. Улардан энг муҳимлари сифатида қуйидаги вазифаларни келтиришим мумкин:
– ташкилотимизда аъзолар сафини кенгайтириш, ҳар бир корхона, муассасада, албатта, касаба уюшмаси фаолият юритишига, шу тариқа жамиятимизда меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатларининг олдини олишга, ­ҳаётимизда ижтимоий адолатни янада мустаҳкамлашга эришиш;
– «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида акс эттирилган «Аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил этиш» деган ғояни амалга оширишда касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш;
– меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлаш билан боғлиқ қонунчилик ислоҳотларида ташаббускорликни ошириш, замонавий тенденциялар ва бу борадаги жаҳон қонунчилиги тажрибаларини ўрганиш ва амалиётга жорий этиш;
– халқаро алоқаларни янада ривожлантириш, бугунгача қабул қилинган халқаро ҳужжат ва меморандумлар ижросини мониторинг қилиш ва таъминлаш;
– аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини мустаҳкамлаш йўлида соғломлаштириш масканлари ҳамда болалар оромгоҳлари фаолияти сифатини мунтазам ошириб бориш, янги ва замонавий муассасалар қуриш кўламини кенгайтириш;
– мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат, жумладан, «Аёллар дафтари» ­лойиҳаси ижросини самарали амалга ошириш.
Барчамиз англаб турибмизки, биз улуғ давлат – Янги Ўзбекистонни барпо этишни ният қилганмиз. Бу ҳаммамиздан тинимсиз ҳаракатни, фидойиликни талаб этади. Биз эса, ўтаётган ҳар бир кунимиз ғурур ва ифтихорга тўла бўлишини истаймиз. Зеро, буюк тарих шундай яратилади.
Турли касб, эътиқод ёки маданиятга мансублигимиздан қатъи назар, бизни бугун битта улуғ ғоя – ВАТАН МАНФААТИ бирлаштиради. Шундай экан, барчамиз учун азиз бўлган ВАТАН ОМОН БЎЛСИН!


Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси,
сенатор


Долзарб мавзулар

Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 3975 16:57 | 05.08.2023