Қалбга озуқа эмас, оғу солаётган қўшиқлар
Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётган қўшиқларнинг мазмуни ва савияси жамоатчилик орасида жиддий баҳсларга сабаб бўлмоқда. Ҳақиқат шундаки, санъат инсон қалбига таъсир қилувчи энг кучли воситалардан бири ҳисобланади. Бироқ сўнгги йилларда қўшиқчилик соҳасида сифат эмас, миқдор устувор аҳамият касб этмоқда. Натижада, мазмунан савиясиз, беҳуда, баъзан ҳатто ахлоқий меъёрларга зид қўшиқлар кенг омма орасида тарқалмоқда.
Кеча таксида кетаётганимда, ҳайдовчи – тахминан 60 ёшдан ошган бир киши – менга қараб:
Ўғлим, сизга қандай қўшиқлар ёқади? – деб сўради.
– Мен учун қўшиқнинг тури муҳим эмас, эшитсам, роҳат қилиб тингласам, бўлди, – дедим.
Шунда у жилмайиб:
Ундай бўлса, сизга бир қўшиқ қўйиб бераман, фикрингизни айтасиз, – деди.
Мен "хўп" дедим. Бир пас ўтмай машинада қуйидаги қўшиқ янгради:
Лабингда паммада, памма паммада,
Ёнимда юрма-да, юрма – юрма-да…
Лабингда паммада, памма паммада,
Ёнимда юрма-да, юрма – юрма-да...
Ана сизга қўшиқ, мана сизга қўшиқ! Мен эса лол қолдим: “Шундай қўшиқлар ҳам борми?! Шунақасини ҳам одам эшитарканми?!”
Бир-икки қаторини айтмаганда, қўшиқ деярли фақат шу сўзлардан иборат. Уни тингласангиз, на кулишни, на энсангизни қотиришни, на ҳайратланишни биласиз….
Тўғри, санъаткорларнинг йўналиши бошқача бўлиши мумкин, лекин улар бир нарсани англаб етишмаяпти – бу турдаги қўшиқлар бизнинг менталитетимизга мос эмас. Бу бизнинг санъатимиз эмас.
Қўшиқда аёлнинг “лаби” ёки “памада”си ҳақида очиқ-ошкора куйлаш қанчалик тўғри? Бу оҳангни ҳар хил ижтимоий қатлам, ҳар хил ёшдагилар эшитишини унутмаслигимиз керак. Айниқса, ёшлар бу каби қўшиқлардан таъсирланиб, буни “нормал” ҳол деб қабул қилишади. Аммо бу “норма” ким томонидан, қандай мезон асосида яратилган?
Бир замонлар аёллар жамиятда ўз ор-номуси, ҳаё ва иффати билан қадрланар эди. Паранжилар ортида нафақат уларнинг юзлари, балки безаклари ҳам яширинган бўларди. Бугун эса, биз "замонавийлик" деб, очиқ-сочиқ, нозик мавзуларни қўшиққа аралаштиришни «санъат» деб ўйлай бошладик. Бундай асарлар ёшлар қалбида қандай из қолдиради?
Санъаткорларга оддий савол: шу қўшиқ ва клипга сарфлаган маблағингизни маъноли, ижтимоий, маданий жиҳатдан фойдали, эшитганда руҳни юксалтирадиган, фикрлашга ундайдиган, хулоса чиқаришга ўргатадиган бир асарга сарфласангиз бўлмасмиди?
Санъат – бу масъулият. У жамият кайфиятига, авлод тафаккурига таъсир қилади. Бугунги “машҳурлик” эрта тонгда унут бўлиши мумкин, аммо сиз тарғиб қилган фикр ва кайфият ёш онгда узоқ муддатга қолади. Шу сабаб, ҳар бир сатр, ҳар бир саҳнанинг – нафақат ижодкор, балки жамият олдида ҳам масъулияти бўлиши лозим.
Тўғри, эҳтимол мен сизнинг санъатингизни чуқур англамасман. Аммо тенгдошларим бу қўшиқ ва шунга ўхшаш “минглаб” асарларни қандай қабул қилишини жуда яхши биламан. Ўсмирлар онгини қайси томонга йўналтирсангиз, улар ҳам айнан шу йўлдан юраверади. Чунки уларнинг фикрлаш қобилияти ҳали шаклланиш босқичида – улар яхши билан ёмонни, тўғри билан нотўғрини тўла англаб етмайди.
Улар сизга тақлид қилади, сиз каби бўлишга ҳаракат қилади. Энди ўзингиз айтинг, саҳнада масхарабозлар каби кийинсангиз, қўшиқларингизда кимнингдир лаблари ёки пардоз воситалари ҳақида куйласангиз, ундан ёшлар қандай маънавий озуқа олади? Бугунги авлод нега ўзбекнинг чинакам миллий қўшиқларини билмай қолган? Сабаби оддий: Битта тиррақи бузоқ, бир тўп подани бузади. Кимларнингдир “ижоди” сабаб асл қўшиқларимиз қадрсизланиб бораётгани бор гап.
Қўшиқ ва “қўшиқ” ўртасидаги фарқни ўргатадиган, ижодий маҳсулотнинг бадиий қимматини баҳолайдиган тизимлар қаерда? Ёки бундай кенгашлар йўқми? Агар шундай кенгашлар бўлганида, ишлаганида, юқоридаги каби сатрлар оммалашиб кетмаган бўлармиди?
Ёш авлод қўшиқлар орқали дунёқарашини шакллантиради. Агар улар беҳаё, мазмунсиз, зўравонликни тарғиб қилувчи қўшиқлар билан ўсса, уларда турли ижтимоий иллатларга мойиллик пайдо бўлиши эҳтимоли ортади. Беъмани қўшиқлар ҳақиқий санъат асарлари билан рақобатлашадиган даражада кўпая бошлади. Бу ҳолат санъатни қадрламасликка олиб келади. Баъзи қўшиқлар миллий анъаналар ва маънавий меросимизга зид ғояларни тарқатади. Бу эса миллий ўзлигимизни йўқотиш хавфини туғдиради.
Нима қилиш керак?
Ҳар бир ижодкор ўз сўзининг кучини англаб етиши, ижодида мазмун ва маънавиятни биринчи ўринга қўйиши лозим. Телевидение ва радиоларда, шунингдек, рақамли платформаларда қўшиқларни эфирга узатишда саралаш ва стандартларни жорий этиш зарур. Тингловчилар беъмани қўшиқларга эътибор қаратмаслик, уларни танқид қилиш ва ёшлар орасида маънавий қўшиқларни тарғиб қилиш орқали бу муаммонинг олдини олишга ҳисса қўша олади.
Бу, албатта, менинг шахсий фикрим. Ҳар ким уни ўзича англайди, хулосани эса онгида шакллантиради. Аммо бир нарсани ёдда тутинг: сиз оммага чиқаётган ҳар бир сўзингиз, ҳар бир саҳна ҳаракатингиз учун жавобгарсиз. Сизни уч-тўрт киши эмас, минглаб инсонлар кузатмоқда. Шунинг учун бирор нарса тақдим этишдан олдин чуқур ўйлаш, масъулиятни ҳис қилиш муҳим.
Даврон ЭРГАШЕВ
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0