Мавжуд бино ва иншоотлар қиймати бозор нархидан 4-5 баробар арзон баҳоланяпти – Мирзиёев
“Ваҳоланки, уларнинг ҳақиқий бозор баҳоси бундан камида 4-5 баробар кўп”, – дейди Шавкат Мирзиёев ер ҳисобини юритишга доир йиғилишда.
Шавкат Мирзиёев раислигида ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ер ҳисобини юритиш ҳамда кадастр хизматларининг сифатини яхшилаш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.
Унда давлат раҳбари ер ҳисобини юритишдаги камчиликлар, жумладан, ер майдони ҳамда бино ва иншоотларнинг ҳақиқий бозор баҳоси ҳисобланмаганини танқид қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистондаги 44 миллион 800 минг гектар ер майдони, 8 миллион 300 мингта бино ва иншоотнинг мулк сифатидаги бозор баҳоси ҳисобланмаган. Ҳисобланса, уларнинг баҳоси ҳозиргидан 4-5 баробар кўпроқни ташкил қилади.
“Ҳозирда мавжуд бино ва иншоотларнинг шартли кадастр қиймати 70 миллиард долларни ташкил қилади. Ваҳоланки, уларнинг ҳақиқий бозор баҳоси бундан камида 4-5 баробар кўп.
Бунга ернинг бозор қийматини ҳам қўшса, биласизларми аҳоли ва тадбиркорларда қанчадан-қанча иқтисодий актив бўлади”, – деди Президент.
Давлат раҳбари, юқоридаги муаммоли масала, аввало, ер ҳисобини жой-жойига қўйиш билан ҳал этилишини таъкидлади.
“Лекин айрим ҳокимлар ва вазирлар буни ҳисоб-китобини ҳали ўйлаб ҳам кўрмагани, ўзига бирор-бир вазифа ҳам белгилаб олмаган”, – дейди Мирзиёев.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0