Сайт тест режимида ишламокда
    Валюта UZS
  • USD

    12 915.0715.07

  • EUR

    14 659.9064.84

  • RUB

    156.43-0.89

+32C

+32C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Янги Ўзбекистон суратлари
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари

Toshkent Shahar

+32c

  • Hozir

    +32 C

  • 19:00

    +30 C

  • 20:00

    +26 C

  • 21:00

    +25 C

  • 22:00

    +23 C

  • 23:00

    +19 C

  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Toshkent

Toshkent Shahar

Yakshanba, 04-May

+32C

  • Hozir

    +32 C

  • 19:00

    +30 C

  • 20:00

    +26 C

  • 21:00

    +25 C

  • 22:00

    +23 C

  • 23:00

    +19 C

  • Yakshanba, 04

    +32 +20

  • Dushanba, 05

    +33 +20

  • Seshanba, 06

    +34 +20

  • Chorshanba, 07

    +34 +20

  • Payshanba, 08

    +28 +20

  • Juma, 09

    +26 +20

  • Shanba, 10

    +29 +20

  • Yakshanba, 11

    +30 +20

Hududlar

  • Toshkent Shahar
  • Andijon
  • Namangan
  • Sirdaryo
  • Surxandaryo
  • Qashqadaryo
  • Xorazm
  • Navoiy
  • Buxoro
  • Qoraqaplog’iston
  • Farg’ona
  • Toshkent vil.
  • Jizzax

ЖАДИДЛАР ВА КАСАБА УЮШМАЛАРИ

Жадидчилик ҳаракати, жадидлар фаолияти ҳақида кўп ва хўб ёзилган, тадқиқотлар қилинган, бироқ уларнинг касабачилик ҳаракатидаги фао­лияти ҳозиргача чуқур тадқиқотга муҳтож бўлиб келмоқда. Бугунги мақоламизда жадидларнинг касаба уюшмаси ташкилотларидаги фаолиятларига мухтасар тўхталиб ўтамиз.
Жамият
140 11:05 | 04.05.2025 11:05

1917 йилнинг апрель-май ойларида Туркистоннинг жуда кўп шаҳарларида маҳаллий меҳнаткашларнинг касаба уюшмалари ва ташкилотлари пайдо бўлган эди. Масалан, Тошкентдаги минг­га яқин ўзбек ишчисини бирлаштирган бинокорлар (Усталар жамияти, ташаббускорлари: олмазорлик Очил Бобожонов, мерганчалик Султонхўжа Қосимхўжаев), қора ишчилар (охунгузарлик
А. Абдурашидов), металлистлар союзи (Қулмат Холмуҳамедов) шундайлардан эди1.


Авлоний ҳам бундан руҳланиб, «1917 йилда Тошкентда ерли халқлар орасида бошлиқ бўлиб, «Ўқитувчилар союзи» ва бошқа бир неча рабочий союзлар ташкил қилдим», деб ёзади ўз таржимаи ҳолида2.


1918 йилда эса Тошкентнинг эски шаҳарида «қоровуллар, тунукасозлар, собун ишловчилар союзлари»ни ташкил этади3.


Касаба уюшмалари фаолиятининг билимдони бўлган Авлоний 1920 йилда «Касабачилик ҳаракати» журналининг ношири ва бош муҳаррири бўлади.


«Касабачилик ҳаракати» журналининг 1921 йил 1 апрелдаги 7-сонида «Илгариги ва ҳозирги касаба иттифоқлари» сарлавҳали мақола берилган. Унда Абдулла Авлоний «Ишчилар синфининг дастмоя (йирик иш эгалари, бой, зодагонлар) билан курашув уюшмалари сифатида бўлғон касаба иттифоқлари бизнинг Русияда (Россияга қарам бўлган Туркистон заминида)1905 йилда ташкил қилинуб, касабачилик ҳаракатининг биринчи даври мана шул санадан бошланадур», деб ёзади4.


«Касабачилик ҳаракати» журналининг ушбу сонида касаба уюшмалари аъзолари билим ва маърифат олишга, ўз устиларида ишлашга, илм-фан чўққиларини забт этишга чақирилади. Чунончи, «Жумҳуриятимизнинг тараққий ва таолийси (равнақи ва ривожланиши) халқимизнинг билим ва маорифининг тараққий қилмоғига боғлиқдир», ­дейилади5.


«Биздаги касаба уюшмалари» номли мақоласи, айниқса, 1921 йиллардаги касаба уюшмалари аъзоларини уйғонмоққа, жиддий ҳаракат қилмоққа ундовчи танқидий мақолалардан бири бўлган. Остида муаллиф сифатида Абул Файзий тахаллуси ёзилган ушбу мақола «Инқилобга (1917 йилдаги Октябрь инқилоби назарда тутилмоқда) ишчиларни ҳозирлаган ва бошларини бириктурган ва сиёсий онг тарқатган касаба уюшмаларидир», деб бошланади. Муаллиф зудлик билан касаба уюшмалари ташкилотларини тузиш, бирлашиб ҳаракат қилиш, уйқудан уйғониш, касабачилик ишларини мукаммал йўлга қўйишни ўша даврнинг энг муҳим вазифаси сифатида баён этади:


«Лекин биз мусулмонларға келганда «Афсус экинзорини силаб олибдур, деҳқонни палокат босиб, уйқуда қолибдур», деганидек, ҳамон уйқуда, ғафлатда, касолатда, ўз орамизда шахсий адоватлар билан ўймалашиб ётамиз, синфий кураш майдонига ботирлануб чиқмаймиз. Вақт ва замоннинг тақозоси бизни уюшмоққа, синфий иттифоқларимизни жиддий равишда ташкилот ясамоқға таклиф қиладур.


Ҳозирги ҳур ва озодлик даврининг энг муҳим шиориндан бири «Ташкилот, ташкилот»дир. Мана бу ташкилот бутун ишчи, косиб, меҳнаткашларни бир-бирига тўплайдур, куч ва қувватларин бир-бириға йиғадур ва бу иттифоқ соясида меҳнаткаш халқ ўзларининг хоҳлаган ишларин, лозим бўлғон талаб­ларин ҳукумат доираларига англата ва етқуза оладур.


Қисқача айтганда, ишчи халқ учун ҳур ва озодлик майдонидур.


Билмадим, бизлар қачон бу синфий кураш майдонига чиқуб, касаба уюшмаларимизни чин маъноси билан жиддий равишда йўлга қўямиз?


«Бўйла хароба ҳолда ётурмиз қачонғача, Ноз уйқусинда тош­ча қотурмиз қачонғача?!6».


«Касабачилик ҳаракати» журналида махсус «Тошканд хабарлари» рукни ташкил этилган. Ундаги бир хабарда айтилишича, «Касабалар ҳафталиги» ўтказиб турилган. «Касабалар ҳафтаси бошланди» мақоласида баён этилишича, 1921 йил 25 март куни Тошкентнинг эски ва янги шаҳарида жумалик ҳашар тадбири ўтказилган.


Тадбирда Эски жўва майдонида касаба уюшмаларининг вазифалари ва бошқа мавзулардаги маърузаларда европалик мутахассислар ҳам иштирок этганлиги, кечки пайт эса Эски шаҳар ижроқўм биносида умумий халқ йиғини ўтказилгани, «Турон» биносида халқ учун театр спектакли қўйилгани, Янги шаҳар «Колизей» биносида турли мавзуларда маърузалар қилингани, янги техникалар ва уларнинг ишлаб чиқарган маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, батафсил маълумот берилгани, касаба уюшмаси аъзолари ҳукумат идоралари ва бошқа ерлардаги бино ва иншоотларда ободонлаштириш ишларини олиб борганликлари баён этилган7.


ХХ аср тараққийпарвари, ношир ва матбаачи, истеъдодли публицист, ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби бўлган Муҳаммад Саид Аҳрорий (1895 – 1931) касаба уюшмаси томонидан чоп этилган яна бир журнал ҳақида маълумот берган.


Муаллифнинг ёзишича, 1923 йилнинг март ойида марказ касабалар шўроси ҳузуридаги «Нашри маориф» шуъбаси томонидан шу номда икки ҳафталик адабий, фанний, иқтисодий ва сиёсий журнал чиқарилган8.


«Нашри маориф» журнали 1923 йил 20 мартда Бухоро марказий касаба уюшмаси қошидаги нашр шуъбаси томонидан чоп этила бошланган. Нашрга Хабир Абдуллаев масъул муҳаррирлик қилган бўлса-да, умумий раҳбарликни Эшон Атоуллахўжа олиб борган. Унда Саид Аҳрорий, Мустафо Сайфулмулуков ва бошқалар ўз мақолалари билан иштирок этишган. Бироқ 2-3-сонлари чиққанидан сўнг журнал ўз фаолиятини тўхтатган9.


Касаба уюшмалари фаолиятини ривожлантиришда фаол иштирок этган жадид намояндаларидан яна бири – шоир Тавалло (1883 – 1937)дир.


Бу шоирнинг исми-шарифи Тўлаган Хўжамёров бўлиб, XX аср бошида Тошкентда етишган, халқ ўртасида катта шуҳрат қозонган истеъдодлардан. У 1915 йилда Авлонийлар ташаббуси билан тузилган «Турон» жамиятида фаолият кўрсата бошлайди. Лекин асл касби – савдо ишларидан узилиб кетмайди. 1917 йил воқеаларига қадар мазкур соҳада мунтазам ишлайди. 1918-19 йилларда Тошкентнинг дастлаб Эски шаҳар, сўнг Янги шаҳар ижроия қўмиталари аъзоси, 1922 йилгача Республика коллегия аъзоси, 1922-23 йилларда ушбу ташкилотнинг Эски шаҳар ижроия қўмитаси аъзоси, шикоятлар бюроси аъзоси, Фарғона ревтрибунал аъзоси вазифаларини бажарган.


1924 йилдан ички ишлар ва давлат муҳофазаси тизимидан узоқлашади, касаба уюшмасига ўтади. Ташсоюз (Тошкент шаҳар касаба уюшмаси) бошқармаси ­аъзоси, 1925-26 йилларда эса Тошкент саноат бирлашмаси – Кустпромсоюз (Ҳунармандчилик саноати касаба уюшмаси) раиси бўлиб ишлайди.


Тавалло 1927 йил 23 октябрда молиявий камомад айби билан партиядан ўчирилиб, 5 йиллик қамоққа ҳукм қилинади, бироқ 1928 йилнинг 11 январида, айби исботланмаганлиги сабабли, озод этилади10.


1937 йил 14 августда Тавалло «аксил­инқилобий», «Турон», «Шўройи ислом», «Иттиҳоди тараққий», «Миллий иттиҳод», «Миллий истиқлол» ташкилотларининг аъзоси, «Миллионернинг ўғли», «шеърларида миллатчилик ғояларини илгари сурган»ликда айбланиб, яна қамоққа олинади.


1937 йил 19 октябрда НКВД қошидаги учлик мажлисида Тавалло отиб ўлдиришга ҳукм қилинади. Ҳукм ўша йил 10 ноябрда ижро этилади11. Адиб 1968 йил 18 октябрда оқланган.


Туркистон касабачилик ҳаракатининг ёрқин вакилларидан яна бири – ўзбек миллий романчилигининг асосчиси, пуб­лицист, ҳажв устаси, тилшунос ва таржимон Абдулла Қодирий (1894 – 1938) дир.


У оилавий шароит тақозоси билан болаликдан маҳаллий савдогарларга котиб­лик қилди. 1917 йилги Октябрь тўнтаришидан сўнг Эски шаҳар озиқа қўмитасининг саркотиби, «Озиқ ишлари» газетаси муҳаррири, Касаба уюшмаси саркотиби лавозимларида ишлаган.


Абдулла Қодирийнинг касаба уюшмаси ишларига расман кириб келиши унинг 1918 йил бошларида «Эски шаҳар озиқ комитети»нинг ўзбек котибиятига ишга қабул қилингандан бошланган, ­дейиш мумкин.


ЎзФА Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими, ф.ф.н. Санобар Тўлаганова «Абдулла Қодирий публицистикаси билан боғлиқ айрим масалалар» мақоласида Абдулла Қодирийдан ушбу иқтибосни келтиради: «1918 йилнинг бошларида «Эски шаҳар озиқ комитети»ни бойлар қўлидан олинуб, комитетнинг раислигига ўртоқ Султонхўжа Қосимхўжаев ­тайинланган эди ва мен мазкур комитетнинг ўзбекча саркотиблигига кирдим». Шундан хулоса этиб, олима ёзувчининг бу вақтда касабачилик ишлари билан шуғулланганини қайд этади12.


Шу ўринда Султонхўжа Қосимхўжаевнинг касаба уюшмаларини ташкил этишдаги фаоллиги ва фидойилигини айтиб ўтиш жоиздир. Зеро, у ҳудудларда ишчиларнинг касаба уюшмаларини ташкил этиш кампанияси бошланган бир даврда завод ва фабрикаларда бўлиб, ишчилар ўртасида касаба уюшмаларига бирлашишга тарғиб қилган шахслардан биридир.


1917 йилнинг бошида С.Қосимхўжаевнинг ташаббуси билан турли касб эгаларидан иборат 17 нафар ишчи йиғилиши чақирилиб, унда касаба уюшмаларини тузиш масаласи кўриб чиқилган.


Кейинги худди шундай йиғилиш 1917 йилнинг май ойида 50 нафар ишчи иштирокида ўтказилиб, касаба уюшмаси тузиш тўғрисида қарор қабул қилинган. 1917 йилнинг июнь ойида Тошкент Эски шаҳар қурувчи ишчилар касаба уюшмаси тузилиб, Султонхўжа Қосимхўжаевнинг ўзи унга раис, акаси Акбархўжа Қосимхўжаев эса уюшма котиби этиб сайланган.


Шу билан биргаликда, 1917 йилнинг август ойида у 13 та ташкилотни бирлаштирган Туркистон мусулмонлари касаба уюшмалари кенгашига раис этиб сайланган.


Абдулла Қодирий саркотиблигидаги Эски шаҳар Озиқ комитети мавжуд эски тегирмонларни таъмирлаш, новвойхоналар фаолиятини яхшилаш, арзон ошхона ва овқатланиш масканларини очишда жонбоз­лик кўрсатади, 47 000 аҳолини бепул озиқ-овқат билан таъминлаш ишларини олиб боради13.


А.Қодирий 1919 йил бошида «Озиқ ишлари» газетаси муҳарририга айланади. Мазкур газетанинг 1918 йил 29 августдаги 13-сонида берилган «Халққа газлама берув хусусинда» мақоласи ва «Эълон»дан Эски Тошкандда мавжуд бўлган ва фаолият юритган 33 та касаба уюшма жамиятлари ҳақида маълумот олиш мумкин.


Мақолада Эски Тошканд озиқ шуъбаси томонидан аҳоли жон бошига чораккам беш газдан газлама навбат ва карточка орқали берилиши таъкидланади. «Агарда (касаба) союз аъзолари навбат вақтида газлама ололмай қолсалар, ул вақтда ўзларини маҳалла халқи ила баробар олурлар14. Союз аъзолари газлама олмоққа келганда союзларнинг картўчкаси ила келмоқлари лозимдир. Газлама бериладирған ер Тақачилик (маҳалласида)ги «Калид қарта» магазини биносида бўлур».


Бу фикрдан кўринадики, халққа газлама ёки бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишда биринчи бўлиб, маҳалла-маҳалла бўлиб эмас, балки касаба союзлари орқали тарқатиш йўлга қўйилган. Касаба уюшмалари орқали ололмай қолган ёки касаба уюшмаси аъзоси бўлмаган аҳоли ўзи истиқомат қиладиган маҳалласи навбати келганда олганлиги аниқ-равшан бўлади.


Абдулла Қодирийнинг «Озиқ комитети»даги саркотиблик фаолияти касаба уюшмалари Шўроси (бизнингча, Марказий кенгаши) эътиборига тушади ва у энди Шўрога ишга таклиф этилади. «1920 йилда Касабалар шўросига саркотиб бўлиб ишга кирдим ва Эски шаҳар касабачилик ҳаракати тўғрисида газеталарда мақолалар ёзиб турдим»15, деб ёзади Қодирий.


1 Б.Қосимов ва бошқалар. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти, Т. «Маънавият», 2004, 175-176-бетлар.


2 Жадид адабиёти намояндалари. Абдулла Авлоний. Забаржад Медиа, 2024. «Таржимаи ҳолим», 16-бет.


3 Шу асар, 16-бет.


4 «Касабачилик ҳаракати» журнали. 1921 йил 1 апрель, 7-сон, 3-бет.


5 Шу журнал, 13-бет.


6 «Касабачилик ҳаракати» журнали. 1921 йил 1 апрель, 7-сон, 14-15-бетлар.


7 «Касабачилик ҳаракати» журнали. 1921 йил 1 апрель, 7-сон, 16-бет


8 С.Мирвалиев. Абдулла Қодирий шеърияти. https://uzsmart.ru/kutubxona/asarlar/3168-абдулла-қодирий-шеърияти-sobir-mirvaliyev.html.


9 Хамракулов, С. (2023). Журналы, изданные в Туркестане в годы советской влас­ти (1918-1924). Актуальные проблемы истории Узбекистана, 400-405. https://inlibrary.uz/index.php/history-of-uzbekistan/article/ view/161


10 Б.Қосимов ва бошқалар. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти, Т. «Маънавият», 2004, 200-бет.


11 Б.Қосимов ва бошқалар. Миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти, Т. «Маънавият», 2004, 201-бет.


12 Қатағон қурбонлари ва уларнинг адабий-бадиий ҳамда публицистик мероси («Ўзбекистонда сталинча қатағонга учраган ва фаолияти кам ўрганилган маданият ва жамоат арбобларининг фаолияти ҳамда илмий-маърифий, ижодий меросининг истиқлол йилларида ўрганилиши» мавзуидаги ­Респуб­лика илмий-амалий анжумани материаллари, 2015 йил 15 апрель), масъул муҳаррир Н.Каримов. – Тошкент: 2015. – 69 бет.


13 Ўша жой, 17-бет.


14 Шу китоб, 241-бет.


15 С. Тўлаганова, «Ўзбекистон адабиё­­ти ва санъати» газетаси, 2015 йил 28-сон; Қатағон қурбонлари ва уларнинг адабий-бадиий ҳамда публицистик мероси, масъул муҳаррир Н.Каримов. – Тошкент: 2015., 71-бет.



Ҳаётжон ШАРИПОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси раиси маслаҳатчиси



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 3941 16:57 | 05.08.2023