+18C

+18C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Хоразм олмонлари ҳақида эшитганмисиз?

845 11:59 | 21.02.2026 11:59

Бундан қарийб бир ярим аср олдин Европадан кичик бир қавм Хоразм хонлигига кўчиб келади. Меннонитлар номи билан танилган хорижликлар олмон миллатига мансуб эди. Уларнинг минглаб чақирим йўл босиб, бегона юрт, ўзга тил, бегона дин вакиллари юртидан бошпана сўраб келишига ўзига яраша сабаблар бор эди, албатта.


1496-1561 йилларда Нидерландияда яшаб ўтган Менно Симонс исми шарифли насроний руҳонийси ўз қавмдошлари орасида янгича қараш ва ғояларни илгари суради. Унга кўра, меннонитлар асосан деҳқончилик ва ҳунармандчилик билан шуғулланиб, жамоа бўлиб яшашган. Мулкига ёки жонига тажовуз қилганларга жавоб қайтаришни, урушларда қатнашишни, умуман одам ўлдиришни оғир гуноҳ, деб ҳисоблашган.


Айнан давлатлар ўртасида тез-тез урушлар бўлиб турадиган ўша замонларда ўзлари яшаб турган ҳудуд қиролининг қўшинига одам беришдан бош тортишлари уларнинг қувғин қилинишига, юртма-юрт саргардон кезишига сабаб бўлган.


Шундай қилиб, 1880 йиллар бошида меннонитларнинг бир гуруҳи бошпана сўраб Хоразм хони Саид Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз)га мурожаат қилишади. Хон уларга Хива яқинидан ер ажратиб беради. Ўзга дин вакилларига нисбатан хонликда ҳурмат билан муносабатда бўлинишини таъминлаш, уларга нисбатан ҳар қандай зўравонликни тақиқлаш, меннонитларни 1 йилга ер солиғидан, 4 йилга ариқларни қазиш, уйларни таъмирлаш ва шу каби бошқа жамоат ишларидан озод қилиш тўғрисида фармон беради.


Меннонитлар маҳаллий деҳқончилик учун одатий бўлмаган картошка, бақлажон, помидор, бодринг, карам ва ҳар турли зираворлар етиштириш, чорвачилик, ҳунармандчилик билан шуғулланишган.


Улар, айниқса, ҳалоллиги, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмаслиги билан маҳаллий аҳолининг ҳурматини қозонган. Шу боис айрим хоразмликлар ўзларининг мол-ҳол ва дон-дунларини ўғрилардан сақлаш учун айнан меннонитларга бериб қўйишган.


Меннонитларнинг ёғоч ўймакорлиги ва ҳунармандчилик борасида ҳам моҳир эканлиги тез орада тилга тушган. Бадавлат хоразмликлар уйларининг эшик ва дераза ромларини ясашни, пол қилишни уларга топширишган. Ўзига тўқ хиваликларнинг хонадонидан улар ясаган стол-стул, жавон, бошқа ошхона жиҳозлари жой олган.


XX аср бошида Хивада қурилган ва хоннинг расмий қабуллар учун мўлжалланган қароргоҳи бўлган Нуруллабой саройи қурилишида ҳам меннонитлар фаол иштирок этишган. Улар Россиядан келтирилган эман ва заранг дарахтлари ёғочидан саройнинг эшик ва деразаларини, карнизларини ҳамда маҳаллий меъморчилик учун янгилик бўлган мураккаб геометрик шаклга эга паркет полини ясашган.


Хива ва унинг атрофида яшовчи аҳоли фарзандларини немис тилини ҳамда маҳаллий халқ орасида урф бўлмаган касбларни ўрганиши учун меннонитларга шогирдликка беришган. Масалан, биринчи ўзбек фотографи ва кинооператори Худойберган Девоновни сураткашликка ошно этган ҳам айнан олмон мухожири Вильгелм Пеннер эди.


Совет ҳокимияти эса маҳаллий аҳоли билан аҳилликда, яхши қўшни бўлиб яшаб келаётган меннонитларнинг тинч ҳаётига яна оғу солади. 1937 йилнинг совуқ қиш тунларидан бирида улар ёппасига сургун қилинади. Ҳовли-жойлари, мол-ҳоллари қолиб кетади, хатто айримлар қозонида пишиб турган овқатини ейишга ҳам улгурмайди...


Журналист, ёзувчи Нур Аҳмад узоқ йиллик изланишлари натижасида асли Нидерландияда яшаган олмон миллатига мансуб меннонитларнинг Хивага келиб қолиши, бу ердаги ҳаёти, кечмишларига бағишланган «Хоразм немислари» номли ҳужжатли қиссасини ёзди. Унда юқорида баён этилган воқеалар, яъни, меннонитларнинг маашаққатли ҳаёти бадиий бўёқларда, қизиқарли ва жонли тарзда ёритиб берилган.


Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган тақдимотда таниқли ижодкорлар, адабиётшунос олимлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида нашр этилган «Хоразм немислари» ҳужжатли қиссасининг халқимизга хос бағрикенглик, ўзгаларга меҳр кўрсатиш каби фазилатлар соҳиби экани ҳақида ҳам маҳаллий, ҳам чет тилли ўқувчиларга қимматли маълумотлар бериши, тарихимизнинг маълум бир даври ҳақидаги тасаввурларни бойитишга хизмат қилиши тўғрисида сўз юритишди.


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид