+30C

+30C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Қурилиш ташкилотларига: Тошкент “бедарвоза” шаҳар бўлмаслиги керак!

Бир неча кун олдин пойтахтнинг Яккасарой туманида фавқулодда ҳолат рўй берди. Better best қурилиш компанияси бунёд этаётган тураржой мажмуаси қурилишида канализация қувури ёрилиб кетди. Албатта, пойтахтликлар учун ўта нохуш ҳолат. Бундан ҳам ёмони, Шота Руставели кўчасида қурилиш ишлари давомида шикаст етказилган қувурдан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилгани аниқланди. Буни Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси тасдиқлади. Мазкур воқеаларни кўриб, қурилиш ташкилотлари “шаҳар бедарвоза” тамойилига амал қилади деб ўйлайсан, киши.
Жамият
40 14:11 | 07.07.2026 14:11

Бугун Тошкент улкан қурилиш майдонига айланди. Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Ўзбекистон аҳолиси салкам 40 миллион кишига етди. Тошкент эса ҳали-ҳануз республиканинг энг гавжум ва ривожланган ҳудуди бўлиб қолмоқда. Катта талаб туфайли пойтахтда уйлар қурилиши жадал кетмоқда. Бироқ, бу ҳамма нарсага рухсат берилади, дегани эмас.



3 кун аввал тармоқда Тошкент марказидаги қурилиш майдонларидан бирида канализация қувури ёрилиб кетгани тасвирлари тарқалди. Қурилиш фирмаси кўп қаватли уй қурилишида белгиланган шарт асосида марказий канализация қувурини кўчирмасдан котлован қазиган. Оқибатда тупроқ ўпирилиб, канализация қувури узилиб кетган. “Ўзсувтаъминот” АЖ вакили 10-12 соатда ҳолат бартараф қилинишини билдирди. Бир эътиборсизлик ортидан юзага келган муаммо ортидан иккинчисини етаклаб келди: қувурдан чиққан оқова сув Салор каналига оқизилган. Натижада жиддий экологик ҳолат вужудга келди.



Мавжуд тартибга кўра, канализация сувларини оқар сувлар, ариқлар, каналлар ёки дарёларга оқизиш мумкин эмас. Канализация сувлари таркибида инсон ва ҳайвонлар соғлиғи учун ўта хавфли бўлган бактериялар, вируслар (масалан, гепатит, вабо, ичбуруғ қўзғатувчилари) ва гельминт (қурт) тухумлари бўлади. Инсонлар истеъмол қилишини четга суриб турайлик (бу ҳақда тасаввур қилишнинг ўзи даҳшатли) канал сувидан одамлар чўмилиш, томорқа суғориш ёки ҳайвонларни суғоришда фойдаланганда бу касалликлар тез тарқалади. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига (хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга) асосан, сув объектларини ифлослантириш ва оқова сувларни белгиланмаган жойларга оқизиш қатъиян тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун фуқароларга ҳам, мансабдор шахсларга ҳам йирик миқдорда жарималар белгиланган. Агар бу ҳолат оғир оқибатларга (масалан, оммавий заҳарланишга) олиб келса, жиноий жавобгарлик ҳам келиб чиқиши мумкин.



Лекин ҳозирча мазкур масала юзасидан кимгадир чора кўрилгани ҳақида маълумот мавжуд эмас. Ҳолат юзасидан пойтахт экология бош бошқармаси бошлиғи А. Расулов, лаборатория мутахассислари ҳамда Яккасарой тумани экология назорати инспекцияси давлат инспекторлари иштирокида тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, воқеа жойига чиқиб ўрганилганда оқова сув Салор каналига тўғридан тўғри ташлаш ҳолати тасдиқланган. Ҳолат юзасидан бошқарма таҳлилий лабораторияси мутахассислари томонидан канал сувидан белгиланган тартибда намуналар олиниб, лаборатория таҳлилига юборилган.



Албатта, уйлар аҳолимизга керак. Лекин, биз учун экология, атроф-муҳит масаласи, тозалик биринчи ўринда бўлиши керак эмасми? Айнан канализация суви оқизилган Салор канали бўйича маълумот излаганимизда, кишини ҳушёр торттирадиган бир маълумотга дуч келдик. Бир неча йил аввал Гидрометеорология хизмати Тошкентдаги каналларнинг экологик ҳолати юзасидан текширув ўтказган. Эътиборли томони, Салор канали суви энг ифлосланган ҳавзалардан бири дея топилган. Бу канал Тошкент шаҳридаги Ҳайвонот боғи, Ботаника боғи, Экопарк, Мирзо Улуғбек истироҳат боғлари ҳудудидан оқиб ўтади. Унинг Экопарк ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ахлат уюмлари ташланганига кўп гувоҳ бўлиш мумкин.



Сўнгги йилларни қўя турайлик. “Аввалги беш йиллик таҳлилларга назар солиб шуни кўриш мумкинки, Салор каналида 2015 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Тошкент шаҳри остидаги қисм ифлос сувларнинг IV синфига, 2019 йилда эса жуда ифлос сувларнинг V синфига, Янгийул шаҳридан пастдаги қисми 2015 йилдан 2019 йилгача бўлган даврга тегишли V синфдаги жуда ифлос сувларга мансуб, деб топилган”, дейилади “Оила ва табиат” нашри эълон қилган мақолада.



Хуллас, Салор канали яқин орада Тошкентдаги йирик экологик муаммога айланишга яқин турибди. Шуни кўра-била туриб, унга канализация сувини оқизганларни қандай тушуниш мумкин? Ёки улар канал аллақачон чиқинди ташувчи сув ҳавзасига айланди, дея ўйламоқдами?!



Тўғри, ҳозирда Ўзбекистон бўйлаб умумий канализация ва тозалик муаммоси ўта ёмон ҳолатда эмас. Масалан, Ҳиндистонда ҳали ҳам сув ифлосланиши туфайли (айниқса, болалар ўртасида диарея, гепатит А ва ифлосланган сувдан келиб чиқадиган бошқа касалликлардан) йилига юз минглаб одам вафот этади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ/WHO) ва UNICEF ташкилотларининг охирги ҳисоботларига кўра, сифатсиз, ифлосланган сув ва антисанитария сабабли ўлим кўрсаткичи энг юқори бўлган ҳудуд — Африканинг Саҳрои кабирдан жанубдаги давлатларидир (Чад, Нигер, Лесото, Мали ва бошқалар). Агар бизда ҳам юқоридаги каби масъулиятсизлик ва эътиборсизлик кучайса аҳвол ёмонлашиши мумкин. Қолаверса, биз юқорида кўрсатилган давлатлардаги экологик вазиятдан тўғри хулосага келишимиз шарт.



Ёдингизда бўлса, бир неча кун аввал давлатимиз раҳбари Сергели туманида йиғилиш ўтказди. Унда Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини узоқ йиллардан буён қийнаб келаётган оқова сув тозалаш иншооти атрофидаги нохуш ҳид муаммоси муҳокама қилинди. Давлат раҳбари мутасаддиларга 1 сентябрга қадар оқова сув қабул қилиш иншоотига замонавий фильтрлаш ускуналарини ўрнатиб, муаммони тўлиқ бартараф этиш бўйича топшириқ берди. Қайд этилишича, келаси йилдан Бирлашган Араб Амирликлари ҳамкорлари иштирокида Қуйи Чирчиқ туманида қуввати 300 минг куб метр бўлган замонавий сув тозалаш иншооти қурилиши бошланади. Бу Сергелидаги мавжуд иншоотга тушаётган юкламани сезиларли даражада камайтиради.



Мана: тозалик, экология ва аҳолини қийнаётган қатор масалалар Президент даражасида муҳокама қилиняпти ва ечиляпти. Бизнингча, Яккасаройдаги муаммо айбдорлари ҳам қонун доирасида жазоланиши, бу ҳолат бошқа қурилиш компаниялари ва мутасаддиларга ўрнак бўлиши лозим. Ҳолатни ими-жимида “ёпиб” юборишга, айбдорларнинг жазодан қутилиб кетишига йўл қўйиб бўлмайди. Агар шундай бўлса, сизу-бизнинг келажагимиз жиддий хавф остида қолади. Вазият Тошкентдаги каналларда ҳатто ювиниш хавфли бўлиб бораётганидан далолат бермоқда. Бир пайтлар ота-боболаримиз муздек сувга нон ботириб еб, соғлом юргани ҳақида гапирарди. Биз ва биздан кейинги авлод сувга яқинлашишга ҳам қўрқиб қолмаслиги учун бугундан жамоатчилик оёққа туриши лозим. Зеро тоза сув – соғлом авлод дегани, соғлом авлодсиз буюк келажак қуриш эса имконсиз.



Аброр Зоҳидов


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид

Жамият
Жамият
ЧИЛЛА НИМА?
0 7102 16:57 | 05.08.2023