+38C

+38C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Газ, коррупция ва триллионлаб зарар. Соҳа қачон ўнгланади?

Бугун Ўзбекистон кўп соҳаларда тараққий этди. Аҳоли турмуш яхшиланмоқда, фаровонлик ошмоқда. Бир қарашда барча соҳа бир текис ривожланиб бораётгандек. Бироқ, айрим соҳалар ривожланиш тугул, орқага кетаётгандек, назаримизда. Шулардан бири энергетика соҳаси десак, муболаға бўлмайди. Минг ҳаракат қилмайлик, чиранмайлик, метан газга навбатларни, чироқ ўчишларини, суюлтирилган газ муаммосини тўлиқ ҳал этганимизча йўқ. Ўзбекистон газ захиралари бўйича жаҳонда етакчи ўринни эгаллайди. Хўш, нега ушбу соҳа депсиниб, ривожланмай қоляпти? Энергетика вазирининг биринчи ўринбосари Умид Мадаминов очиқлаган айрим рақамлар энергетика, айниқса газ таъминотидаги жиддий муаммо бўлган коррупция масаласини бир қадар очиб берса, ажаб эмас.
65 16:40 | 09.07.2026 16:40

Умид Мадаминовга кўра, 2025 йил бошидан бери Ўзбекистонда 1,44 триллион сўм (тахминан 118 миллион доллар) қийматидаги 546 миллион кубометр табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланган. Энергетика вазирининг биринчи ўринбосарининг сўзларига кўра, соҳадаги асосий коррупция хавфлари газ уланишлари учун пора бериш, қоидабузарликларни яшириш учун тўловлар ва бошқа ноқонуний схемаларни ўз ичига олади. Бир қарашда етказилган зарар ва коррупция миқдори соҳанинг йириклигидан келиб чиқиб, улкан эмасдек туюлади. Аммо булар фақат биз билган рақамлар (ҳали очилмаган, жамоатчилик бехабар бўлган коррупцион ҳолатлар қанча) саналади.



Энг ёмон, нохуш статистика шу рақамлар билан чекланиб қолмайди. Бундан ташқари, ушбу давр мобайнида газ таъминоти корхоналарида 31 134 та режадан ташқари текшириш ва мониторинг тадбирлари ўтказилган бўлиб, шундан 17 824 таси 2025 йилга, 13 310 таси эса 2026 йилнинг биринчи ярмига тўғри келади.



Натижада комплаенс-тузилмалар томонидан газ таъминоти ташкилотлари ходимлари томонидан содир этилган 441 та коррупциявий ҳуқуқбузарлик ўз вақтида аниқланди ва бартараф этилди. Улардан 174 та ҳолат табиий газ, 268 таси эса суюлтирилган газ соҳасига тегишлидир. Аниқланган қоидабузарликлар ва ички норматив ҳужжатларга риоя қилмаслик фактлари бўйича 824 та хизмат текшируви ўтказилган. 61 та текширув материаллари ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди. 253 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланди, улардан 127 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинди, 212 нафари ҳайфсан олди, 41 нафари эса иш ҳақидан жаримага тортилди.



Ҳисобот характеридаги ушбу маълумотларни ўқиб, киши онгида энергетика ва газ соҳасидаги коррупцияга катта кураш бошланибди, деган тасаввур уйғонади. Афсуски, баралла шундай деб айта олмаймиз. Аслида газ соҳасидаги коррупция ҳатто юқори минбарларда тилга олинган ва жиддий танқид қилинган эди. Узоққа бормаймиз, 2023 йил январда кузатилган аномал совуқ юзимизга ойна тутди. Газ таъминоти соҳаси шахсан давлатимиз раҳбари томонидан жиддий танқид қилинди. “Электр ва газ тармоқларида талон-торожлик бўлганини, туман ҳокимлари ва сектор раҳбарлари, электр ва газ идоралари бошлиқлари билмасми-ди?”, - дея савол қўйганди президент. ДХХ ва Бош прокуратурага тизимдаги коррупцияни йўқ қилиш бўйича алоҳида чоралар кўриш топширилганди. Ўшанда Президент энергетика ва коммунал тизимларда юзага келган аҳволни инобатга олиб Сингапурга ташриф давомийлиги 3 кундан 1 кунга қисқартирилишини айтганди.



Орадан уч йилдан ошиқроқ вақт ўтди. Наздимизда, муаммолар эскирмади. Қиш келиши билан газ пасайиб қолади, метан заправкалари-ку, бутунлай тўхтаяпти. Энг ёмони, соҳадаги коррупция бутунлай қўпориб ташланмади. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам Президент топшириғи бўйича бирон жойда ҳисоб берганини журналистлар билмайди. Хўш, бундай вазиятда тизимда ўрнашиб олган катта-кичик коррупционер қандай хулоса чиқаради?



Биргина суюлтирилган газ таъминоти соҳасида режадан ташқари текширувлар якунларига кўра 1076 та қоидабузарлик аниқланди. 406 та ҳолатда суюлтирилган газни ноқонуний сотиш шохобчалари фаолиятига чек қўйилди. Вазирлик маълумотларига кўра, улар орқали 7,99 миллиард сўмлик 15 761 та маиший газ баллони ва 1,2 миллиард сўмлик 180 тоннадан ортиқ суюлтирилган газнинг ноқонуний сотилиши олди олинди, дейилади вазирлик баёнотида.



Вазирлик ноқонуний ҳолатлар ҳақида қанча бонг урмасин, муаммолар чекинмаяпти. Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз туманида истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари ёзади: “Авваллари ҳар ойда газ баллонлари йиғиштириб кетиларди. Аммо ҳозир бу муддат 2-3 ой бўляпти. Газ заправкалари баллонни тўлдириб бермаяпти (бу қонунга кўра тақиқланган). Натижада яна ўтин ва ўчоққа ўтишга мажбур бўляпмиз. Айтишларича, газ таъминоти ходимлари суюлтирилган газни пуллаб юбораётган экан. Бу ҳолатни ким назорат олади?”.



Шу ўринда яна битта гап: Умид Мадаминов тизимдаги хавфларни камайтириш мақсадида техник шартларни расмийлаштиришни онлайн назоратга ўтказиш имконини берувчи HGT Online дастурий таъминоти жорий этилаётганини таъкидлаган. Унга кўра, мазкур ислоҳот соҳадаги инсон омилини камайтириб, коррупциянинг олдини олади. Шунингдек, шахсий ҳисобрақам очиш жараёни ҳам рақамлаштирилди: фуқаролар «Ҳудудгазтаъминот» сайтидаги шахсий кабинет орқали онлайн ариза топширишлари мумкин, дейилади баёнотда.



Тошкент вилояти, Янгийўл туманида истиқомат қилувчи, исмини сир тутишни истаган газ истеъмолчиси эса энергетикларнинг мазкур соҳадаги рақамлаштирувини танқид остига олди. Унинг айтишича, янги сотиб олган, тайёр кадастр ва ҳужжатларга эга уйини газлаштиришда ходимларнинг сансоларлиги ва масъулиятсизлигига дуч келган. “Маълум сабабларга кўра, газ туширишда қўшнилардан ортда қолдим. Сўнгра эса газ идорасига қатнаб тинкам қуриди. Газ учун техник шарт олиш, ҳужжатларни олиш ва тасдиқлаш электрон тарзда дейишади. Лекин барибир ҳаммасини тасдиқлаш ва ишни узил-кесил ҳал этиш ходимга боғлиқ бўлади. Нақ бир ярим ой деганда ишим битди. Ўшанда ҳам Тошкент вилояти “Ҳудудгаз” бошқармасига арз қилиб битирдим. Газ ходимлари хали у, ҳали бу ҳужжатни сўраб роса овора қилишди, дейди фуқаро.



Булар фақат бизга етиб келган, маълум бўлган ҳолатлар, холос. Ёдингизда бўлса, январ ойида президент томонидан соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилган. Яъни давлат раҳбари бу муаммога жиддий эътибор қаратяпти.



Шу ўринда, соҳадаги камчиликларга ойна тутадиган блогерларни судга бериши билан тилга тушган Энергетика вазири ҳам коррупцияга қарши жиддий кураш бошласа, жамоатчилик орасида анча эътирофга сазовор бўларди, назаримизда. Зеро, эълон қилинаётган рақамлар, мавжуд ҳолатлар газ ва энергетика соҳасида ҳаммаси жойида эканини инкор этмоқда. Сиз нима дейсиз?



Аброр Зоҳидов



Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид