“Love is…”: машҳур сақич ва драматик муҳаббатдан туғилган тасвирлар тарихи
90-йилларда болалиги ўтган кўпчилик “Love is” сақичлари ҳақида билади, уларнинг ҳар бири бизга севги нима эканлиги ҳақида ҳикоя қиларди. Бироқ, ҳамма ҳам расмларда ўйлаб топилган композит тасвирлар эмас, балки ҳақиқий одамлар тасвирланганини билмайди: булар Янги зеландиялик рассом Ким Гроув ва унинг италиялик турмуш ўртоғи Роберто Касали эди. Бироқ, уларнинг севги ҳикояси комиксдагига қараганда унчалик ранг-баранг бўлмаган, балки ғамғинроқ ва қайғулироқ эди.
Агар Янги зеландиялик рассоми Ким Гроув бир кун севиб қолмаганида ва ўз ҳис-туйғуларини салфеткалар ва откриткаларга чизилган расмлар орқали ифода эта бошламаганида, унинг исми дунё учун номаълум бўлиб қолиши мумкин эди. 1967 йилда Ким Лос-Анжелес чанғи клубига борган эди. Ўша пайтда у олти йил давомида ёлғиз ўзи дунё бўйлаб саёҳат қилган эди ва кейин, 25 ёшида, у билан илгари ҳеч қачон бошдан кечирмаган нарса юз берди. Севишганлар кунидан бир ҳафта ўтгач, у бир инсонни учратди. Жозибали, хотиржам, муваффақиятли муҳандис Роберто Касали дастлаб ёш сарғиш сочли аёлнинг унга меҳрли нигоҳлар билан тикилиб турганини ҳам пайқамади.
Ким уни чинакамига севиб қолди. Лекин у дарров туйғуларини ошкор этмади. Бунинг ўрнига, у шунчаки йигитни узоқдан кузатиб, ҳис-туйғуларини қоғозга ва ҳатто салфеткаларга ифода эта бошлади. Бироқ, кўплаб бўлажак рассомлардан фарқли ўлароқ, у ўз ишини тортмага солиб қўймади – у уни йигитга юборди. Роберто олган биринчи нарса унинг миниатюра талқини туширилган откритка эди.
Рассом аёл шу билан тўхтаб қолмади. У откриткаларни чизишни бошлади, уларни меҳр-муҳаббат соҳиби тез-тез борадиган жойларга қолдирди. Суратларда кичик бўйли қизнинг ёнида бир бола пайдо бўларди ва расм остидаги ёзув ҳар қандай эътирофдан кўра равонроқ эди: “Севги бу… (Love is…)”, ундан кейин дунёдаги энг гўзал туйғу ҳақидаги шахсий талқин.
Роберто откриткаларни турли жойлардан топди: ёстиқ остида, куртка чўнтагида, машинанинг қўлқоп бўлимида, стол тортмасида... Ва табиийки, у бу кичик, аммо таъсирли баёнотларни қолдирган қизга чуқур қизиқиб қолди. Уни мунтазам чанғи клуби йиғилишида кўриб турган эркак уятчан Кимни биринчи учрашувга таклиф қилди.
Ким Гроувнинг фикрлари фақат севгилиси билан тўлган эди - бу унинг кейинчалик “Севги бу...” сақичларида пайдо бўлган расмларида аниқ акс этган. Роберто шунчаки севгиси бутун дунёга айланган мафтункор қизга ошиқ бўлмасдан иложи йўқ эди. Уларнинг романтик муносабатлари тезда кучайиб кетди. У Кимнинг севгилисига йўллаган барча откриткаларини эҳтиёткорлик билан сақлади ва уни ҳар сафар кўрганида унга мақтовлар ёғдирди.
Калифорниядаги таътилдан қайтгач, жуфтлик бирга яшашди ва одатий ҳаётларини давом эттиришди: Ким босмахонада котиб бўлиб ишлашда давом этди ва Роберто компьютер тизимлари билан ишлади. Аммо одатий ишларга қарамай, Ким эрига таъсирли комикслар чизиб беришда давом этди. Кимнинг илҳоми ҳеч қачон тугамади: у ҳатто расмларини кичик буклетларга тўплашни бошлади ва улар жуда кўп бўлиб кетганда, уларни ҳар бирини бир доллардан сотишга қарор қилди.
Расмли кичик китобчалар тезда машҳурликка эришди, харидорлар жуда яхши шарҳлар беришди ва бир мижоз рафиқаси учун тўй совғаси сифатида буклет сотиб олганини маълум қилди, Ким эса бундан жуда хурсанд бўлди.
Роберто севгилисига унинг ҳақиқий истеъдодини рўёбга чиқаришга ёрдам беришга қарор қилди ва комикслар тўпламини унинг салоҳиятини баҳолаш учун газетага олиб борди. 1970 йил 5 январда Los Ageles Times газетасида бир нечта расмлар пайдо бўлди. Шундай қилиб, бутун дунё бўйлаб қисқа, расмли севги ҳикояларининг ғалабали юриши бошланди: тасвирлар идишлар, футболкалар, магнитлар ва откриткаларда пайдо бўла бошлади. Кейинчалик улар 25 тилга таржима қилинди ва 50 та мамлакатда чоп этилди.
Айни пайтда, расмда акс этган жуфтлик ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди: ўша йилнинг ноябрь ойида Роберто Касали Ким Гроувга рад эта олмайдиган таклифни - албатта, турмуш қуришни таклиф қилди.1971 йил июл ойида улар эр ва хотин бўлишди. Никоҳ давомида улар икки ўғил кўришди. Биргаликда улар ҳаётларини тартибга солишни ва кичик нарсалардан бахт топишни ўргандилар - худди комикс қаҳрамонлари билан содир бўлганидек. Лекин Касали оиласининг бахти узоққа чўзилмади. 1975 йилда Робертога ўлимга олиб келадиган саратон касаллиги ташхиси қўйилди.
Ким “Love is…” расмлари устида ишлашни четга суриб, ўзини бутунлай эрига бағишлади. У куну тун унинг шифохонасида ётиб, даво излаб, унинг умрини узайтириш учун ҳамма нарсани қилишга ҳаракат қилди. Аммо у комикслар мухлисларини ҳам унутмади: у дўсти, инглиз аниматори Билл Эспидан унинг ўрнини босишини сўради. Аммо Ким Гроунинг барча саъй-ҳаракатларига қарамай, эрининг аҳволи ёмонлашди. Кейин шифокорлар жарроҳлик амалиётини ўтказишга қарор қилишди, бироқ эркак бошқа фарзанд кўра олмаслиги ҳақида огоҳлантиришди. Лекин у тирик қолиши мумкин эди.
Ким ва Роберто учинчи фарзандни орзу қилишган ва ундан воз кечмоқчи эмас эдилар. Лекин улар ҳаётларини хавф остига қўйишни ҳам хоҳламадилар ва операцияга рози бўлишди. Афсуски, мўъжиза содир бўлмади ва 1976 йилда чиқарилган “Love is…” комиксида бош қаҳрамон қабр тоши олдида йиғлагани тасвирланди. Лекин Ким Гроув учинчи фарзандини ҳам кўришга муваффақ бўлди.
Бир мунча вақт ўтгач, Ким Касали фарзандлари билан Австралияга кўчиб ўтди, ферма сотиб олди ва араб отларини кўпайтиришни бошлади. У ҳеч қачон комикслар яратишга қайтмади: ишни бутунлай Билл Эспи ўз зиммасига олди, у олдин рассомнинг оқ-қора услубига амал қилишга ҳаракат қилди ва сўнгра рангли расмлар чиқа бошлади. У нафақат Касалининг севги ҳикоясидан, балки унга хат юборадиган юз минглаб одамлардан ҳам илҳомланиб, дунёга машҳур қаҳрамонлар иштирокидаги янги иллюстрацияларни чизишда давом этмоқда. Ким эса 1998 йилда вафот этди, аммо “Love is...” туркуми бутун дунё бўйлаб одамларнинг қалбини забт этишда давом этмоқда.
Қизиқ томони расм ижодкорлари Туркияда ушбу расмлар ва номдан фойдаланилган ҳолда сақичлар чиқарилаётганини билишмаган. Билл Эспи фақатгина 2008 йилда, журналистлар ундан интервью олишганида бу ҳақда билиб қолган. Оқибатда муаллифлик ҳуқуқи эгаларининг рухсатисиз маҳсулот ишлаб чиқарган турк ишлаб чиқарувчиси билан бир неча йиллик музокаралар олиб борилди. Охир-оқибат, Dandi Sakiz фабрикаси Kraft Foods (ҳозирги Mondelez International) томонидан сотиб олинди ва расмий муаллифлик ҳуқуқи остида сақич ишлаб чиқариш қайта тикланди.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин очиқ иқтисод таъсирида бозорга сақичлар ҳам кириб келди. Нафақат болалар, катта ёшлилар ҳам “Love is…” сақичларини чайнайдиган, муҳаббат суратларини йиғадиган бўлишди. Ҳануз оддийгина сақични ёшлик билан бирга қўмсайдиганлар талайгина.
Аброр Зоҳидов




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0