+23C

+23C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Миллиардлаб доллар харажатлар: жаҳон чемпионатлари фойда ёки зарар?

Ҳар бир жаҳон чемпионатидан ФИФА деярли ютуқ билан чиқади: у телевизион кўрсатувлар ва ҳомийлик шартномаларидан даромад олади, шу билан бирга унинг харажатлари чекланган. Шунинг учун жамоалар ва ўйинлар сонини кўпайтириш федерация учун фойданинг ошишини англатади. Телевизион трансляциялар ФИФАнинг энг асосий даромад манбаи саналади (айрим маълумотларга кўра, жами даромаднинг 50-55 фоизи).
27 22:25 | 25.06.2026 22:25

Шимолий Америка яшил майдонларида кечаётган жаҳон чемпионати турнири дунё эътиборини тортмоқда. Шубҳасиз, мундиал футбол турнирлари ичида энг обрўли ва қизиқарлиси саналади. Бироқ унинг ортида катта маблағ, харажат ва ташкилотчилик ётади. 1930 йилдан буён ўтказилиб келаётган мусобақа 70-йилларга келиб айниқса оммалашган ва дунё аҳолисининг эътиборини тортган. ФИФА мундиални қайси пуллар эвазига ташкил қилади, жамоаларга тўланадиган маблағлар қаердан келади? Албатта, бу саволлар кўпчиликни қизиқтиради.


ФИФА ташкилоти учун ЖЧлар энг асосий даромад манбаи саналади. 1970-йилларгача ФИФА кичик бюджетли, асосан чипталар ва аъзолик бадаллари эвазига кун кўрадиган ташкилот эди. 1974 йилда бразилиялик Жоао Авеланж ФИФА президенти этиб сайлангач, футболни глобал бизнесга айлантириш режасини тузди. Чунки бу даврга келиб телевизион трансляциялар ривожлана бошлади, футбол аудиторияси шиддат билан ўсиб борди. Авеланж Adidas ва Coca-Cola каби гигант брендларни илк расмий ҳомийлар сифатида жалб қилди. Унинг издоши Йозеф Блаттер эса телевизион ҳуқуқларни аукцион орқали сотишни йўлга қўйди. Шу тариқа, ФИФА бир неча ўн миллион долларлик ташкилотдан миллиардлаб доллар пул айланадиган бизнес-империяга айланди. Ҳар бир жаҳон чемпионатидан ФИФА деярли ютуқ билан чиқади: у телевизион кўрсатувлар ва ҳомийлик шартномаларидан даромад олади, шу билан бирга унинг харажатлари чекланган. Шунинг учун жамоалар ва ўйинлар сонини кўпайтириш федерация учун фойданинг ошишини англатади. Телевизион трансляциялар ФИФАнинг энг асосий даромад манбаи саналади (айрим маълумотларга кўра, жами даромаднинг 50-55 фоизи).


Мезбон давлатлар учун вазият бошқача саналади. Жаҳон чемпионатлари тарихи шуни кўрсатадики, иқтисодий ўсиш ваъдалари кўпинча амалга ошмайди. 1990 йилда Италияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати бюджетнинг ортиқча сарфланишига олиб келди ва кутилган сайёҳлик оқимини таъминлай олмади. 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати деярли 20 миллиард долларга тушди, аммо тўғридан-тўғри иқтисодий таъсир анча паст бўлди. Жаҳон чемпионатини ташкил қилиш харажатларининг катта қисмини (стадионлар қуриш, йўллар, хавфсизлик) мезбон давлат ўз бўйнига олади. ФИФА эса мусобақадан келадиган асосий соф даромадни ўзиники қилади.


2010 йил Жанубий Африкадаги турнирдан кейин шунга ўхшаш муаммо пайдо бўлди, у ерда баъзи стадионлар кейинчалик деярли ишлатилмади. Бундай стадионлар Бразилияда ҳам кўп (уларни “оқ филлар” деб ҳам аташади). 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати тахминан 200 миллиард долларга тушди — бу аввалги барча турнирларнинг умумий қийматидан кўпроқ. Қатар фақатгина стадионлар қуриш билан чекланиб қолмади. Мамлакатда янги аэропорт, меҳмонхоналар ва бошқа объектлар қурилди, инфратузилма янгиланди. Гарчи ЖЧга сарфланган пуллар зарарни қопламаган бўлса ҳам, Қатарнинг халқаро майдонда машҳур бўлиши, сайёҳлар оқими ва бошқа омиллар мамлакатга фойда келтиргани айтилади.


2006 йилда Германияда бўлиб ўтган Жаҳон чемпионати эса нафақат томошабоплик (бир қатор ҳаяжонли ўйинлар ва Зидан атрофидаги можаро), балки молиявий жиҳатдан ҳам муваффақиятли бўлди. Мамлакат бу муваффақиятдан стадионларни таъмирлаш, Бундеслигага ташриф буюрувчилар сонини кўпайтириш ва чакана савдони кўпайтириш учун фойдалана олди. Бироқ мазкур мусобақа ҳам сарфланган пулларни тўлиқ оқламаган. Маълумотларга кўра, турнирга давлат ва хусусий сектор томонидан 7 млрд евродан ошиқ пул сарфланган, сайёҳлар келтирган фойда эса 2 млрд евродан ошмаган.


2026 йилги Жаҳон чемпионати ҳам ФИФА учун молиявий жиҳатдан муваффақиятли бўлиши деярли кафолатланган. Қўшма Штатлар, Канада ва Мексиканинг биргаликдаги аризаси рекорд даражадаги 14 миллиард доллар даромад ва тахминан 11 миллиард доллар соф фойда келтириши тахмин қилинмоқда. Мезбон давлатлар учун бу таъсир унчалик аниқ бўлмайди. Қўшма Штатларда турнир асосан мавжуд стадионларда ўтказилади (мамлакатда америкача футбол учун мўлжалланган ажойиб стадионлар бор) Бу капитал харажатларни камайтиради ва турнирни АҚШ учун нисбатан арзон қилади.


Таъкидлаш керакки, 2026 йилги жаҳон чемпионати мукофот жамғармаси жиҳатдан энг қиммат мундиалга айланмоқда. Ўтган йили ФИФА Кенгаши Доҳада 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган молиявий инвестицияларни тасдиқлаш бўйича йиғилиш ўтказди. Жами 727 миллион доллар иштирокчи аъзо ассоциациялар ўртасида тақсимланади, бу 2022 йилги Қатарда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатидан 50 фоизга кўп. Ушбу сумманинг 655 миллион доллари турнирнинг мукофот жамғармаси бўлади.


Жаҳон чемпионати ғолиби 50 миллион доллар, финалчилар 33 миллион доллар, бронза медали совриндорлари 29 миллион доллар ва тўртинчи ўринни эгаллаганлар 27 миллион доллар мукофот пули олади. Чорак финалчиларнинг ҳар бири 19 миллион доллар, 1/8 финал иштирокчилари 15 миллион доллар ва гуруҳдан чиққанлар йўл олганлар 11 миллион доллар олади. Фақат гуруҳ босқичидаги қатнашган иштирокчилар 9 миллион доллар олади. Демак, масалан Ўзбекистон терма жамоаси салкам 10 миллион доллар мукофот кафолатланган.


Бундан ташқари, ҳар бир саралаш босқичи жамоаси тайёргарлик харажатларини қоплаш учун 1,5 миллион доллар олган. Бу барча иштирокчиларга камида 10,5 миллион доллар кафолатланганлигини англатади. “2026 йилги Жаҳон чемпионати глобал футбол ҳамжамиятига молиявий ҳиссаси жиҳатидан ютуқли воқеа бўлади”, дея изоҳ берганди ФИФА президенти Жанни Инфантино.


Эслатиб ўтамиз, ФИФА тўрт йиллик цикл давомида рекорд даражадаги даромадларни кутмоқда, бу жорий Жаҳон чемпионати билан якунидан сўнг маълум бўлади. Ташкилот 2022 ва 2026 йиллар оралиғида 13 миллиард доллар даромад олишни кутмоқда, 2022 йилда тугаган тўрт йиллик даврда бу кўрсаткич 7,5 миллиард долларни ташкил этган эди. ФИФА бу сезиларли ўсишни Жаҳон чемпионати ва Клублар ўртасидаги ЖЧнинг кенгайиши билан боғлайди. ФИФА жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 64 нафарга ошириш ҳақида гапираётгани ҳам бекорга эмас.


Аброр Зоҳидов


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид