Ғалабага қандай эришиш эмас, мағлубиятга бўлган муносабат муҳим

Спорт оламининг сўнмас юлдузи, замонамизнинг энг буюк теннисчиларидан бири Рогер Федерер ҳақида гап кетганда, кўпчилик фақат унинг ғалабалари ва рекордларини эслайди. Бироқ, яқинда Рогер Федерернинг Дартмоут университетида сўзлаган нутқи унинг ғалабаларга қандай эришгани эмас, балки мағлубиятларга бўлган муносабати ҳақида эди. Бу нутқ нафақат спортчилар, балки ҳар биримиз учун бебаҳо сабоқлар беради.
“Мен фаолиятим давомида 1526 та ўйинда иштирок этдим ва шуларнинг 80 фоизида ғалаба қозондим. Аммо очко бўйича неча фоизини ютдим? Атиги 54 фоиз. Бошқача қилиб айтганда, топ теннисчилар очко ҳисобида ўртача 50 фоиз ютуққа эришади.
Ҳар иккитадан битта очкони ютқазаверганингдан кейин ўзингга яхши сабоқ бўлади. Мағлубиятга учраганинг учун сиқилмасликни яхши ўрганасан. Муҳими кейинги қадам. Бор фокусни унга қаратиш. Ўйин давомида битта очко бу энг муҳим нарса эмас. Ўтди-кетди. У қайтмайди.
Шунинг учун мағлубиятни қабул қила олишни ўрганиш муҳим. Агар шундай қила олсанг у сенга эркинлик беради. Натижада сен бор кучингни аниқлик билан кейинги очкога қарата оласан”
Хўш, биз бундан қандай хулоса чиқаришимиз мумкин? Федерернинг нутқи бизга ҳаётнинг ҳар бир соҳасида дуч келадиган муваффақиятсизликларга муносабатимизни ўзгартиришга чорлайди. Агар бирор ишда омадсизликка дуч келсак ёки режалаштирганимиздек натижага эриша олмасак, ўзимизни айблаш ва сиқилиш ўрнига, бу ҳолатдан сабоқ олишимиз ва кейинги муҳим вазифага диққатни жамлашимиз керак.
Биз кўпинча нотўғри йўл тутамиз. Масалан, агар имтиҳонда 4 баҳо олсак, уни 5 қилишга интиламиз. Агар бир қиз рад жавобини берса, унга эришиш учун қайта-қайта ҳаракат қиламиз. Ишга қабул қилинмасак, баҳоналар қидирамиз. Ишимиз ўхшамаса, бошқаларни айблашга ўтамиз. Озмоқчи бўлсак-да, натижага эриша олмай, яна семиришда давом этамиз. Чет тилини ўрганишга ҳаракат қилсак-да, сабр-тоқатимиз етмагани учун уни ташлаб кетамиз.
Аслида, ҳар бир инсоннинг ҳаёти учун фақат унинг ўзи жавобгар. Инсон ўзи хоҳлаган ҳаётни қуриш учун тинимсиз ҳаракат қилиши шарт. Нима бўлишидан қатъий назар, фақат ўзимизнинг ҳаракатларимизга жавобгармиз. Федерернинг нутқи бизга фақат ўтмишдаги хатоларга эмас, балки келажакка, эришмоқчи бўлган мақсадларимизга диққатни қаратиш муҳимлигини эслатади.
Шундай экан, келинг, мағлубиятлардан қўрқишни тўхтатайлик ва улардан ўсиш учун имконият сифатида фойдаланамиз. Федерернинг ўз нутқида айтганидек, “Муҳими кейинги қадам, бор фокусни унга қаратиш”. Ўз ҳаётимизнинг меъмори бўлайлик ва ўзимиз хоҳлаган ҳаётни қуриш учун ҳаракат қилайлик.
Машҳура Жўрақулова,
Ishonch.uz







