Андижоннинг тўққиз тарнов суви: “Бобурнома”да тилга олинган, бугунгача сақланиб қолган шаҳар ариқларидан нега тўлиб сув оқмай қўйди?
Андижон шаҳридаги тўққизта йирик ариқ ўзининг қадимийлиги билан тилга тушган. Ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг “Бобурнома” асарида “Андижонга тўққиз тарнов сув киришини” қайд этиб, улардан бири – Ҳокан ариғи номини тилга олади. Андижон ариқларининг бир қисми бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Аммо яқин йилларгача шаҳар иқлимига ижобий таъсир кўрсатиб келган ушбу тармоқлардан деярли сув оқмай қўйди.
Ishonch.uz мухбири сув хўжалиги масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Андижон ариқлари тақдири билан қизиқди.
Норин-Қорадарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳратбек Эргашевга кўра, мазкур ариқлар билан суғорилган шаҳар атрофидаги қишлоқ хўжалиги майдонлари ўрнида аҳоли турар-жойлари барпо этилиб, экинзорлар қисқариб кетган. Шу сабабли ҳозир ушбу тармоқлардан фойдаланишга эҳтиёж қолмаган. Қолаверса, ариқларнинг эни кичрайиб, айрим кўчаларда уларнинг қирғоғига, ҳатто устига ҳам уй-жой қурилган ҳолатлар учрайди.
“Бугунги кунда Андижонсой каналидан шаҳар ариқларини тўлдириб сув очиб бериш имконияти бор, аммо ариқнинг этагига етгач, маҳаллаларга тошиб кетиши мумкин. Эҳтиёж йўқлиги учун сув оқими ҳам тўхтатилган”, дейди мутахассис.
Матбуот анжуманида вилоятда сув исрофгарчилигининг олдини олиш борасидаги рўёбга чиқарилаётган ишлар хусусида ҳам атрофлича маълумот берилди. Мутахассисларга кўра, экин майдонлари учун ажратилаётган сувнинг 35-40 фоизи тупроқ ўзанли каналлар ҳисобига беҳуда йўқотилмоқда. Шу боис кейинги йилларда катта магистрал, хўжаликлараро ҳамда фермер хўжаликларига тегишли сув йўллари бетонлаш ишлари кун тартибига чиққан.
Андижон вилоятида жами экин майдони 265 минг гектарни ташкил этади. Қорадарё ва Норин дарёси ҳудудда қишлоқ хўжалиги ерларининг сувга бўлган эҳтиёжини қоплай оладиган даражада захирага эга. Бугунги кунда 1 гектар ерда ҳосил етиштириш учун ўртача 11 минг куб метр сув сарф этилмоқда. Бироқ бу миқдор айрим ривожланган давлатларда қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ажратиладиган лимитга таққослаганда, каррасига кўп. Масалан, АҚШнинг Калифорния штатида бу кўрсаткич Ўзбекистонга нисбатан қарийб уч баравар кам, яъни ажратиладиган лимит миқдори 3-3,5 минг куб метрга тўғри келади. Шу боис ҳам кейинги йилларда сувни иқтисод қилиш, исрофгарчиликка сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этишга астойдил киришилган.
Жумладан, 2025 йилда вилоятда 49,4 минг гектарда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Бундан ташқари, 1312 километр узунликдаги тупроқ ўзанли каналлар бетонлаштирилган. Шунингдек, тизимни рақамлаштириш мақсадида жойларга 67 дона ақлли сув ўлчагичлар ўрнатилган.
Матбуот анжуманидан сўнг журналистлар Жалақудуқ туманида гидротехник иншоотларни таъмирлаш, магистрал каналларни бетонлаш соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар.
Нурилло Нўъмонов,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0