Ходимлари энг кўп шикоят билдираётган ташкилотлар аниқланди
2025 йил давомида Коррупцияга қарши курашиш агентлигига жисмоний ва юридик шахслардан жами 5 256 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 25,9 фоизга ошган.
Маълум қилинишича, мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат идоралари фаолиятидаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган комплекс чоралар амалга оширилган.
Келиб тушган мурожаатларнинг 5 248 таси кўриб чиқилган, 8 таси ҳозирда ўрганилмоқда. Натижада 85 та мурожаат қаноатлантирилган, 875 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган, 3 720 та мурожаат тааллуқлилигига кўра тегишли вазирлик ва идораларга йўналтирилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида давлат органларига 89 та сўровнома юборилиб, қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 78 та тақдимнома киритилган. Уларнинг ижроси доирасида 8 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, 7 та жиноят иши, 15 та маъмурий иш қўзғатилган.
Агентликка энг кўп шикоятлар қуйидаги соҳалар бўйича келиб тушган:
— суд қарорларидан норозиликлар;
— давлат харидлари ва тендер жараёнлари;
— тергов ҳаракатлари;
— товламачилик ва фирибгарлик ҳолатлари;
— Мажбурий ижро бюроси ходимлари;
— ички ишлар органлари;
— таълим ва соғлиқни сақлаш соҳалари;
— прокуратура, кадастр ва маҳаллий ҳокимият идоралари.
Шунингдек, ер муносабатлари, қурилиш, бандлик, банк, электр ва газ таъминоти, пенсия ва нафақа масалалари бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар қайд этилган.
Мутахассислар таъкидлашича, мамлакатда очиқлик сиёсати кучайиши, коррупцияга қарши кураш мавзусининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилиши ҳамда фуқароларда бу иллатга нисбатан муросасиз муносабат шаклланаётгани мурожаатлар сони ошишига сабаб бўлмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳоли муаммоларининг ҳал этилишига хизмат қилиб, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқараётган омилларни тизимли таҳлил қилиш ва уларни бартараф этишга замин яратмоқда.




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0