"Анорбанк"га нима учун жарима қўлланилди?!
Молиявий хизматлар бозори бошқа соҳалардан тубдан фарқ қилади. Чунки бу ерда инсон ўз маблағи, даромади ва келажакдаги молиявий мажбуриятлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилади. Шунинг учун бунда реклама нафақат диққат тортар, балки аниқ ва шаффоф бўлиши зарур. Агар рекламада фақат фойдали томонлари кўрсатилиб, чекловлар ёки қўшимча шартлар кичик ёзувларда кўринмас шаклда берилса ёки умуман кўрсатилмаса, истеъмолчидан нотўғри тасаввур пайдо бўлади.
Айнан шундай ҳолатлардан бири юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан "Анорбанк" АЖга нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Мазкур ҳолат Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи фуқаронинг мурожаатидан сўнг ўрганиб чиқилди. Мурожаатда банкнинг Инстаграм ижтимоий тармоғида жойлаштирилган акция рекламасида истеъмолчи учун муҳим бўлган айрим шартлар тўлиқ очиқланмагани қайд этилган.
Ўрганишлар давомида рекламада молиявий хизматни танлашга бевосита таъсир қиладиган асосий маълумотлар, яъни акциянинг амал қилиш шартлари, қўлланилган лимит, шунингдек, ушбу лимитдан ошилганда ундириладиган комиссия ҳақида маълумот берилмагани аниқланди.
Бир қарашда бу майда тафсилотдек туюлиши мумкин. Аммо айнан мана шундай маълумотлар мижознинг молиявий қарорини белгилайди. Рекламада “комиссиясиз” деган жумла кўриниб, аммо бу имтиёз фақат маълум лимитгача амал қилиши ёки ундан кейин қўшимча тўлов ундирилиши яширилса, истеъмолчи тўлиқ ахборот асосида танлов қилаётган бўлмайди.
Шу сабабли Рақобат қўмитаси Махсус комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 16-, 21- ва 43-моддалари талаблари бузилиши аломатлари юзасидан "Анорбанк"АЖга нисбатан иш қўзғатилди. Ишни кўриб чиқиш якунлари бўйича банкка молиявий жарима қўлланилди ҳамда қонунбузарликни бартараф этиш ва келгусида бундай ҳолатларнинг такрорланмаслиги юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
Мазкур ҳолат молиявий хизматлар соҳасида қўлланган ҳар қандай рекламада ҳар бир жумла, шарт ва чекловлар истеъмолчиларга тушунарли ва тўлиқ етказилиши кераклигини англатади. Истеъмолчилар ҳам рекламадаги ваъдалар билангина чекланиб қолмасдан, хизматнинг барча шартлари, лимитлари, комиссиялари ва қўшимча талабларини ҳам чуқурроқ ўрганиши муҳим.
Дилдора ДЎСМАТОВА
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0