Бой тарих, арман блокадаси ва уч давлат билан чегара: Нахичевон қандай ҳудуд?

Яқинда Арманистон бош вазири Никол Пашинян Озарбайжонга ўзаро ҳудуд алмашишни таклиф қилди. Унинг фикрича, бу икки давлат ўртасидаги анклав ва эксклавлар муаммосини ҳал этишга хизмат қилади. Шунингдек, у Ереван ва Боку ўртасидаги барча транспорт йўналишларини очиш зарурлигини билдирди.

13:47 | 19.10.2026
•
13
Бой тарих, арман блокадаси ва уч давлат билан чегара: Нахичевон қандай ҳудуд?
Катталаштириш

Бу баёнот Озарбайжон учун ҳам муҳим саналади. Чунки мамлакатнинг йирик эксклав ҳудуди бўлган Нахичевонга қисқа йўл Арманистон ҳудуди орқали ўтади. Нахичевон автоном ҳудуди ўн йиллар давомида уруш ва бошқа қарама-қаршиликлар сабаб блокадада яшаб келди. Яъни, озарбайжонликлар ҳудудга бориб келишда ҳаво ва Эрон ҳудудидан фойдаланишга мажбур бўлганлар. Хўш, Нахичевон ўзи қандай ҳудуд?

Нахичевон (Нахчиван) Озарбайжон таркибидаги автоном вилоят бўлиб, Туркия ва Эрон билан ҳам чегарадош, географик жиҳатдан эксклав ҳисобланади. Бу иқтисодий алоқаларда қийинчиликлар туғдиради, чунки минтақа атрофидаги вазият Арманистон билан муносабатлар, ўзаро ҳудудий даъволар туфайли кескинлашган. Нахичевон бой қадимий тарихга эга. Антик давр олими Птолемей бу минтақани биринчи бўлиб тилга олиб, бугунги кунда Нахичевон деб аталадиган ва автоном республиканинг пойтахти бўлган Наксуана шаҳрини ўз асарларида тасвирлаб берган.

Ҳудуд номи Буюк Тўфон пайтида бу ерларда бўлгани айтиладиган Нуҳ пайғамбар ва унинг кемаси ҳақидаги ҳикоя билан боғлиқ. Бутун инсониятнинг омон қолган вакиллари шу ерга жойлашиб, узумзор барпо этишгани ва Нуҳнинг уч ўғли - Сом, Хом ва Ёфасдан ер юзида яшовчи барча халқлар тарқалгани айтилади. Турли фаразларга қарамай, Нахичевон тарихи тахминан уч ярим минг йиллик тарихга эга эканлиги аниқ.

Нахчиван автоном республикаси ҳудуди кўплаб давлатлар - Урарту, Буюк Александр империяси, Аҳамонийлар империяси ва Тигран Арманистони назорати остида ҳам бўлган. Арманистон қироллиги тугатилгандан сўнг, Нахичевон аввал Сосонийлар Эронининг, кейин 623 йилдан Византиянинг бир қисми бўлган.

XI-XIV асрларда минтақа бир неча бор фотиҳлар томонидан эгалланган - аввал салжуқийлар, кейин мўғуллар ва ниҳоят Амир Темур томонидан ҳам. Шу даврдан бошлаб туркий тилли аҳоли ҳудудга мустаҳкам ўрнаша бошлаган. Кейинчалик Нахичевон Туркия ва Эрон рақобат ҳудудига айланди. 1603 йилда минтақани эгаллаб олган Аббос I Усмонлиларга қаршилик кўрсата олмади ва тахминан 300 000 кишини Эрон ичкарисига сургун қилди. XVIII асрнинг ўрталарида Нахичевон хонлиги эълон қилинди.

XIX аср бошларида рус қўшинлари Кавказга бостириб кирди, 1826-1828 йиллардаги Россия-Эрон уруши пайтида улар Нахичевонни эгаллаб олишди. Туркманчой шартномасига кўра, Нахичевон ва Эриван хонликлари Россияга берилди. Бу ҳудудлардан Эриван губернаторлиги тузилди. 1918 йилги инқилоб ва мустақил Арманистон ва Озарбайжон республикаларининг ташкил топиши ортидан Арман-Озарбайжон уруши бошланди. Ўша йилнинг ёзида Нахичевон арман генерали Андраник дивизияси томонидан босиб олинди. 1920 йил июль ойида Қизил Армия Нахичевонга кирди ва Нахичевон ССРни эълон қилган Нахичевон инқилобий қўмитаси тузилди. Арманистонга тинчлик музокаралари олиб бориш имконияти таклиф қилинди, аммо у ультиматумни рад этди ва ҳужум бошлади. Бироқ, ҳужум қайтарилди ва Арманистонга Нахичевон Озарбайжон ССРнинг ажралмас қисми экани ҳақида хабар берилди.

1921 йилда Туркия, Озарбайжон, Арманистон ва Грузия ССРлари ўртасида РСФСР кўмагида Қарс тинчлик шартномаси имзоланди. Унга кўра, ҳудуд Озарбайжонга қарашли деб тан олинди ва муаммога чек қўйилди. 1990 йил 19 январда Нахичевон АССР Олий Кенгашининг фавқулодда сессияси автоном республиканинг СССР таркибидан чиқиши ва мустақиллик эълон қилиниши тўғрисида қарор қабул қилди.

1992 йилда Нахичевон устидан яна бир можаро авж олди. Туркия ҳатто арманларнинг Нахичевонни эгаллаб олишига йўл қўймаслик учун уларнинг қўшинларига қарата огоҳлантирувчи ўт очишга мажбур бўлди. Эрон Туркияни қўллаб-қувватлади ва чегаралари яқинида ҳарбий машқлар ўтказди. Ўша пайтда Нахичевон Олий Мажлиси раиси бўлган Ҳайдар Алиев мудофаани ташкил қилиш билан бирга, фаол дипломатик қадамлар ташлади ва ҳудуд яхлитлигида муҳим рол ўйнади.

Бугунги кунда Нахичевон аҳолиси Озарбайжонга қисқа йўл орқали бора олмайдилар: Арманистон транспорт блокадасини жорий қилган, бу эса автоном вилоят иқтисодиётини Туркия ва Эронга қарам қилиб қўйди. Тўлиқ қамал ҳолатига қарамай, Нахичевон қуйидаги омиллар эвазига омон қолди ва ривожланди: 1992 йилда Нахичевон ва Туркия ўртасида Аракс дарёси орқали “Умид кўприги” (Umut Köprüsü) очилди. Бу орқали Туркиядан озиқ-овқат, ёнилғи ва инсонпарварлик ёрдамлари кела бошлади. Нахичевонни электр энергияси ва газ билан таъминлаш учун Эрон орқали транзит ва қувурлар ўтказилди. Озарбайжонликлар Эрон ҳудуди орқали айланиб ўтадиган йўл билан қатнай бошлашди. Боку ва Нахчиван ўртасида ҳаво орқали узлуксиз қатнов йўлга қўйилди. 1995 йил 12 ноябрда мустақил Озарбайжон Конституцияси қабул қилинди. Янги Конституция Нахичевон автоном республикасига Озарбайжон таркибидаги автоном ҳудуд мақомини берди. 1995 йил 16 декабрда бўлиб ўтган Нахчиван Автоном Республикаси Олий Мажлисининг биринчи сессиясида Васиф Толибов раис этиб сайланди. Унинг раҳбарлигида автоном республика блокадага қарамай, катта ютуқларга эришди.

Автоном республикасида 1162 та тарихий ва маданий ёдгорлик мавжуд. Улардан 58 таси глобал, 455 таси миллий ва 649 таси маҳаллий аҳамиятга эга. Республика минерал ресурсларга бой, бу ерда мармар, оҳактош ва гипс конлари мавжуд.

Қорабоғ урушларидаги ғалаба ва Арманистоннинг реал вазиятни тан олишга мажбур бўлиши орқали Нахичевонни Озарбайжон билан боғлайдиган қисқа йўл очилиши эҳтимоли ортиб бормоқда. Айнан Зангезур коридори номини олган лойиҳа туркий давлатларни ўзаро боғлайдиган муҳим йўлакка айланиши мумкин ва Нахичевон бунда муҳим ўрин тутади.


Аброр Зоҳидов

Ishonch.uz

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади