Ҳар йили “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилади. Ғолибга – электромобиль
Танловда ғолиб бўлган маҳаллаларга мукофот сифатида хизматда фойдаланиш учун электромобиль топширилади.

Ҳар йили “Энг яшил маҳалла” танлови ўтказилиб, натижалар бўйича ғолиб бўлган 14 та маҳаллага Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан мукофотлар ажратилади.
Бу ҳақда Президентнинг “Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 199-сонли Фармонида белгилаб қўйилди.
Ҳужжатга мувофиқ, Экология жамғармаси маблағлари ҳисобидан танловда ғолиб бўлган маҳалланинг тегишли жамғармасига дарахтлар экиш ва суғориш, “яшил жамоат парки”ни яратишга жами 500 миллион сўмдан ўтказиб берилади.
Шунингдек, ўзини ўзи бошқариш органларига хизматда фойдаланиш учун 1 тадан электромобиль харид қилиш ва топшириш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга Фармон билан 2024 йилда ўрмон фондининг 1,5 минг гектар ер майдонларида касаначилик асосида кўчат етиштириш ишларини йўлга қўйиш орқали камида 10 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам белгиланди.
Жисмоний ва юридик шахсларнинг буюртманомалари асосида дарахт ва бута кўчатларини экишни ташкиллаштиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида электрон тўлов тизимларидан фойдаланувчилар ва бошқа истеъмолчилар томонидан ихтиёрий хайрия ўтказмалари бўйича хизмат кўрсатувчи “Яшил тўлов” платформаси жорий қилинади.
Бундан ташқари, 2024–2026 йилларда Тошкент шаҳри атрофида жами 441 гектар майдонда “яшил белбоғ”лар барпо этилади.







