“Меҳрибон” ёстиқ ва қуроқдўзлик
ёхуд унутилаётган қадриятлар ҳақида фотоҳикоя

Ўзлик ва қадриятларнинг йўқолиб бориши миллатни емирувчи жараёндир. Ўзбек халқи қирқ кечаю қирқ кундуз тўй қиладиган, ҳашаматсевар халқ экани рост, бироқ асрлар оша яшаб келаётган ва чуқур маъно ташийдиган баъзи урф-одат ҳамда қадриятлар миллат илдизининг янада мустаҳкам бўлишига, ёшларда миллий анъаналарга нисбатан меҳр уйғонишига сабабчи бўлади.


Мана шундай анъаналардан бири – қуроқдўзлик халқ амалий санъатидир. Қадимдан келин-куёвларнинг сарполарида қуроқдан тикилган кўрпа-тўшагу дастурхонлар муҳим ўрин тутган. Бунда ёшлар тотув, бахтли ва фарзандли яшасин, худди шу майда матолардай бир-бирини тўлдириб, яхлит умр кечирсин, деган эзгу ният ётади. Бироқ бугунги кунга келиб бу қадрият асосан қишлоқ ҳудудларида сақланиб қолган. Навбатдаги фотоҳикоямиз қаҳрамони замонавийлашув жараёнида кўплаб анъаналар унутилаётган бир пайтда, ана шундай нодир ҳунар сирларини асраб-авайлаётган – қуроқчи-чевар Мукаррам она Хайитова.


“Қуроқчилик менга момо касб, олдинлари ҳамма қизлар қуроқ тикишни яхши билишган, оналаримиз, момоларимизнинг ёнида юриб ўрганганмиз. Қарийб 30 йилдан бери бу ҳунарни яхши биламан. Лекин нафақа ёшигача ҳеч қачон жиддий шуғулланмаган эдим”, — дейди 65 ёшли Мукаррам она.
Навоий вилояти Хатирчи туманида бу анъана ҳамон сақланиб қолган бўлиб, чевар холанинг буюртмалари талайгина. Шунингдек, унга қўшни вилоят ва туманлардан ҳам мижозлар ёғилиб келади.


Қуроқ тайёрлаш — энг машаққатли иш. Тасаввур қилинг: 2-5 сантиметрлик майда матолардан каттагина кўрпа ва дастурхонлар яратиш керак. Бунинг ҳам ўзига яраша тузилиши, нақшлари ва ўлчамлари бор. Битта бўлакда адашсангиз, бутун бошли меҳнат йўққа чиқиши мумкин. Биргина тўшакни тикиб тугатиш учун чеварнинг бир ҳафта вақти кетади, чунки бу ҳақиқий қўл ишидир. Бугунги тезкор ва оммавий ишлаб чиқариш замонида ана шундай сабр-тоқат талаб қиладиган қўл меҳнати тобора қадрланмоқда. Жаҳон бозорида миллий қадриятларни ўзида мужассам этган ҳар бир бундай буюм нафақат гўзаллик, балки миллатнинг ўзига хос руҳини ҳам ифодалайди.
Мукаррам она 30 йиллик иш тажрибасига эга педагог. Архитектура университетини тамомлаган, чизмачилик эса жону дили. Аслида қуроқчилик ҳам онанинг асосий касбига қариндош ҳисобланади — иккиси ҳам ўлчов ва бунёд этишдан иборат.
“Охирги 5 йилда бу соҳани замонавийлаштирдим. Ўзим янгича нақшлар ва матолардан фойдаланишни бошладим. Нафақага чиққач, ҳунар билан чуқур шуғулландим ва аввалига яқин қариндошларнинг сарпоси учун тайёр тўпламлар сотдим.
Бир неча бор шогирд тайёрлашга ҳаракат қилдим, лекин ҳозирги ёшларнинг сабри етмас экан. Баъзан шундай гўзал қўл меҳнати бора-бора йўқолиб кетармикан, деб ташвишланаман.”


“Меҳрибон ёстиқ” ҳикояси
—Баъзи одатларнинг келиб чиқиши ва маъноси жуда гўзал. Улардан бири — қурамадан тайёрланадиган “меҳрибон ёстиқлар”дир. Бекорга “бир ёстиққа бош қўйишсин, қўша қаришсин”, дейилмайди. Оналаримиз азалдан қурамадан меҳрибон ёстиқлар тайёрлаб, ёшларнинг сарпосига жойлашган ва бу ёстиқлар уларга бир умрлик ҳамроҳ бўлишини тилашган. Номидан ҳам маълумки, янги оила бир-бирига меҳрибон бўлсин, айрилмасин, севгисини асраб-авайлаб, қадрлаб юрсин, деган яхши ниятда тикилади. Икки кишилик, битта қилиб тикилган, сўзанадан иборат бундай форматдаги болишлар фақат Ўзбекистонда учрайди, — дейди Мукаррам она Хайитова.
Қуроқчилик асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган миллий қадриятларимиздан биридир. Мукаррам онадек усталар бу ҳунарни бугунги кунга қадар сақлаб келмоқда, бироқ ёш давомчиларнинг етишмаслиги уни йўқолиб кетиш хавфини оширади. Шу сабабли бундай нодир ҳунарларни ўрганиш ва ёш авлодга ўргатишни давлат ва жамоатчилик даражасида қўллаб-қувватлаш зарур. Хусусан, Ҳунармандлар уюшмаси худди каштачилик, зардўзлик ёки сўзана каби қўл меҳнатларига жиддий эътабор қаратганидай қурамачиларни ҳам ушбу сафда тутиши ва миллатнинг яна бир гўзал руҳи йўқолиб кетмасидан аввал усталарнинг тарғибот ишларини амалга ошириб, ёшлар учун тўгараклар ташкил этиши керак. Бугун дунё бир хил стандартлардаги ишлаб чиқариш ва сунъий яратиқларга тўла ётган бир пайтда ўзлигимизни хотирлатадиган бундай гўзал анъаналарни сақлаб қолишимиз ва қадрлашимиз сув ва ҳаводек зарурдир!
Эъзоза Умр







