+28C

+28C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Бир парча қуёш

Раҳматли қайнонам Ҳабиба Ашурованинг порлоқ хотираларига бағишладим!
187 10:39 | 19.06.2026 10:39

Қуёш чиқмаган кун ер юзи зулмат ичра қолмаса-да, кўнгилни равшан қиладиган даражада ҳузур бағишлолмайди. Унинг иссиғи ҳаминқадар бўлади. Мен ҳикоя қилмоқчи бўлган аёл тақдири Сизни бефарқ қолдирмайди деган умиддаман.
Ҳаёт мураккаб, у ҳар доим ҳам бизга кулиб боқавермайди.


Ҳабиба она бирин-кетин туғилган ўғил-қизларининг болалиги бахтиёр кечаётганлигидан мамнун. Саккизинчи фарзандига ҳомиладор бўлишига қарамай, уй-рўзғор юмушларига шўнғиб кетарди.


Бахтли оила соҳибаси кечки овқат маҳали бир дастурхон атрофида тўпланишган катта оила даврасида бахтдан масрур эди. Турмуш ўртоғининг рўзғор кам-кўстини тўлдириб туриши, бунинг устига болаларига меҳрибонлиги аёл сифатида қалбини завқ-у шавққа тўлдирарди.


Аммо, тўсатдан келган дард туфайли оила бошига жудолик соя солди. Турмуш ўртоғининг вафоти 36 ёшли Ҳабиба онани эсанкиратиб қўйди.


Бевалик либосини кийган Ҳабиба онанинг саккизинчи фарзанди дунёга келди. Фарзандлар бирин-кетин вояга ета бошлади. Аёл – сабр тимсоли деймиз, аммо бу аёлнинг бошидан кечирганларини Аллоҳим ҳеч кимнинг бошига солмасин.


Тўрт нафар фарзандини олийгоҳларда ўқитиб, олий маълумотли қилган, қолган тўрт нафари ҳам ўрта махсус маълумотли ҳамширалар бўлиб етишиши учун бор куч-қувватини ишга солди. Отасизликларини билдирмади.


У киши фарзандлари билан биргаликда мен – келинларини ҳам олий маълумотли қилганлар. Келинни ўқишга жўнатиб, невараларга ўзлари беминнат қараганлар.


Икки қатор узумзор, тўрт туп олма дарахти ҳосилини бозорга чиқариб, кийим-кечак, озиқ-овқат харид қиларди. Ўнтача товуқ боқиб, рўзғордан ортган тухумларни бозорга чиқарарди. Ипак қурти боқиб, ҳам оилага, ҳам жамиятга фойда келтирарди.
Қайнонам билан биргаликда ипак қурти боқиб, меҳнатимиз маҳсули бўлган пиллани давлатга топшириб (сотиб), пулига сигир сотиб олганмиз.


Муштипар она байрам кунлари ўзига либос тикиш учун эмас, балки болаларига янги кўйлак тикиб бериш учун мато сотиб оларди. Бечора аёл ҳатто болаларининг қишки палтоларини, мактаб сумкаларини ҳам матодан, қўл тикув машинкасида ўзи тикарди. Хуллас, фарзандлари деб сув келса симириб, тош келса кемириб яшади муштипар аёл.


Барча ғам-ташвишларни енгиб, ўғилларни уйлантириб, қизларини эгасига топшириб – турмушга узатиб, тиндим деганда, яна бир жудоликка учради, дучор бўлди.
33 ёшли келинини вафотини кўриш ҳам тақдирида бор экан. Келинидан қолган 3 нафар болани, невараларини ҳам парваришлаб улғайтирди.
Вақт ўтиб, мусибату ғам-андуҳлар ўз кучини кўрсатди.


Ҳабиба она хафақон касаллиги туфайли тўшакка михланди.


Олти ярим йил шу зайлда ўтди. Иродали, мушфиқу мунис Ҳабиба она ҳамиша шукурда эди.


У асло нолимасди. Барча кўргиликларни тақдирдан кўриб, ҳаммасига кўнган ҳолда бошига сабрни тож қилиб яшади. Ҳа, барчага ибрат бўлгулик сабр-тоқат мужассам эди бу фаришта аёлда.


Хулоса ўрнида шуни айтмоқчиманки, яқинда 63 ёшга тўламан. Турмуш ўртоғим билан 40 йил бирга яшадик. 3 нафар ўғил ўстирдик. Ҳозир 3 нафар келиним, 9 нафар невараларим бор. Мен қайнона қандай бўлишини қайнонамдан ўргандим. Ёмонини яшириб, яхшисини ошириб яшашга ҳаракат қиламан. Келинларим билан аҳил-иноқ яшаб келаяпмиз. Улар ҳам бизни ўз ота-онасидек кўришади, Аллоҳга шукур!


Раҳматли онажонимиз – биз фарзандлари учун гўёки оиламиз осмонидаги Қуёш эдилар. Чиндан ҳам бир парча қуёш ерга тушгану, бутун оила аъзоларининг ҳаёт йўлини ёритиб, ўзининг мурувват, саховат нурлари билан турмуш бўронларидан тўсиб, ҳамиша илитиб келгандек, гўё.


Севимли қайнонам – онажонимнинг жойлари фирдавс жаннатларида бўлсин, илоҳим!


Ўзбекистонимизда ҳам шундай ўрнак бўладиган сабрли қайноналар кўпайсин.


Шаҳодат Раҳмонова


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

2

0

0

0

0

Қолдирилган изоҳлар (2)

Мирзоҳид

14:40 | 19.06.2026

Сабр-тоқат ва матонат.

Нигора

16:03 | 19.06.2026

((((

Mақолага баҳо беринг
0/5

2

0

0

0

0

Мавзуга оид