Бугундан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер ва ундаги кўчмас мулкка мулк ҳуқуқини эътироф этишга оид Қонун кучга кирди
Жорий йилнинг 5 август куни Президент томонидан «Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қонун имзоланган эди. Белгиланганидек, ушбу ҳужжат 8 ноябрдан кучга кирди.
Қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:
– 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
– 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
– «бир марталик акция» доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
– 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;
– боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
– кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
– давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
– ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.
Кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
– ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;
– ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
– ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
– муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
– бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);
– ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).
Қонунга кўра, якка тартибдаги уй-жойлар эгаллаган ерларга ижара ҳуқуқи қуйидаги ҳажмгача берилади:
– 1998 йил 1 июлгача эгалланган бўлса – 0,24 гектаргача;
– 1998 йил 1 июлдан 2018 йил 1 май кунига қадар эгалланган бўлса – Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида 0,06 гектар, қолган ҳудудларда 0,12 гектардан ошмаган ҳажмда.
Ушбу ҳажмдан ортиқча ерлар, агар низо бўлмаса, деҳқон хўжалиги ёки томорқа хўжалиги юритиш учун расмийлаштириб берилади.
Ҳуқуқларни эътироф этиш ҳудудлар бўйича босқичма-босқич амалга оширилади, бунинг учун Кадастр агентлиги ҳар йили режа-жадвал тасдиқлайди, унга асосан:
– Кадастр агентлиги автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиб, унга барча ерлар бўйича 6 хил турдаги бирламчи маълумотларни киритади;
– 10 та ваколатли орган (ҳокимлик, қурилиш, экология, солиқ, «Ўзбеккосмос» агентлиги ва бошқалар) ҳар бир ер участкаси бўйича ўз ваколатидаги маълумотларни тизимга киритади;
– тизимда шакллантирилган электрон йиғмажилд маҳалла биноларида, Кадастр агентлиги сайтида ҳамда бошқа манбаларда эълон қилинади.
Тўпланган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва қонунийлиги адлия органлари томонидан ўрганиб чиқилади.
Ижобий хулоса қабул қилинган фуқароларга Кадастр агентлиги томонидан хабарнома юборилади.
Хабарнома асосида бир марталик тўловни амалга оширганларга ҳар чоракда халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан ҳуқуқлар эътироф этилади (ерга – ижара ҳуқуқи, бино-иншоотга – мулк ҳуқуқи).
Қонунга кўра, ер ва биноларни қонунийлаштириш учун қуйидаги миқдорларда бир марталик тўлов ундирилади:
– Тошкент шаҳрида – БҲМнинг 5 баравари (1 млн 875 минг сўм);
– Нукус шаҳри ва вилоят марказларида – БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм);
– вилоятлар бўйсунувидаги бошқа шаҳарларда – БҲМнинг 2 баравари (750 минг сўм);
– бошқа аҳоли пунктларида – БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм);
– қолган ҳолларда бир марталик тўлов тегишли ҳудуддаги ўртача аукцион баҳоси миқдорида тўланади.
Шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлари, олдинги «акция» вақтида йиғим тўлаган шахслар тўловдан озод қилинади, «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига киритилган шахсларга 50 фоиз чегирма берилади.
Қонунга мувофиқ, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларига қурилган кўчмас мулк объектларини аниқлаш мақсадида 2024-2025 йилларда хатлов қилинадиган маҳаллалар режа-жадвали тасдиқланди, деб хабар берди Кадастр агентлиги матбуот хизмати.
Тасдиқланган режа-график Кадастр агентлигининг kadastr.uz сайтига жойлаштирилди. Фуқаролаар сайтга кириб ўзининг ҳудудида хатлов ишлари қачон амалга оширилишини билиб олиши мумкин.
Дарвоқе, ҳужжат кучга кириши муносабати билан Кадастр агентлиги директори Фарруҳ Пўлатов аҳолига қуйидаги мурожаат билан чиқди:
«Қонун кучга кириш санасида сизга мурожаат қилишимдан мақсад огоҳликка чақиришдир!
Узоқ йиллар давомида ўзи яшаб келаётган уйини расмийлаштириб олишни ният қилиб юрган ҳалол инсонлар кўп аммо, вазиятдан фойдаланиб, ноқонуний йўллар билан даромад қилишни режа қилиб юрган «уддабуронлар» ҳам йўқ эмас.
Сизларни бундай нопок кимсаларнинг ҳар қандай сўзлари ва ваъдаларига ишонмасликка чақираман!
Биринчидан, маҳаллалар аниқ тасдиқланган режа-график асосида хатловдан ўтказилади. Бири қолиб, иккинчисига ўтилмайди, яъни халқ тили билан айтганда «тезлаштириб беришнинг имкони йўқ».
Иккинчидан, хатловдан кейин “E’TIROF” дастурига киритилган ҳар бир ҳолат бўйича 15 дан ортиқ вазирлик ва идоралар хулосаларини беради ҳамда космик суратлар ёрдамида таҳлил қилинади. Халқ тили билан айтганда «иложини қилиб», ўтказиб бўлмайди.
Учинчидан, хатлов жараёнида қонун билан аниқ белгилаб берилган 8 та тоифага кирувчи ҳолатлар ўрганилади. Ҳозирда эгаллаб олиб, қурилиш қилиб қонунийлаштириб олишни режа қилаётганлар жавобгарликка тортилади ва бу ишлар ҳам ахборот тизимлари орқали назорат қилинади. Халқ тили билан айтганда, таниш-билиш ўтмайди.
Ҳурматли юртдошлар, ҳар қандай ҳолатда ҳам фирибгарлик, таъмагирлик ёки коррупсия ҳолатларига дуч келсангиз ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар беринг».
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0