Биз учун иқлим ўзгаришидан артистнинг иштони қизиқроқ!
Яқинда иқлим ўзгариши, экология бўйича халқаро саммит бўлди. Билмадим, бу нечанчиси, лекин 20 дан ортиқ йирик давлатлар раҳбарлари иштирок этишди.
Негадир биз бу масалага худди Марсдаги шамолдек бефарқ қараймиз. Ҳар қандай саммитлардан кўра кўчадаги авария ёки хонанданинг кийган кийими, машинаси қизиқроқ. Лекин бу шу даражадаги жиддий муаммоки, шахсий тажрибам асосида буни тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Мен 45 ёшдаман. Демак тахминан 35-40 йиллик хотирага эгаман. Биринчи синф пайтимда қишда ҳовлимиздаги қор орасидаги йўлда кўринмай кетган эканман. Янги йил байрамларининг бирортаси камида тизза бўйи қорсиз ўтмас, дадам эрталаб туриб қор курашга тушарди. Чанаси бор бола жуда бахтли эди, этикларимиз қанчалик яхши тойишига қараб танланарди. Ҳозир тўпиққа етадиган қор борми? Болаларнинг бирортаси яхмалак учяптими?
Баҳорда деворлар, лойли томлар усти лолақизғалдоққа бурканарди. Адирлар гиламдек қип-қизил бўлиб кетарди. Шу қадар жалалар қуярдики, шундоқ ҳам тўла сойлар лойқаланиб кетарди. Ҳозир 10-15 дақиқа томчилаб қўйган ёмғирга ҳаяжонланиб қоляпмиз.
Қишлоғимизнинг икки ёнидан тиниқ сувли ариқлар оқарди. Ичида балиқлар сузиб юргани кўриниб турарди. Илон кўп эди, типратиканлар, тошбақалар учрарди, лайлаклар ёнгинамизга келиб қурбақа тутиб кетишарди. Тулки, шоқолни кўп кўрганман, бўри увиллашини эшитганман.
Боғларда шафтолилар тўкилиб ётарди, дастурхонга тортиб ейилмасди. Чилонжийдани ҳеч ким камёб мева ҳисобламасди, тут ҳамма уйда бор эди.
Яйловлар шу қадар яшил эдики, қўйларимиз нима ейишни билишмасди, қўзичоқлар ва улоқчалар яйраб югуриб юришарди.
Диққат қилинг, мен совет инқилобидан олдинги даврни эмас, яқин 30 йил ичидаги ҳолатни, ўз кўзим билан кўрган манзараларни ёзяпман!
Инсоният 10 минг йиллардирки онгли ҳаёт кечирмоқда. Яна шунча ва балки ундан кўпроқ яшашни ният қилиши табиий, ким ҳам фарзандлари тоза ҳаво ва сувсиз қолишини истарди дейсиз.
Лекин биз ўзимизга боғлиқ бўлган ва бўлмаган ҳолатлар туфайли ўзимиз ўтирган шохга тобора кўпроқ болта уряпмиз. Табиатни елим билан, заҳарли газлар билан бўғяпмиз, сувни чиқиндига тўлдиряпмиз, набототни қиряпмиз, ўзимиз экмаган дарахтларни аёвсиз кесяпмиз.
Қизиғи, ҳеч биримиз ўзимизни бунинг учун жавобгар ҳис қилмаймиз. Натижа кўз ўнгимизда – иссиқдан тобора кўпроқ куямиз, сувсизликдан кучлироқ ташна бўламиз, кўксимизни тўлдириб нафас олишга зор қоламиз. Бу келажак эмас, бугунги кун!
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0