Аҳолиси камайиб бораётган Хитой давлатининнг айни пайтдаги ҳолати қандай?
Охирги 60 йил ичида Хитой аҳолиси катта суръатлар билан камая бошлаган. Ўтган йили ҳиндистонликлар 1 млрд. 425 млн. кишига етгани ҳисобига Хитой дунёдаги энг аҳолиси кўп мамлакат мақомини Ҳиндистонга бой берди.
Дунёда аҳоли 8 млрд.дан ошмоқда, аммо Хитойда эса…
Хитой ҳукумати маълумотларига кўра, мамлакатда туғилиш даражаси икки йилдан бери мунтазам пасайиб бормоқда. Бу кўрсаткич ҳар 1000 киши ҳисобига 6,39 промиллига тушиб қолган бўлиб, Шарқий Осиёдаги бошқа ривожланган давлатлар — Япония ва Жанубий Корея даражасига деярли тенг.
Сайёрамизда ҳозир 8 млрд. киши яшайди. БМТнинг Иқтисодий ва ижтимоий тараққиёт департаменти тайёрлаган ҳисоботда келтирилишича, 2050 йилга бориб, дунё аҳолиси 9,5 млрд. дан ортиши кутилмоқда. Бу кўпайиш асосан ривожланаётган мамлакатлар ҳисобига юз беради. Ривожланган давлатларда эса аҳоли миқдори деярли ўзгармайди. Европада аҳоли камайиб бораверади. Хитойда эса 2023 йил якунида аҳоли сони 1,409 млрд. кишини ташкил этган бўлиб, бу 2022 йилга нисбатан 2,08 млн. кишига кам деганидир. Мазкур демографик ҳодисанинг Хитойга, шунингдек, глобал иқтисодиёт ва сиёсатга таъсири катта, албатта.
Аҳоли сонининг камайиши сабаблари
“Бир оилада — бир бола” сиёсати. Хитойнинг демографик таназзулга учрашининг асосий сабабларидан бири, 1979 йилда жорий этилган туғилишни назорат қилиш бўйича узоқ муддатли сиёсат ҳисобланади. Аҳолининг тез ўсишига қарши курашишга қаратилган ушбу дастур бир оилага тўғри келадиган болалар сонини сезиларли даражада қисқартирди. 2016 йилда мазкур кескин сиёсат юмшатилди. Ҳатто хитойликларни оила қуришга рағбатлантирадиган субсидиялар ҳам жорий этилган бўлсада, “бир бола сиёсати”нинг таъсири бугунги кунда ҳам сезилмоқда. 2021 йилда 3 нафаргача болага рухсат берилиши ҳам мамлакатдаги демографик “жарлик”ни тўлиқ қоплай олмади. Аҳолисининг катта қисми пенсия ёшига етди, қариялар улуши ёшлар миқдоридан ошиб бормоқда.
Прогнозларга кўра, 2035 йилга бориб, пенсия ёшидаги хитойликлар 60 фоизга ортиб, 400 млн. кишига етади. Бу эса бутун мамлакат аҳолисининг учдан бири деганидир. Ушбу ҳолат меҳнатга лаёқатли ишчи кучини қисқартиради, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам тизимига босимни кучайтиради.
Нега хитойликлар кам болали ҳаёт тарзини танлашмоқда…
Турмуш даражасининг кўтарилиши ва урбанизация ҳам муҳим роль ўйнамоқда. Хитойда шаҳарликлар улуши ортиб бормоқда. Кўпроқ оилалар кам болали ҳаёт тарзини танлашяпти. Шаҳарларда болаларни тарбиялаш, таълим ва соғлиқни сақлаш харажатлари катта, бу эса кўпроқ фарзанд кўриш истагини камайтиради. Шунингдек, аҳоли ҳаёт кечиришнинг қимматилигини баҳона қилиб, “ортиқча” болага вақт ва куч сарфлагиси келмаяпти. Замонавий хитойлик оилалар кўпроқ мартаба ўсиши ва шахсий амбицияларни танлашмоқда. Яъни, бироз “худбинлик” қилиб, асосан ўзларига ишда карьера ва шахсий ўсишга эътибор қаратишяпти. Аёллар ҳам ўзини ишга бағишлаяпти, оила қуриш, фарзанд кўришни кечиктириш ёки “фарзандсиз ҳаёт” (чилдфрее) йўлини танлашмоқда.
Хитойда аёлларни фарзанд кўришга ундовчи қўнғироқлар
Йиллар давомида туғилишни қаттиқ назорат қилиб келган Хитой ҳукумати энди аёлларни фарзанд кўришга ундай бошлади. Ҳукумат демографик инқирозни шу йўл билан ҳал қилмоқчи.
Махсус операторлар хитойлик аёлларга қўнғироқ қилиб “Ҳомиладормисиз?” деб сўрашади. Агар аёл “йўқ” деб жавоб берса, ундан “бу ҳақда ўйлаб кўришни” илтимос қилади.
Гуанси вилоятида яшовчи 36 ёшли аёл туғилиш даражасини ошириш тобора кўпроқ талаб қилинаётганини айтди. Аёл унга ҳомиладор ёки йўқлиги ҳақида сўраб қўнғироқ қилган операторга эътироз билдирган. У оператордан “моддий ёрдам бера оласанми ёки туғруқ пайтида кўмаклашасанми”, “Агар ёрдам бера олмасанг, бўлмағур гапларни бас қил”, — дея жаҳл қилган аёл.
Аввалроқ Хитой хорижликларга мамлакатдаги болаларни фарзандликка бериш дастурини тўхтатган эди. 1990 йиллар бошидан бери Хитой ўн минглаб болаларни хорижга фарзандликка берган, уларнинг қарийб ярми АҚШга юборилган. Бу воқеалар “бир бола” сиёсати шароитида юз берди. 1979 йилдан 2015 йилгача амал қилган ушбу сиёсат туфайли кўплаб хитойлик оилалар ўз фарзандларидан, айниқса, қизлардан ва ногиронлиги бўлган чақалоқлардан воз кечишга мажбур бўлган.
Хитой аҳолисининг қисқариши ижобийми ёки салбий?
Ижобий оқибатлар:
• Табиий ресурсларга босим камаяди. Аҳоли сонининг камайиши натижасида сув, озиқ-овқат ва энергияга бўлган талаб камаяди, бу эса экологик муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради.
• Ҳаёт сифати яхшиланади. Аҳолининг камайиши иш ўринлари ва ресурслар учун рақобатни камайтириш орқали турмуш даражасининг ортишига эришиш мумкин.
• Самарадорлик ва янги технологияларга эътибор кучаяди. Ишчи кучи камайгани боис Хитой маҳсулдорликни ошириш учун автоматлаштириш ва технологик инновацияларга кўпроқ таяна бошлайди.
Салбий оқибатлар:
• Иқтисодий фаолликнинг пасайиши. Меҳнатга лаёқатли аҳолининг камайиши умумий ишлаб чиқаришнинг пасайишига ва иқтисодий регрессга олиб келади.
Бундай натижа 2023 йилдаёқ “бўй кўрсата” бошлади: ҳукумат кўчмас мулк соҳасидаги инқироз, истеъмол сарфларининг тушиб кетиши ва ёшлар ўртасида рекорд миқдорда ишсизлик (21,3%) каби муаммоларга дуч келди.
• Демографик номутаносиблик. Аҳолининг кескин қариши ижтимоий дастурлар ва соғлиқни сақлашга босим ўтказмоқда. Ёшларнинг камайиши кексаларни қўллаб-қувватловчи одамлар камайишини англатади, бу эса ижтимоий ҳимоя муаммоларини янада кучайтиради.
• Пенсия тизими учун хавфлар. Ишчи кучининг қисқариши мавжуд пенсия режаларини сақлаб қолишни қийинлаштиради. Содда қилиб айтганда, кўп миқдордаги қарияларга пенсия бериш учун кам миқдордаги ёшлар зўриқиб ишлашига тўғри келади.
Инқирозни бартараф этиш учун нималар қилинмоқда?
Хитой расмийлари ёшларни оила қуришга ва фарзанд кўришга ундаш учун молиявий рағбатлантиришдан тортиб, тарғибот компанияларигача бўлган кўплаб чора-тадбирларни амалга оширди. Расмийлар учрашув ва оммавий никоҳ маросимларини уюштириб, қишлоқ жойлардаги кўплаб камбағал эркаклар учун қийинчилик туғдирадиган “қалин пули” анъанасини чеклашга уринди. Бироқ кўпчилик оила қуриш ва фарзанд кўришни кейинга қолдирмоқда.
Мадина Пўлат қизи тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0