Биз пулни нималарга сарфлаймиз?..
Пул топмаяпмиз эмас, топяпмиз. Катта-кичик давраларда баъзан «Замонадан нолиш инсофданмас, бу кунларнинг шукрини қилиш керак. Қимирлаган жон борки, қозони қайнаб турибди. Фақат «Берсанг–ейман, урсанг–ўламан» қабилида яшаётганлар учун кун кўриш қийинроқ кечяпти. Боқибеғам, тепсатебранмаслар қандай даврда ва қандай шароитда яшаса ҳам, норозилик учун баҳона топади» деган гаплар айланиб юради.
Майли, уларни қўя турайлик. Жисмоний, руҳий дангасалик, боқимандалик кайфиятини ўзига сингдирган бандалар – булар бошқа масала. Аммо манглай тери билан топган пулларини ўрни-ўрнида оқилона сарфлаш ўша маблағ эгасининг ўзи учун ҳам, жамият учун ҳам катта аҳамият касб этади. Бугун шу ҳақдаги мулоҳазаларимни Сиз билан баҳам кўргим келди.
Қаердасан, ўртоқжон, боғдами, тоғда?..
Санобар исмли дугонам бор, параллел синфда ўқиганмиз. Ўша кезлар бир-биримизга мактабдошликдан ҳам мустаҳкамроқ бир ришталар билан боғланган эдик. Тақдир тақозоси билан икковимизнинг ҳам туз-насибамиз мана шу шаҳарга сочилган экан, неча йилдан буён борди-келди қиламиз.
Санобарнинг турмуш ўртоғи Тоҳир ака ирригатор олим, тўрт фарзанди бор. Биргаликдаги ҳаётларининг дастлабки йилларида, ёш пайтларида хўп қийналишган. Икки хонали уй, аспирантлик стипендияси, бунинг устига, кунда-кунора гоҳ Тошовуздан (бизнинг юртимиз), гоҳ Самарқанддан (Тоҳир ака хатирчилик) меҳмон келади. Кимнидир касалхонага олиб бориш керак, ўқиш истагида бўлган кимнидир институт ёки университетга етаклаш зарур...
Эр-хотин бир-бирларига елкадош бўлиб ҳаётнинг турфа машаққатларини енгиб ўтишди, фарзандларини ҳам олий маълумотли қилишди. Бугун ҳаммаси оилали, яхши даромад келтирадиган касб-корлари ҳам бор. Бир этак набиралар катта хонадонга завқу сурур улашади.
Санобарнинг мутахассислиги эса кутубхоначилик. Ўз вақтида фидойилик билан меҳнат қилган, ҳозир нафақада. Оила бюджетига ҳар ойда яхшигина даромад тушса-да, у жуда оддий кийинади, яшаш тарзида ҳам кимдир кўрса, «Воҳ!» деб ҳайратланадиган манзара кузатилмайди. Кимларгадир ўхшаб ўғли алоҳида, келини алоҳида машинада юргани йўқ. Зиёлиларга хос камтарона, чиройли яшашади. Лекин уларнинг ҳайратдан ҳам кўра ҳавасларга лойиқ бир жиҳатлари бор: эр-хотин ярим дунёни кўриб бўлишди. Йилда бир-икки марта қўшни мамлакатларга ёки хорижий юртларга сафарга чиқишади.
Ўтган йили юртимизга – Туркманистонга Санобар билан бирга бориб келдим. Паспортини очиб қараб, рости, ҳавас қилдим. Туркия, Греция, Ҳиндистон, Франция, Германия, Хитой, Япония каби давлатлар муҳрлари... Чиндан ҳам, ярим дунёни кезиб чиқибди. Олтмиш деган чекка бир қишлоқнинг оддий мактабида ўқиган кутубхоначи аёл. Москва, Санкт-Питербург, Минск, Бишкек...
Хўш, дунё ичра дунёлар кўриб нима топди, дейсизми?
«Ўзбекистоннинг мева-сабзавотларидай ширин ноз-неъматлар ҳеч қайси юртда йўқ. Биз тўрт фаслда ҳам бошимиздан қуёш кетмаслигидан қувонишимиз керак».
«Ўзбекона меҳр-оқибатни соғиндим, ошни соғиндим...».
Ҳар гал сафардан қайтгач, йўқлаб борганимда ундан шунақа гапларни эшитаман. Бошқаларга ўргатадиганларимиз бўлганидек, ўрганадиганларимиз ҳам йўқ эмас. Ўртоғим қай бир давлатнинг тоза-мусаффолигини мақтаса, бошқа бирининг таълими, учинчисининг тиббиётдаги ютуқлари ҳақида сўз очади. Ўзи ўрганганларини оила аъзоларига татбиқ этади. Зеро, ҳақиқат қиёсларда кўринади. Устоз Абдулла Ориповнинг «Тилла балиқча»сига ўхшаб ҳеч қаерга чиқмасак, «Ҳаёт шу экан-да», деб ўтаверамиз. Қолаверса, дугонам денгизларда сузгани, тоғлар ва хуштабиат жойларда кўп юргани учун соғлом, руҳи тетик...
Қўнғироқ қилсам:
– Сайёҳларнинг султони, тоғдамисиз, боғдами? – деб ҳазиллашаман.
Кутганимдай, ё энди келган, ё жўнаётган, ё бирор гўзал масканда сайр қилиб юрган бўлади. Баъзан «Уйингда ўтирасанми, ўзи? Энам айтганидай, ўзимнинг уйимдан кўприкнинг таги яхши, дейдиган аёл бўлибсан-да», деб койиганга ўхшасам ҳам, аслида ёшлик, ўрта яшарлик, ҳатто, улуғ ёш чоғларининг ҳам бир қисмини меҳнат билан ўтказган ўртоғим ҳозир топган маблағини жуда ўринли харжлаётганига тан бераман.
Сочилса, кўпаядиган бойлик
Бир гал хизмат сафари билан Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманига бордим.
– Банкдан кредит олиб хусусий кутубхона очган аёл бор, учрашасизми? – дейишди.
Учрашиш ҳам гапми, учиб бораман-ку ундай жойларга. Болалигимдан китоб, кутубхонани яхши кўрганим – бошқа масала. Пул топган ишбилармон борки, дўкон, ошхона, тўйхона, ёнилғи қуйиш шохобчаси, қисқаси, ишлатган пулини кўпайтириб берадиган манзилу маконлар қурган ёки қураётган бир даврда пулини кутубхона учун сарфлаган аёлни кўриш менга бошқача қувонч бағишлаши ўзимга аён-ку.
Туманнинг «Ўзбекистон» маҳалласида қурилган экан «Мумтоз» деб аталган кутубхона.
– Халқимиз «Ўқинг!» деган чақириққа интиқ бўлиб яшаган экан узоқ йиллар деб ўйлаяпман шу кунларда, чунки кутубхонамиз ҳамиша гавжум, – дея сўз бошлади уни барпо этган ихчамгина жуссали Гавҳарой Ҳусанова суҳбатимиз аввалидаёқ.
Иккинчи қаватнинг ярмидан зиёдини эгаллаган шинам, ёруғ хона. «Ўзбек адабиёти», «Жаҳон адабиёти», «Болалар адабиёти» каби бўлимларга бўлинган. Ҳатто, фанларга оид, яъни ёш ўғил-қизларга дарсларга қўшимча тарзда ўқиш тавсия этилган китоблар ҳам бор. Кунлар мижозлар ёшига қараб тақсимланган – Болалар куни, Ёшлар куни ва ҳоказо кунлар. Айниқса, Ота-оналар, бобо-бувилар куни мен учун янгилик бўлди. Кутубхонада турли тадбирлар ҳам ўтказилар экан. Мен борганимда «Энг кекса китобхон» танловига тайёргарлик кўрилаётган экан.
– Тошкентга йўлингиз тушганида бизникига кирсангиз, кутубхонамиздан китоблар совға қиламиз, – дедим Гавҳарой билан хайрлашаётиб.
Ёз ўрталарида эр-хотин бирга келишди. Эри роса қорайибди. Чой ичганда пешонасидан тер қуйилиб кетди.
– Ерга экин экиб, ҳосил етиштиряпмиз, – деди Гавҳарой. – Бу киши ёз қуёши нурининг бир толасини ҳам туширмай ўзларига оляптилар. Чунки кутубхонанинг кредитини тўлашимиз керак.
Мен аёлининг маънавий эҳтиёжига елкадош бўлиб яшаётган турмуш ўртоғини алқашга тушган эдим, Гавҳарой:
– Ўзи асли бу фикр қайнонамдан чиққан, – деб қолди.
Айтишича, қайнонаси Гулбаҳор ая бир умр мактабда сабоқ берган, нафақага чиққанида шахсий кутубхонасида мингтача китоб бўлган экан. «Келинжон, бу – хазина. Ундан бошқалар ҳам баҳраманд бўлиши керак. Ҳамма қандайдир тадбиркорлик билан шуғулланяпти. Биз эса зиёли инсонлар сифатида кутубхона очайлик», дебди.
Гавҳарой шу иши орқали элга танилди, «Шуҳрат» медали билан тақдирланди. Лекин, ҳаммага маълумки, кутубхонага пул тўлаб кирилмайди, моддий даромади йўқ. Муҳими, бу хазинадаги китоблар ўқилгани сайин инсон тафаккурининг қоронғи бурчаклари ёриша боради. Оқни оқ, қорани қора кўрадиган равшан кўзлар кўпаяди. Бошқача айтганда, биз учун, умуман, инсоният учун зарурият ҳисобланган фикрий майдонлар кенгаяди, фикрсизлик торайиб боради.
Гулбаҳор аянинг таклифи билан келини йўлга қўйган тадбиркорликнинг нафи бошқаларга тегади. Мен бундай маънавий бойликни сочилса, кўпаядиган бойликка йўяман ва уни кўпайтириш йўлида фидойилик қилаётганларнинг топганларига барака беришни Яратгандан сўрайман.
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё
Бу воқеага ҳам Сайхунободда гувоҳ бўлганман. «Бахмалсой» маҳалласида яшовчи Толибжон ҳожи Темировни кўпчилик танийди. Унинг Рустам исмли ўғлига жуфти ҳалол бўлган Дилафрўз Ортиқованинг Алишер исмли акаси спортнинг шашка тури бўйича довруқ қозонган.
Дилафрўз кичкинаси билан уйда ўтирган пайтлар эди. Бир куни қайнотаси «Нон ёпиб, сигир соғсангиз ҳам кун ўтади. Уй юмушлари орасида, келинг, бир қорин ғамидан юқорироқ, эсда қоладиганроқ иш қилайлик. Акангиз спортчи, кузатишимча, сиз ҳам шашкани яхшигина ўйнайсиз. Мен эса маҳалла болаларини кўп кузатаман. Аксарияти мактабдан сўнг кўча чангитиб юради. Келинг, биз шашка тўгараги очиб, уларни жалб қилайлик», деди.
Толибжон ҳожининг таклифи келинга ҳам маъқул бўлди. Шу тариқа отанинг шовуллаб турган тераклари кесилди, қурилишга нима керак бўлса, келтирилди. Кўп ўтмай, бир уй, бир даҳлиздан иборат мўъжазгина бино қад ростлади. Кейин ўриндиқлар, шашкалар келтирилди. Қарабсизки, бу ерга шашкага ишқибоз болалар йиғила бошлади.
– Машғулотларимиз бепул, тўгарак мақомида. Унга беш-олти ёшдан ўн тўрт-ўн беш ёшгача бўлган болаларни қабул қиламиз, – дейди Дилафрўз. – Машғулотлар синовдан ўтган қатъий дастурлар асосида олиб борилади. Шу боис «Бахмалсой» болаларининг кўпчилиги, жумладан, Озодбек Ўрмоналиев, Малика Нодирқулова каби шогирдларимиз шашка бўйича мусобақаларда муваффақиятли қатнашмоқда. Ҳаммасиданам қувонарлиси, тўгарагимиз аъзолари тартиб-интизомга қатъий риоя қилишни, машғулотларга ўз вақтида тоза-озода кийиниб келишни ўрганишди. Шунингдек, дўстона рақобатлашишни, ҳалол ғалабага эришишни, мағлубиятга тан беришни, бундай фазилатлар нафақат спортда, балки ҳаётда ҳам ҳамиша керак бўлишини англаб етишди.
Ҳам ота-оналарга, ҳам болаларга манзур бўлаётган бу ишлар Толибжон ҳожининг саховатидан бошланди. Сарфланган маблағ ўзини ўзи қоплагани шу эмасми аслида?..
Садоқат – ҳамиша замонавий
Тошкентлик йигитдан эшитганман дўстлик китобига чиройли саҳифа бўладиган бу эзгулик ҳақида.
Ўн нафарга яқин қорасаройлик синфдошлар мактабдан кейин ҳам узилиб кетишмайди. Турлича касб-кор, турлича мавқега эга бўлишса-да, бир-бирларидан доим хабардор бўлиб туришади. Аммо, тақдир экан, кутилмаганда улардан бири оғир хасталикка чалинади ва ҳар қанча даволатсалар ҳам вафот этади. Рафиқаси уч нафар фарзанди билан тул қолади. Қайнота ўтиб кетган. Ўгай қайнона эса келинни уйга сиғдирмайди.
Начора, жувон болаларини олиб, ижара уйга чиқади. Бир ўзи топгани энидан тортса, бўйига, бўйидан тортса, энига етмайди. Ўйлаб-ўйлаб, болаларини яқинларига бериб, хорижга бориб ишлашга қарор қилади. «Бу қароримдан мен ҳам, болаларим ҳам қийналишади. Лекин уларга ватан қилишим керак-ку!» дейди у ўзини қалтис йўлдан қайтармоқчи бўлганларга.
Кўп ўтмай собиқ синфдошлар воқеадан хабар топишади. Улар ўзаро йиғилишганда «Болалар отасиз қолгани етмагандай, энди онасиз ҳам катта бўлишсинми? Қолаверса, ёшгина жувон хорижга кетса, қисматида уни нималар кутиб турибди?» деган саволларни ўртага ташлашади. Пировардида ўзаро пул йиғиб ва дастлабки тўловини тўлаб, марҳумнинг фарзандларини ватанли қилишади. Шунингдек, кредитни қолганини ҳам навбатма-навбат тўлаш юзасидан келишиб олишади.
Дўстга вафо-садоқатнинг бу кўриниши қанчалар гўзал, қанчалар ҳаяжонга солади одамни. Сахийларни қанча алқасак ҳам, кўкка кўтарсак ҳам, уларнинг ўрнида бўлиш осонмас, янаям аниқроғи, ҳамма ҳам ўз пулини бировга беравермайди. Бунинг учун бошқачароқ одам бўлиш керак!
Бир кўнгилни обод қилиш Каъба зиёратига тенг
Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида Муҳаббат исмли аёл бор. Умрининг кўп қисмини раҳбарлик лавозимларида ўтказган. У менга отаси ҳақида бир воқеани айтиб берганди:
– Ота-онам биз, фарзандларидан тинган, зиёрату саёҳат ёшларида эдилар. Акаларим уларни Ҳаж зиёратига юбориш учун маблағ йиғишаётган, навбат келишини кутиб, кун санаб юришган эди. Бир куни отам офтобрўёда ўтирса, қўшнимизнинг бошқа қишлоққа турмушга чиққан қизи ота дарвозаси олдида ўтирганмиш. Бир чиқсаям, ўша ерда эмиш, икки чиқсаям, ўша ерда эмиш. Ахийри олдига бориб, ҳол-аҳвол сўрабди.
– Боламни зудлик билан операция қилиш зарур бўлиб қолди. Юрагидаги нуқсон ҳаёти учун жуда хатарли эмиш. Биласиз, ёт элга тушганман, бировдан пул сўрай олмайман. Манави уйда эса ака-укаларим туришади. Ҳар ҳолда, ўзимникилар бўлишгани учун уларни қора тортиб келдим. Лекин умидим қилдай. Чунки икки-уч нафар жияним контрактда ўқишяпти...
Аёл шундай деб кўзларидан дув-дув ёш тўкибди. Дадам:
– Улар бир уй бўлиб, бир ёққа кетишган, шекилли. Бизникига кириб бир пиёла чой ичиб туринг, – дебдилар-да, ўзи акамникига йўл олибдилар.
– Менга аталган пулинг қанча бўлди? – деб сўрабдилар.
Акам айтибди.
– Шу пул меникими? – деб сўрабдилар дадам.
– Ҳа, нимага сўраяпсиз? – акам ҳайрон бўлибди.
– Меники бўлса, ўзимга бер.
Акам дадамнинг нима ниятда пул сўраётганини билгач, озгина жаҳлланибдилар.
– Савоб олмоқчи эдик, – деб жизиллабди.
– Мен савобимни сенга бағишладим, – дебди дадам ва пулни олиб ҳануз ака-укаларини кутиб ўтирган аёлга келтириб берибди.
Ўша аёл «Болажоним сизнинг ҳимматингиз боис омон қолди», деб бир умр дуода бўлган экан. Муҳаббат опанинг отаси Ҳаж зиёратига бордими-йўқми, билмадим, лекин шу ҳиммати билан бир зиёратдан келадиган савобга эришган, деган ўйдаман.
Ҳамма шундаймикан?..
Қорақалпоғистонга хизмат сафари билан боргандим. Чойга ўтирганимизда:
– Оқидан ичасизми, қизилиданми? – деб сўрашди.
Аввалига англамадим, кейин ақлим етиб:
– Мен умуман ичмайман, сизларга ҳам шуни маслаҳат бераман, – дедим.
– Қўйсангиз-чи, шундай жойда ишлайсизу, ичмайсизми? – дея ҳайрон бўлишди.
Бу воқеага ҳам беш-олти йил бўлди. Эҳтимол, ўзгаришлар рўй бергандир. Лекин борди-келди қилиб юрган (синглим Берунийга тушган) қариндошларимдан эшитишимча, ҳали-ҳануз сархуш қиладиган ичимликлар тўй-тўйчиқларнинг катта харажат кетадиган қисмини ташкил этади. Тўй кунини белгилашдан аввал йиғилган шишаларни санашади. «Бунча қути ароқ, бунча қути коньяк бўлди. Яна мунча қути йиғишим керак», дейишади. Гўёки ўша заҳриқотил бўлмаса, тўйнинг нимасидир кам бўладигандек.
Аслида сархуш қилувчи ичимликни ичиб олганлар тўйнинг чиройига доғ туширадилар. Қай бирининг эсига биринчи муҳаббати тушади. Ўртада базмни қизитаётган хонанданинг олдига бориб, «Фалон ашулани айт!» деб тихирлик қилади. Ё рафиқасига кимдир кўпроқ қараб қўйса, рашки қўзиб, жазавага берилади. Ёхуд кимдир ўзидан қарз олгани эсига тушади. Бориб ёқасига ёпишади. Ана жанжалу мана жанжал. Кимдир «Тез ёрдам»га чопади, бошқаси мелиса чақиради... Пулга қиёмат сотиб олди, деганлари шу бўлса керак.
Атрофингизни кузатсангиз, ажабтовур воқеаларга дуч келасиз. Кейинги вақтларда Ғарбга тақлид бўлса керак, «MERRY MI» деган ғалати бир одат чиққан. Икки ёш бир-бирини ёқтириб, қуда-андалар ўртасида борди-келди бошлангач, куёв бўлмиш бир жойни ижарага олади. Стол шамлар, атроф шарлар билан безатилади. Яхшигина ҳақ эвазига келган мусиқачилар куй чалиб туришади. Куёв (баъзилари тиз чўкиб) қиздан «Менга турмушга чиқишга розимисиз?» деб сўрайди.
Ҳолбуки, рози-ризолик аллақачон бўлиб ўтган. Шундай экан, тўй арафасида турган, харажати ҳаминқадар оилага қўшимча харажат нега керак? Эҳтимол, топиш-тутиши яхши оилалар учун бу одатга кетган маблағ унчалик билинмас. Аммо «Келин кейинчалик юзимга солмасин», деб ўртаҳол оила фарзандлари ҳам шу ишни қилишяпти. Наҳот, шундай замонларга келиб ҳам беҳуда маблағ сарфлаш бориб турган нодонлик эканлигини тушунмаётган бўлсак...
Эҳтимол айрим кишилар бу гапларимни эшитиб, «Ҳа энди орзу-ҳавас-да», дейишар. Лекин орзу-ҳавасда ҳам маъни бўлгани яхши эмасми?!
Ғарбга тақлидан қилинаётган яна бир одат одамнинг ғашига тегади. Одатда, юзига доғ тушганда бизнинг келинчакларимиз қисиниб-қимтиниб, оила катталари, айниқса, отаси, акаси, қайнота, қайнбўйинлари кўзларидан чеккароқда юришган. Бу ҳолатда ўзимизга хос бир ҳаё-ибо кўринишлари бор. Аммо ҳозир аксарият ёшлар текширувдан кейин қўлига берилган тасвирни тантанали равишда эълон қиладиган одат чиқаришган. Бунинг учун икки тарафнинг одамлари йиғилишади. Албатта, ўртада дастурхон бўлади. Келинчак бир тарафида пушти, бир тарафида мовий шарлар тизилган йўлакдан юриб келади. Ва йиғилганларга яқинлашгач, шарлардан бирини ёради. Пуштини ёрса, қиз, мовийни ёрса, ўғил дегани бўлади.
Эҳтимол, пулхўрликдан бошқа номга муносиб бўлмаган бундай одатлар ҳозирча фақат шаҳарларда тарқалгандир. Хатарлиси, шаҳарларда бошландими, қишлоқларга ҳам, албатта, етиб боради. Бунга мисоллар жуда кўп.
Эҳтимол, бизга маъқул бўлмагани билан баъзи нарсаларни ўзгартира олмасмиз. Масалан, давлат шифохоналарида бериладиган емакларга ажратилган пулларга ҳам ичинг ачийди. Чунки аксарият ҳолларда бу таомлар бемазалигидан оғизга олиб бўлмайди. Беморларга уйидан овқат ташишади ё кўчадан олиб тановул қилишади. Идиш-идиш суюқ ва қуюқ овқатлар шундайлигича чиқинди челагига ағдарилади. Бирор киши «Ахир, уларга давлат пули кетяпти, озроқ бўлса-да, ейиш мумкин бўлган таом пиширайлик», демайди. Балки бунинг ўзига яраша сабаблари бордир. Шу боис мен ушбу масалага чуқур кирмоқчи эмасман, Лекин ҳар гал бирор сабаб билан шифохонага борганимда челак-челак ташландиқ овқатларни кўриб, кайфиятим бузилади.
Маҳаллаларда экилган ниҳолларни кўрганимда ҳам шундай ҳолатга тушаман. Маҳалла ўз ҳисобидан (албатта, бу ҳам давлатнинг пули) эрта баҳорда кўчат тарқатади. Улар экилади, бир-икки марта сув ҳам қуйилади. Кейин қурий бошлайди. Одамлар уйидан сув олиб чиқиб, суғормайди. Чунки хонадонида ўлчагич бор, бошқа сув манбаси эса йўқ...
Боя айтганимдай, ҳуда-беҳуда ҳавога совурилаётган маблағлар ҳақида ўйлаб, сарф-харажатни жойига қўйиш фуқаро имконидаги иш эмасдир, аммо «MERRY MI» ва ҳали туғилмаган гўдак жинсини тантанали суръатда эълон қилишдек ножўя одатлардан воз кечиш ўзимизга, ўз хоҳишимизга боғлиқ. Бу ишни эса уддаласак бўлади.
Мустақил давлат ақл, билим, идрок билан бошқарилади. Фуқаролар ҳам шу даражага етсагина, жамиятда ижобий силжишларга янада кенг йўл очилади. Ўзимизни ўзимиз ислоҳ қилсаккина, амалга оширилаётган ислоҳотлар самара беради.
Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0