Бухорода диаспора билан янги ҳамкорлик босқичи бошланди
АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари конгресси координатори, “Shashmaqam Forever” халқаро фестивали президенти ҳамда The Bukharian Times газетаси бош муҳаррири Рафаэл Некталов бошчилигидаги делегациянинг Бухорога ташрифи диаспора билан янги ҳамкорлик босқичини англатувчи муҳим воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Делегация аъзолари бугун Бухоро вилоятидаги яҳудийлар тарихи билан боғлиқ қатор манзилларда бўлдилар. Улар Бухоро яҳудийлар қабристони, тарихий яҳудийлар маҳалласи ҳамда Когон синагогасини кўздан кечириб, ушбу объектларнинг ҳолати билан танишдилар. Бундан ташқари, Бухоронинг диққатга сазовор Арк қалъаси ва Ситорайи Моҳи Хоса тарихий мажмуаларини зиёрат қилдилар.
Қайд этиш лозимки, Когондаги синагога Бухоро яҳудийлари тарихида алоҳида ўрин тутади. XIX аср охири – XX аср бошларида барпо этилган ушбу ибодатхона ўз даврида Когон ва Бухоро атрофида яшаган яҳудий жамоасининг диний ва ижтимоий маркази бўлган. Совет даврида унинг фаолияти чекланган, бинодан турли мақсадларда фойдаланилган. Бугун эса у қайта тиклаш ва маданий мерос сифатида асраб-авайлашни талаб этаётган муҳим объект сифатида эътироф этилмоқда. Синагога нафақат ибодат жойи, балки Бухоро яҳудийларининг асрлар давомидаги ҳаёти ва маънавий дунёсини ўзида мужассам этган тарихий ёдгорликдир.
Ташриф доирасида Бухоро вилояти туризм бошқармаси бошлиғи Ботир Шаҳриёров ҳамда Исроилнинг Ўзбекистондаги элчиси Гидеон Лустиг ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида Исроил элчиси Когондаги синагога тақдири, уни таъмирлаш режалари ва келгусида ундан қандай фойдаланиш мумкинлиги ҳақида сўради. Шунингдек, у Бухорода туризм салоҳияти, бизнес имкониятлари ва эҳтимолий инвесторлар учун яратилаётган шароитлар билан қизиқди.
Исроил элчиси, шунингдек, Бухорода ўтказиладиган халқаро фестивал ва маданий тадбирларга яҳудий жамоатини жалб қилиш имкониятлари ҳақидаги саволлар билан юзланди.
Ботир Шаҳриёров жавобан вилоятдаги маданий мерос объектлари босқичма-босқич тикланаётганини, Когон синагогаси ҳам таъмирланиб, кейинчалик тадбиркорлик асосида фойдаланиш учун берилиши мумкинлигини билдирди. У келгусида инвесторлар учун вилоятда барча имкониятлар яратилишини қайд этди. Шунингдек, “Ипак ва зираворлар” ҳамда заргарлик фестивалларида яҳудий жамоаси ва диаспора вакилларини таклиф этилишини билдирди.
Ташриф давомида делегация раҳбари Рафаэл Некталов ташриф мақсади ҳақида гапирди.
– Бухоро бизнинг тарихий илдизимиз, хотирамиз, маданиятимиз. Биз дунёнинг қаерида бўлмайлик, қалбимизда Бухоро яшайди. Шу ерда шаклланган мақом, урф-одатлар, оилавий қадриятлар бизнинг ўзлигимизни белгилайди. Биз маданий фестиваллар, туризм ва инвестиция орқали икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашни истаймиз, – деди у.
Бухоро яҳудийлари Марказий Осиёдаги энг қадимий яҳудий жамоаларидан бири бўлиб, асрлар давомида Бухоро амирлиги ҳудудида яшаб, савдо-сотиқ, заргарлик, ипакчилик ва ҳунармандчилик соҳаларида фаол иштирок этган. XX асрнинг иккинчи ярмида кўплаб оилалар аввал Исроилга, кейин эса АҚШга кўчиб кетишди. Бугунги кунда улар дунё бўйлаб тарқалган бўлса-да, ватан билан алоқани сақлаб қолмоқда.
Делегация ташрифи эртага Бухоро давлат университетида бўлиб ўтадиган “Бухоро яҳудийлари минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида” номли йирик форум билан давом этади. Унда маданий мерос, диаспора билан ҳамкорлик, таълим ва туризм йўналишларида янги ташаббуслар муҳокама қилиниши кутилмоқда. Шу тариқа мазкур ташриф дунёнинг турли минтақаларида яшаб келаётган бухоролик яҳудийлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Дилдора ИБРОҲИМОВА,
Ишонч




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0