Бозорда муз, маҳаллада писта сотганлар: неча ёшдан пул топа бошлагансиз?
Собиқ Иттифоқ қулагач, жамиятимиз бозор иқтисодиёти йўлидан кетишни қатъий белгилаб олди. Албатта, бу осон бўлмади. Ҳатто мана 34 йил ўтиб ҳам, бу йўлда турли мураккабликларга дуч келмоқдамиз. Бозор қонунлари шафқатсиз, унда серҳаракат ва узоқни кўра олган кишигина ютади, акс ҳолда қийинчиликлар қаршисида довдираб қолишингиз аниқ.
Ўзбек халқи меҳнаткаш, бири икки бўлишини истовчи ҳалқ. Кўпчилигимиз ёшликдан пул топишга, ота-онамизга ёрдами беришга ҳаракат қилганмиз. Ҳаёт бир текис эмас. Тирикчилик йўлида қизиқ воқеалар рўй бериши, қийинчиликлар бўлиши аниқ. Қуйида бир нечта, бир-бирини мутлақо танимайдиган, жамиятнинг бир бўлаги бўлган инсонларни савол-жавобга тутдик.
Саволлар қуйидагича:
1. Неча ёшда қайси соҳага кириб келгансиз ва қанча пул топа бошлагансиз?;
2. Айни пайтда шу ишингизни давом эттиряпсизми?;
3. Ҳаётни қайта бошлаш имкони бўлганида, илк кириб келган соҳангизни ўзгартирармидингиз?
“Бозорда муз сотганман, кунлик даромад 100-150 сўм эди...”
Биринчи суҳбатдошимиз Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи Баҳодир Исматуллаев бўлди. У 41 ёшда. Баҳодирнинг айтишича, у 13-14 ёшдаёқ пул топиш ҳаракатига тушган. Бу тахминан 1998-99 йилларга тўғри келади. “Осон бўлмаган даврлар эди. Бозорда баклажкада муз, кўкат сотганман. Ўнтача муз олиб чиқардим, 100-150 сўм кунлик даромад бўларди. 19 ёшимда дўконга сотувчи бўлиб ишга кирганман, ойлигим 30 минг сўм эди. Айни пайтда бошқа соҳада фаолият юритмоқдаман. Ҳаёт қайта берилганида ҳам барибир шу хато, камчилик. ютуқларни бошдан кечирардим, чунки ҳаёт воқеликлар кетма-кетлигидан иборат. Ҳозирги кундаги даромадим умумий 5 та ишда камида 16-17 млн сўмни ташкил этади, нолиш йўқ, етиб турипти. Ризқ Аллоҳдан, токи шуни англамас эканмиз бой бўла олмаймиз”, дейди у.
Пойтахтда истиқомат қилувчи Ангелина Умнова 21 ёшни қаршилади. У дастлаб 16 ёшида ўқув марказида фотограф бўлиб иш бошлаган эди. Ҳозирда Ангелина эркин ижодкор саналади. “Фотографлик билан шуғулланаман, ундан ташқари талабаман, Франциянинг “Суез” компаниясида тажриба орртиряпман (шартнома асосида)”, дейди ёш ижодкор. Агар яна ортга қайтиш имкони туғилса, ҳозирги ишларимни қайтадан бошлар эдим, дейди у. Қаҳрамонимизнинг ўртача ойлик даромади ҳозирда 800-900 долларни ташкил этади.
Франциялик Марининг ҳикояси
Ҳамма жойнинг ўз тарозиси бор, албатта. Бизга сеҳрли диёр каби туюладиган Европа ва АҚШда ҳам аслида яшаш осонмас, доимо меҳнат қилиш керак. Франциялик 26 яшар Мари ўз фаолиятини 22 ёшида авиакомпанияда маркетинг таҳлилчиси сифатида иш бошлаган, ўшанда ойлик даромади 1000 еврони ташкил этарди. У ҳозир бошқа соҳада фаолияти олиб боради. “Дастлаб менда бошқа танлов бўлмагани учун маркетингчи бўлиб ишлашга мажбур бўлганман. Ҳозирда уйим бор ижарага берганман ва компанияда ишлайман, ўртача 3 минг евро даромадга эгаман”, дейди Мари.
“Тошкентда истиқомат қиламан, исмим Фазлиддин, 37 ёшдаман”, дейди навбатдаги суҳбатдошимиз. У дастлаб пул топишни 9 ёшда ипподромда кока-кола сотишдан бошлаган, ойига 1500 сўм топган. Аммо ҳозир бу ишни давом эттирмайди. “Агар ҳаммасини бошидан қайта бошлаш имкони бўлса, жон деб ўша ишни қилардим, чунки ўйлаб қарасам даромадли иш бўлган экан. Ҳозирда шерикчиликда чорва бизнеси ва насия савдо бўйича тадбиркорлик қиламан, давлат ишида ҳам ишлайман. Ойлик даромадим ўртача 22-25 млн сўмни ташкил қилади”, дея хулоса қилади Фазлиддин.
30 ёшли Ҳусан эса тирикчиликни дастлаб 12 ёшда сотувчиликдан бошлаган. Ҳозирда 2 та давлат иши ва 1 та хусусий корхонада ишлайди, илмий иш қилиш арафасида. Ҳусан бўлажак олим саналади. Яна такрорлаш имкони бўлса, жон деб сотувчиликдан бошлардим. Чунки бу менга ҳаётда катта тажриба берган, дейди у. Ойлик даромади эса ҳозирда ўртача 20 млн сўмни ташкил этади.
“Чет элдан мол олиб келиб, 5 минг долларгача даромад кўряпман...”
Тошкентлик Муҳаммадсодиқ ҳозир 22 ёшда. У 12 ёшида бозорда чой, компот сотиш билан ҳаётда илк қадамларини бошлаган (210 минг ойлик даромад билан). “Кўп ишларда ўзимни синаб кўрганман. Турли маҳсулотлар сотганман, шашлик пиширдим, ошпазлик қилганман. Агар ёш бола бўлиб қолганимда иккиланмай яна бозорга чиқардим. Ҳозир давлат ишида ишлайман, насия савдо бизнесим бор, ундан ташқари мойкага ишлагани чиқиб тураман. Тирикчиликнинг айби йўқ, эркак киши ишдан қочмаслиги, оиласини таъминлаши керак. Ойлик даромадим ўртача минг долларни ташкил этади”, дейди ёш қаҳрамонимиз.
Қирқ ёшни қарши олган Мақсуда эса 12 ёшда Чорсу бозоридан писта,қурут каби майда-чуйдалар олиб келиб, маҳаллада сотган. Айтишича, ўшанда 50 минг сўмгача кунлик даромад қилган. Ҳозирда Мақсуда чет элдан мол келтириб сотади, даромади ойига 5 минг долларгача чиқади. Ортга қайтишни иложи бўлганда ҳам писта сотишдан бошлаган бўлардим, шукур кам бўлмадим, дея хулоса қилади аёл.
Банк ишини эмас, ижодни истовчи йигит
Наргиза Мамазияева ҳозирда пойтахтда яшайди. У 39 ёшда, журналистика соҳасида таҳсил кўрган. Бир муддат мактабда ўқитувчилик қилган.
– Бошида ўз соҳам бўйича иш топишга қийналганман. Турмуш ўртоғим айтганлиги учунми, мактабда иш бошлаганман, ойлигим кам эди, ҳатто миқдори ҳам эсимда йўқ. Айни пайтда ишимни ўзгартирдим, ўқиган соҳамга қайтдим. Аввалига газетада ишладим, ҳозирда матбуот хизматида иш юритмоқдаман. Ҳаётни қайта бошлаш имкони бўлганида, илк кириб келган соҳангизни ўзгартирармидингиз? Қизиқ савол. Ҳа, ўзгартирар эдим, ўғлим логистикада ишлайди, аёллар учун ҳам қулай экан-, дея фикрини билдирди ҳамкасбимиз.
Кўпчилик оппоқ кўйлакда, шинам офисларда ишловчи банкирларга ҳавас қилади. Турли рейтингларда банк соҳасида фаолияти юритувчилар юқори маош олиши таъкидланади. Аммо Қашқадарё вилоятида туғилган Фаррух Қурбонов билан суҳбатлашарканмиз, кутилмаган жавобларни олдик.
Фаррух 2015-2019 йилларда Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олган. Ўкиш пайтида 2-курсдан кунлик ишларга чиқиб, даромад топган. Ўзининг ҳолатини банкир қуйидагича тарифлайди: “Ўшанда кунлик иш нархи 70 000 сўм эди. 25 ёшимда мунтазам бухгалтерлик касбида ишлай бошладим. Дастлабки ойлигим 550 000 сўм бўлган. Бу ҳатто стипендиямдан камроқ эди, чунки доим аъло баҳога ўқиб, яхши стипендия олганман. Айни пайтда банк сохасида ишлайман. Агар ҳаммасини бошқатдан бошлаш имкони бўлса банкни танламаган бўлар эдим. Ижод килса бўладиган, яйрайдиган соҳани танлаган булар эдим. Кунлик иш режимим 08:00 дан 22:00 гача. Бу режимда қаттиқ чарчайман. Банк иши бу фақат чиройли креслоларда ўтириш эмас. Катта масъулиятни талаб қилади”.
Албатта, биз юқори уюштирган савол-жавоблар турли кишиларнинг субъектив фикрларига асосланади. Бундай жараёндан деярли барча киши ўтган. Ҳеч ким дарров юмшоқ креслога ўтириб қолмаган, юқори маошли ишга эришмаган. Сизчи, сиз ўзингизнинг мустақил ҳаётдаги илк қадамларингиз ҳақида нима дея оласиз?
Аброр Зоҳидов
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0