Германиядаги ватандош: «Болаларим оёқ кийимимни чўмилтирдим, деса, нимадир етишмаётганини сезамиз…»
Мен Маърифат Нурматова. Туғилиб ўсган жойим Шаҳрисабздаги ўрта-мактаб ва академик лицейни тамомлаб, ЎзМУнинг журналистика факультетини битирганман. Талабаликданоқ ишлашни бошлаганим учун, ОАВнинг деярли барча соҳаларида – ТВ, радио ва газета таҳририятларида фаолият юритдим. Ўқувчилик давримда иккита шеърий китобим чоп этилган.
Тақдир тақозоси билан Германияда ўқиб юрган самарқандлик йигитга турмушга чиқдим. Тўйимиздан сўнг, хўжайиним магистратурада ўқиётганликлари сабабли мен ҳам Германияга кўчиб бордим. Шу ерда бирин-кетин уч фарзандли бўлдик. Ҳозирда 9, 8 ёшли иккита ўғли ва 4 ёшли қизимиз бор.
Ўн йилдан бери Германиядамиз, бу орада немис тилини ўргандим, турли тил ва касбий-малака ошириш курсларини тамомладим. Ҳозирда Ҳамбург шаҳридаги "Unternehmer ohne Grenzen" ("Чегара билмас тадбиркорлар") ташкилотида фаолият юритяпман.
Мигрантларни қўллаб-қувватлаш ташкилоти
Ташкилотимиз Ҳамбургдаги нотижорат ташкилот бўлиб, у бизнесни бошлашни рағбатлантириш, маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш, мигрантлар ва аёлларнинг профессионал интеграциясига эътибор қаратади. Ташкилот муассислар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва кичик бизнес учун қуйи даражадаги, маданий-илмий маслаҳатлар ва тренинглар таклиф қилади ҳамда турли лойиҳалар орқали иқтисодий ва ижтимоий жараёнларда иштирок этишга интилади.
Фаолиятнинг асосий йўналишлари қуйидагилар:
"Илк қадам" учун маслаҳатлар. Таъсисчиларни, айниқса, мигрантларнинг бизнес ғояларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш қўллаб-қувватланади.
Бизнес консалтинг ва тренинг. Бунда кичик ва ўрта бизнес, якка тартибдаги тадбиркорлар учун маслаҳат ва тренинглар, жумладан рақамлаштириш, бухгалтерия ҳисоби ва молиялаштириш каби мавзуларда семинарлар ўтилади.
Аёллар иштирокини рағбатлантириш. Хотин-қизларнинг иқтисодий ҳаётдаги иштироки фаол қўллаб-қувватланади.
Маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлаш. Маҳалла бошқаруви, жойлашув маркетинги ва маҳаллий корхоналар тармоғи каби чора-тадбирлар.
Ота-оналарнинг иштироки ва таълими. Ташкилотимизда “Ота-оналар учун қўлланмалар” каби лойиҳалар ташкил этилади. Бунда таълим тизими ва давлат идоралари билан ишлаш орқали мигрант бўлиб келган оилалар қўллаб-қувватланади.
Тармоқлараро муносабатлар. Бу йўналишда тадбиркорлар, маҳаллий аҳоли ва янги келганлар ўртасида алмашинув ва тармоқ яратиш учун платформа яратиш вазифалари бажарилади...
Қолаверса, ташкилотимиз яна бир қатор лойиҳалар билан ишламоқда. Ўз-ўзини иш билан таъминловчиларни ва кичик бизнес вакилларини ўқитиш ҳамда уларни бир-бири билан боғлашга қаратилган «Lokal-aktiv», иммигрант ота-оналарнинг ўз фарзандларини таълимга йўналтиришга мўлжалланган ва Германия таълим тизими ва имкониятларини ўргатувчи «Таълим учун мобил», тажрибали ота-оналарнинг бошқа иммигрант оилаларга индивидуал ва маданий жиҳатдан йўл-йўриқ, ёрдам ҳамда тавсиялар беришини назарда тутувчи «Ота-оналар учун қўлланмалар» лойиҳалари шулар жумласидан.
Умумий қилиб айтганда, Германияда мигрантлар оқими йил сайин ошиб бораётгани сабабли, мен ишлаётган ташкилот кабиларни қўллаб-қувватлайди.
Буни фактлар билан изоҳлайдиган бўлсак, шаҳарлар ва ҳудудлар биринчи навбатда уй-жой, ижтимоий хизматлар, мактаблар, болалар боғчалари ва соғлиқни сақлаш харажатларини ўз зиммаларига олади. Ҳамбург тахминан 1,3 миллиард евро, Мюнхен тахминан 0,8 миллиард евро, Берлин 2 миллиард евродан ортиқ маблағларни йилига миграция харажатлари учун ажратади.
Умуман олганда, статистик маълумотлар шуни кўрсатадики, Германиянинг барча шаҳарлари ва муниципалитетлари миграция ва интеграцияга йилига 12 миллиард евродан ортиқ маблағ сарфлайди.
"O'zbek Women Community"
Германияда яшовчи уч фаол ўзбек аёли – Бегойим Содиқ, Гулшода Абдураҳмон, Феруза Ғофуровалар ташаббуси билан "O'zbek Women Community" кичик жамияти ташкил этилган. Ушбу клубда ҳозирда медиа тарғиботчи вазифасида фаолият юритаман.
Клубнинг бунёд этилишидан мақсад олмон диёрига илм олиш, тажриба орттириш мақсадида келган, йирик олий ўқув юртларида таҳсил олаётган, қолаверса, қисқа муддатда Европада ўз касбий карьерасини бунёд этиб улгурган опа-сингилларимизни бир муҳитда жамлаш, Европа диёрларида ўзбек атмосферасини яратиш, ватандош опа-сингиллар, оилалар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш каби ниятлар кўзда тутилган. Клуб ташаббуси билан Германиянинг турли ҳудудларида қадриятларимиз, урф-одатларимизга лиммо-лим тарзда турли тадбирлар ўтказиб турилади. Мустақиллик куни, Ҳайит, Наврўз байрамлари, ош фестиваллари клубнинг одатий тадбирларига айланиб қолган. Келажакда клубимизнинг аъзолари ва тарғибот доирасини янада кенгайтириб, бутун Европадаги ўзбек аёлларини жамиятимиз остида бирлаштириш ниятимиз бор.
Германиядаги ўзбекона муҳит
Инсон дунёнинг қайси бурчагида бўлмасин, ичдаги табиий фитрати туғилиб ўсган жойига, илк туйғулари барқ урган маконга тортаверади. Тобора глобаллашиб, масофа ва макон аҳамиятини йўқотаётган даврда, илм ва касбий истиқбол учун ватандан четга чиқишга ҳам тўғри келади. Германияда истиқомат қилаётган ватандошларимиз ўз юртларидан айро яшаётган бўлишса-да, билим ва маҳоратлари, халқимизга хос камтаринлик, хушмуомалалик, меҳмондўстлик каби маданиятлари билан немислар, турли миллатлар ҳурматини қозониб келишмоқда. Мамлакатимизни олмон диёрида танитиш, урф-одатларимизни намоён этиш, қолаверса, ватандошларимизни бирлаштириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, тиббий ва тажрибавий ёрдам кўрсатиш, шу билан бирга, Германия ва Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатиш мақсадида турли жамиятлар фаолият юритади.
Шуларнинг қаторида Uzbek Forum for Human Rights (Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон форуми) Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлайди, фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик қилади, адвокатлик билан шуғулланади ва жамоатчилик билан алоқалар билан шуғулланади.
Medizin-Gesellschaft Koch-Avicenna e.V. Германия ва Ўзбекистон ўртасида тиббий ҳамкорликни ривожлантириш, алмашинув дастурлари ва соғлиқни сақлаш форумларини таклиф этади.
Karavan e.V. Германиядаги диаспоралар ўртасида ўзбек маданияти, тили ва анъанавий қадриятларини сақлаш; мақсадида семинарлар, маданий тадбирлар уюштиради.
Deutsch-Usbekischer Wirtschaftsrat (Германия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгаши Германия ва Ўзбекистон компаниялари ўртасидаги иқтисодий мулоқот платформаси; лойиҳалар ва ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.
Мен ва оилам
Ўн йилдан бери Ҳамбургнинг тиқилинч қизғиш томлари остида бир ўзбек лаҳжасида сўзлашадиган оила яшаб келмоқда. Унинг ошхона форточкаларидан Қашқадарёдан буюртма қилинган зиғир ёғли ош, турк дўконларидан келтирилган думба ёғли манти-хонимлар ҳиди таралиб туради. Халқимизга хос темпераментга тўла уч нафар тўполончи, шўх болакайнинг қичқириқлари, дам олиш кунларида қўшниларни лол қолдириб йўлакда тизилиб турган ўндан зиёд меҳмон пойабзаллар, меҳмонхонадан таралаётган қаҳқаҳага тўла ўзбекона гурунглар кундалик ҳаёт тарзимизга айланиб бўлган. Бирор ўзбек меҳмонга чақирса, тоғорада иссиқ сомсаларни машинага ортаётганимни кўрган немислар ҳам аллақачон ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиб бўлишган.
Бу бизнинг ҳаётимиз! Бу Европадаги ўзбек оиласи ҳаёти!
Бироқ, бироқ... баъзан болаларимдан бири югуриб келиб, "Онажон футболкам синиб кетди" (йиртилиб кетди дейиш ўрнига) ёки "оёқ кийимимни чўмилтирдим" (ювдим дейиш ўрнига) деса, нимадир, нимадир... етишмаётганини, қаердадир камчилик бўлаётганини сезамиз. Хўжайиним билан соф ўзбек тилида гаплашсак-да, барибир бу етарли эмаслигини англаймиз. Ҳар ёзги таътилда юртимиздан ўзбек тилида китоблар олиб келамиз, эртаклар айтиб берамиз. Меҳмонлар келганда ҳайиқмай кириб келиб, катталар билан баравар суҳбат қураётган фарзандларимизни кузатиб, уларнинг ўзига бўлган ишончидан қувонсак, "найн", яъни "йўқ" дея олишни иккиланмай айта олаётгани, ўз қарорини бирламчи ҳисоблашни ўрганиб олишгани баъзида қўрқитади ҳам. Каттага ҳурмат, ота-онага эҳтиром билан тарбиялаш учун фақат насиҳатнинг ўзи етмаслигини, муҳитнинг ҳам катта таъсири борлигини англаб етамиз.
Маърифат Нур фикрларини Зебо Намозова оққа кўчирди.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0