+34C

+34C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Чироқсиз бозор: Оққўрғондаги муаммо қачон ҳал бўлади?

Қарийб 7-8 йилдан буён Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги буюм бозорига тез-тез бориб тураман. Шу вақт давомида деярли ҳар сафар бир ҳолатга дуч келаман: бозорда электр бўлмайди. Айрим дўконлар қоронғуда савдо қилса, бошқалари қуёш ёруғидан фойдаланишга мажбур. Ташқаридан кирган харидор кўзлари қамашиб, дўкон ичидаги кийим-кечакларни кўздан кечиришга қийналади.
82 11:28 | 25.06.2026 11:28

Авваллари бу ҳолатни туманда электр таъминотидаги умумий муаммолар билан боғлардим. Бироқ яқинда мазкур бозорда қарийб олти йилдан буён фаолият юритаётган тадбиркорнинг электр муаммоси ҳамон ҳал этилмагани ҳақидаги гаплари мавзуга чуқурроқ назар ташлашга ундади.


Аввало, унинг гапларига ишонч ҳосил қилиш мақсадида бозорни айландим. Маълум бўлишича, деярли барча дўконлар хонани ёритиш ва вентилятор ишлатиш учун генераторлар (“движок”лар)дан фойдаланар экан. Ускунаси йўқлар эса қоронғу дўконларда савдо қилишга мажбур.


— Аёллар кийим-кечаги савдоси билан шуғулланаман, — дейди исми ошкор этилишини истамаган тадбиркор. — Иш бошлаганимга бу йил олти йил тўлди. Шу вақт давомида бозордаги электр муаммоси доим кўтарилиб келади. Генератор ишлатамиз, унга ҳар куни камида 7-8 литр бензин сарфлаймиз. Уни тунлари қўриқлаш учун бозор қоровулига ҳафтасига 150 минг сўм тўлаймиз. Ижара шартномамиз бор, бундан ташқари, дўкон эгасига ҳам ойига 150 АҚШ доллари ижара ҳақи тўлаймиз. Унинг устига солиқ ва бошқа йиғимлар ҳам бор. Чироқ юзасидан “Бозорком”га ва ҳатто вилоят электр таъминоти бошқармасигача мурожаат қилганмиз. Афсуски бу муаммо тўлиқ ечим топмаяпти.


– Тахминан 7-8 йил олдин мана шу янги бозор қурилган эди, — дейди бошқа бир тадбиркор. – Ўша пайтда мажмуани электр билан таъминлаш бўйича катта қарздорлик юзага келгани ва уни тадбиркорлар тўлаб берса, доимий электр бўлиши ҳақида бизга кўп айтишади. Лекин биз бозор қурилиши тугаллангандан иш бошлаганмиз. Нега ундан олдин юзага келган қарздорликни тўлашимиз керак? Қишда харидорлар сотиб олмоқчи бўлган кийимларни кийиб кўриши учун дўконнинг совуқлиги, ёзда эса дўкон ичи жуда исиб кетиши ноқулайлик туғдиради. Нари борса битта вентилятор ишлата оламиз, кондиционерга эса генераторнинг қуввати етмайди.


Мавзу юзасидан батафсил маълумот олиш мақсадида “Энергия савдо”нинг Оққўрғон туман бўлими раҳбари Собир Ҳусанов билан суҳбатлашдик. У вазиятга шундай изоҳ берди:


— Оққўрғон тумани электр таъминоти корхонаси ҳамда “Оққўрғон бозорсавдо” МЧЖ ўртасида 2026 йил январ ойи бошида шартнома тузилган. Шартнома бўйича бугунга қадар бозорнинг 470 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги мавжуд. Шундан 107 миллион сўми пеня, қолган қисми эса истеъмол қилинган электр энергияси учун тўланмаган маблағ.


Охирги тўлов март-апрель ойларида амалга оширилган бўлиб, қарийб 400 минг сўмни ташкил этган. Ҳар бир тадбиркор билан алоҳида шартнома тузилмаган, чунки кадастр ҳужжати фақат “Оққўрғон бозорсавдо” МЧЖ номига расмийлаштирилган.


Ўтган йил давомида ҳам бозор 239 миллион сўмлик электр энергияси истеъмол қилган, аммо атиги 170 миллион сўм тўлов амалга оширилган. Шу сабабли электр таъминоти вақт-вақти билан ўчириб турилади. Тадбиркорлар эса умуман электр йўқлигини таъкидлашмоқда. Айни пайтда муаммонинг асосий сабаби катта миқдордаги қарздорлик ҳисобланади. Ҳақиқатдан ҳам бозор қарийб уч ойдан буён электр тармоғидан узилган.


Шунингдек, “Оққўрғон бозорсавдо” МЧЖ раҳбарининг ҳам фикрини олишни истаган эдик. Бироқ унинг ишдан бўшаб кетганини маълум қилишди. Шу сабабли буюм бозорига туташ ҳудудда фаолият юритаётган “Оққўрғон деҳқон бозори” МЧЖ раҳбари билан боғландик.


— “Оққўрғон бозорсавдо” МЧЖга яқин кунларда янги раҳбар тайинланиши кутилмоқда, дейди масъул. – Буюм бозорининг электр энергиясидан қарздорлиги ва тахминан 5-6 ойдан буён электр тармоғидан узилгани ҳақида эшитганман. Лекин мен фақат деҳқон бозори фаолияти бўйича маълумот бера оламан. Деҳқон бозорига раҳбар бўлганимга саккиз ойча бўлди. Ўшанда бозорнинг электр энергияси бўйича қарздорлиги тахминан 300 миллион сўм эди. Бугунги кунга келиб, бу қарздорлик тўлиқ бартараф этилган. Чунки озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган бозорларда электр таъминоти узилиши маҳсулотларнинг тез бузилишига олиб келиши мумкин. Шу боис тадбиркорлар тўловларни ўз вақтида амалга оширишга ҳаракат қилади.


Биз айрим тадбиркорлар тилга олаётган, бозор қурилиши даврида юзага келган номаълум қарздорлик ҳақида ҳам масъулларга саволлар бердик. Бироқ бу масала юзасидан аниқ жавоб олишнинг иложи бўлмади. Агар муаммо фақат бозорнинг жорий қарздорлиги билан боғлиқ бўлса, нега тадбиркорлар “биз фақат ўзимиз фойдаланган электр энергияси учун тўлов қиламиз, бошқа қарздорликлар учун жавоб бермаймиз”, дея таъкидлашмоқда?


Яна бир савол туғилади: бозор ҳудудида юзлаб тадбиркорлар фаолият юритиши ва ҳар бири электр энергиясини турлича ҳажмда истеъмол қилишига қарамай, нега улар билан эмас, балки бозор маъмурияти билан ягона шартнома тузилган?


Ҳозирча бир нарса аниқ. Оққўрғон буюм бозоридаги тадбиркорлар бир неча йилдан буён генераторларда ишлашга мажбур. Масъуллар эса муаммони қарздорлик билан изоҳламоқда. Бироқ қарздорлик ҳақидаги баҳслар орасида асосий савол очиқ қолмоқда: нега бу муаммо йиллар давомида ҳал этилмади? Ана шу саволга аниқ жавоб берилмагунча, бозордаги тадбиркорлар генератор овози остида ва қоронғу дўконларда ишлашда давом этади.


Холида Эгамбердиева,
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид