Дубай–Тел-Авив рейсида учувчилар жанжали ортидан самолёт шошилинч қўнди

Дубайдан Тел-Авивга йўл олган Flydubai авиакомпаниясининг FZ1073 рейсида учувчилар ўртасида жанжал келиб чиққани ортидан самолёт Саудия Арабистонига фавқулодда қўндирилди.

16:19 | 30.09.2026
•
26
Дубай–Тел-Авив рейсида учувчилар жанжали ортидан самолёт шошилинч қўнди
Катталаштириш

Ҳодиса дастлаб самолёт олиб қочилган бўлиши мумкинлиги ҳақида хавотир уйғотиб, Исроилда хавфсизлик кучларини сафарбар қилишга сабаб бўлди. Кейинчалик ҳодиса олиб қочиш эмас, кабинадаги жанжал билан боғлиқ бўлгани айтилди.

Боеинг 737 русумли самолёт Дубай халқаро аэропортидан учиб, Тел-Авив яқинидаги Бен-Гурион аэропортига йўл олган. Парвоз давомида самолёт фавқулодда сигналларини узатган.
FlightRadar24 маълумотларига кўра, аввал 7700 коди — умумий фавқулодда ҳолат сигнали берилган. Кейин эса 7500 коди ишга туширилган. Авиацияда 7500 коди самолётга ноқонуний аралашув ёки олиб қочиш хавфи мавжудлигини англатади. Шу боис воқеа дастлаб эҳтимолий террорчилик ёки самолётни олиб қочиш ҳолати сифатида баҳоланган.

photo_2026-09-30_16-15-08__3_.jpg

photo_2026-09-30_16-15-08__2_.jpg

Шундан сўнг самолёт йўналишини ўзгартириб, Саудия Арабистони томон бурилган ва мамлакатнинг шимоли-ғарбидаги Табук аэропортига қўнган. Reuters маълумотига кўра, самолёт бир неча ўн сония ичида қарийб 14 минг футга кескин пасайган. Бу ҳолат ҳам ердаги диспетчерлар ва хавфсизлик хизматларининг жиддий хавотирига сабаб бўлган.

Исроиллик расмийлардан бири Реутерс агентлигига самолётдаги фавқулодда сигналлар учувчилар ўртасидаги жисмоний жанжалдан кейин берилганини маълум қилган.

Айрим йўловчилар эса кабина томонидан бақириқлар эшитилганини айтган. Йўловчилардан бирининг яқини унинг самолёт ичида бир киши пичоқ ушлаган ҳолда учувчилардан бирига ташланганини кўргани ҳақида хабар берган. Шунингдек, самолётда қонга беланган кийим кўрилгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалди.

Бироқ ушбу тафсилотлар ҳозирча мустақил равишда тўлиқ тасдиқланган эмас. Reuters ҳам ижтимоий тармоқларда тарқалган қонли кийим суратини мустақил равишда тасдиқлай олмаганини билдирган.

Айрим бошқа ОАВлар эса учувчилардан бири пичоқлангани ва йўловчилар ҳам жанжални тўхтатишга аралашгани ҳақида хабар берган. Аммо авиакомпаниянинг расмий баёнотида жанжалнинг сабаби ёки унда қурол ишлатилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Фавқулодда сигнал ва самолёт билан алоқа ўрнатишдаги қийинчиликлар сабабли Исроил томони воқеани эҳтимолий олиб қочиш сифатида кўриб чиққан. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ва юқори лавозимдаги хавфсизлик мутасаддилари вазият юзасидан шошилинч йиғилиш ўтказган. Ҳарбийлар ҳам самолётни кузатиш учун қирувчи самолётларни ҳавога кўтарган. Кейинчалик Исроил Бош вазири идораси вазият назорат остида эканини ва самолётдаги барча йўловчилар саломатлигини маълум қилди. Ҳодиса олиб қочиш сифатида баҳоланмаган.

Флйдубаи авиакомпанияси самолёт парвоз вақтидаги ҳолатни тасдиқлади. Компания самолёт Табук аэропортига хавфсиз қўнгани, барча йўловчилар ва экипаж аъзолари соғ-саломат эканини маълум қилди. Авиакомпания ҳозирча ҳодисанинг аниқ сабаблари юзасидан қўшимча маълумот бермаган. «Йўловчилар ва экипаж хавфсизлиги ҳамда фаровонлиги биз учун энг устувор вазифа», — дея билдирган Flydubai.

Айни пайтда йўловчиларни Саудия Арабистонидан Исроилга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Ҳодиса бўйича текширув давом этмоқда.

МАҚОЛАНИ УЛАШИШ
Instagram

Мақолага муносабат

Биринчи бўлиб овоз беринг

Фикрлар ва Муҳокама (0)

Одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилинг
Изоҳлар админ модерациясидан сўнг сайтда кўринади