“ЎГАЙ” БОЛАЛАР ТЎРКУНИ
“А что такое рақам?” деб сўради тунов куни машинасида кетаётганимизда гапимни бўлиб ярим асрлик ўртоғим. Тўқимачилик саноатининг бўлажак муҳандиси билан мен, бўлажак филолог, талабалик йилларимизда узоқ вақт битта квартирада яшаганмиз. Ҳозир пенсиядаги муҳандиснинг саволи шу қадар кутилмаган эдики, мен, пенсиядаги филолог, рус филологи (!) “рақам”нинг ўрисчасини бирдан тополмай қолдим. “Цифра”, дедим ниҳоят.
Ҳар гал учрашганимизда, мен ўзбекча гапирганим учун гапни ўзбекча бошлайдиган, бироқ тезда ўрисчага ўтиб кетаверадиган ўртоғимнинг ўзбекчаси бу қадар ғариблиги устида ҳеч ўйламаган эканман. Унинг ҳатто “рақам”ни билмаслиги мени “қулатди”.
Беш вақт намозни канда қилмайдиган, Рамазон рўзасидан ташқари йил-ўн икки ой ҳар ҳафтанинг душанба ва пайшанбасида рўза тутадиган ўртоғим ҳар ҳафта телефонимга “Жума муборак” деган стикерни жўнатишни унутмайди. “Жума муборак”дан ташқари унинг телефонида “23 февраля — День Советской армии”, “Рождённый в СССР. С 1 мая!” деган стикерлари бор. Ўртоғим мени ҳатто Пионерлар куни билан ҳам ҳар йили табриклайди. 19 май тонгида телефонимни очмай турибоқ биламан: ўртоғимдан шу кун муносабати билан стикер келган бўлиши керак. Бу йилги стикерда мана бу ёзув бор эди: “Всех, кто был пионером, с праздником нашего счастливого детства! С днём пионерии!”
Стикерларни оларканман, албатта, жавоб қайтариб қўяман: “Тебя также!” Лекин тушунмайман, ҳеч тушуна олмайман: ўртоғим нега ўтмишда яшаяпти? Кўзлари гежгасига ўтиб қолгандай! Лекин унинг ўзидан бу ҳақда сўрамайман, ҳайратимни билдирмайман: муқаддасотига тегиниб қўйишдан қўрқаман. Кундалик сиёсий воқеалар ҳақида ҳам сўз очмайман. Бу ҳақда гапирилса, албатта, баҳслашиб қолишимиз мумкинлигини биламан, асабларини бузиб қўйишдан қўрқаман. Бир марта “Қрим кимники?” деган саволнинг жавоби устида уришиб қолиб, юз кўрмас бўлиб кетишимизга оз қолган.
Ўртоғимнинг “А что такое рақам?” деган саволидан кейин мен 50 йилдан бери унинг “ўзбеклиги даражаси” тўғрисида ҳеч ўйлаб кўрмаганимни тушуниб қолдим. “Рақам”ники билмайдими, демак, унинг ўзбеклиги номинал, холос. У ўзбек тилида бир умр бир сатр ҳам ўқиган эмас, у ҳеч қачон ўзбекча ўйлаган эмас. Алоқаларимиз тарихига разм солдим: ўртоқлигимиз маиший ҳаёт — тўй-маърака, гап-гаштак, ош-гўшт даражасидан юқорилаган эмас экан.
“Рақам”ни билмайдиган ўртоғимнинг ўзбеклиги нега бу қадар чекланган? Ахир, бошқа тенгдошларим ундай эмас-ку?! Улар орасида оддий қурувчи устадан тортиб, камида миллион долларни айлантирадиган савдогарлар бор. Униси (камбағали) ҳам, буниси (бойи) ҳам Советни қўмсамайди. Ҳарҳолда, “кўксини захга босиб ётиб олмайди”. Нега?
“Рақам” сўзини билмайдиган ўртоғимга ўхшаганлар, айниқса, собиқ курсдошларим орасида кўп. Улар, асосан, совет даврида вилоят ёки туман даражасидаги элитанинг болалари бўлган. Ўрисча боғчага борган, ўрисча мактабда ўқиган; кўпчилиги уйида ўрисча гаплашадиган оилалардан. Бундай оилалар болаларини институтга жойлашнинг осон йўлини топиб олишган: бола 9 йил рус мактабида ўқийди, сўнгги — битирув синфида ўзбек мактабига кўчирилади ва “ўрта мактабни ўзбек тилида битирган” бўлиб қолади. “Ўзбек мактабини битирганига қарамай, русчаси жуда яхши” болалар учун олийгоҳлар эшиклари ланг очилади, рус тилини яхши билиши карьера қилишида хизмат пиллапояларига тўшалган гилам-поёндоз бўлиб хизмат қилади.
Наҳотки айб тилда, рус тилида бўлса? Йўқ, йўқ ва яна бир марта йўқ. Тилда айб йўқ. Гап тоталитар мафкурада. Гўзал, қудратли, ички имкониятлари жуда кенг рус тили қарийб 75 йил ўша мафкуранинг асосий ташувчиси бўлишдек оғир вазифани ўтади.
“Рақам” сўзини билмайдиган ўртоғимга ва унга ўхшаганларга қараб туриб, Совет кишиси, деган ҳодиса шаклланишга улгургани тўғрисида ўйлайман. Постсовет ҳудудларда сўнгги йилларда кечаётган жараёнлар, айниқса, Россиянинг Украинага қарши уруши фонида “Совет кишиси” атамаси ўрнида баъзи таниқли файласуфлар истеҳзоли Homo sovieticus атамасини ишлатгани нақадар тўғри бўлгани ҳақида ўйлайман. Чунки бу ҳодиса Совет ҳокимияти қулаганига 35 йил бўлган эса-да, кучайса кучаяяптики, асло акси эмас.
Homo sovieticus тадқиқотчиларидан бири ўз тадқиқоти объектини тасвирлар экан, бундай ёзади: “Homo sovieticus нисбатан абгор шароитларда яшашга ўргатилган; у қийинчиликларга тайёр; доим аҳвол янада абгорлашиб кетишини кутиб яшайди; давлатнинг, ҳукуматнинг барча тутумларини қўллаб-қувватлайди; ҳамма кўникиб қолган тартиб-қоидаларга бироз ўзгартиш киритишга уринганларга тўсқинлик қилади; раҳбариятни мутлақо қўллайди; унинг онги бир қолипда мафкуралашган онгдир, ўзича ватанпарвар — мамлакати учун шахсий масъулиятни ҳис қилади; қурбон бўлишга ва бошқаларни ҳам қурбон қилишга тайёр”.
Тадқиқотчи Homo sovieticusга берилган бу таърифдаги аломатларнинг ҳаммаси ҳам “цифра”нинг ўзбекчасини билмайдиган ўртоғимга хос эмас. У тиришқоқ, ўзининг кексалигини таъминлашгагина эмас, набираларининг ҳам кам-кўстини бутлаб туришга етадиган кўчмас мулк қилиб қўйган — ҳар ойда кафолатли уч-тўрт сўми бор. Лекин homo sovieticusнинг бошқа барча аломатларини ундан топиш мумкин.
Ўртоғимга ўхшайдиган собиқ курсдошларимдан аксариятининг ўзбекча чопони ечилса, унинг остида айнан homo sovieticus кўйлак-иштони кўринади. Бундайлар, одатда, дунёвий “зоҳид”лардир. Бундай “зоҳид”лик, айниқса, минтақа шаҳарларида яшаётган русларнинг кўпчилиги ҳаётида яққол кўринади: улар ҳануз ўтган асрнинг 60-70-йилларида қурилган, вақт ўтган сайин нураб, чўккан, шиферлари қорайиб-кўкариб кетган пастқам уйларда яшашади — “давлат қилиб бериши керак”, деган иддао уларнинг эътиқодидир.
“Зоҳид”лардан фарқли ўлароқ, ўрта мактабни ўз она тилида битирган синфдошларимда, жўраларимда homo sovieticusлик аломатларини деярли кўрмайман, улар тиришқоқ, бирини икки, иккисини уч қилишга, уй-жойини ўнглашга, эски машинасини янгилашга ҳаракат қилади; уларда тарки дунёчилик кайфияти йўқ, совет даврини эслаганларида юраклари орзиқиб кетаётганини сезмайман, Қрим кимники, деган савол устида бирортасининг ёқа йиртганига гувоҳ бўлганим йўқ, Россия телеканалларини кўрганлари учун баъзида Кремль пропагандаси нарративларини такрорлашни бошлашади, бироқ шу ҳолатда ҳам қандайдир фанатизм сезилмайди, билдираётган фикрларига қарши ишончли аргументлар келтирсангиз, оғриқсиз қабул қилишади.
Хўш, бир замон ва бир маконда яшаган битта халқ вакиллари дунёқараш масаласида бундай икки хил бўлиб қолиши сабаби нимада? Менингча, ҳамма гап бола мактаб таълимини қайси тилда олганида. Албатта, совет даврида коммунистик нарративлар ўзбек мактабларида ҳам берилган, бироқ улар “таржима” нарративлар эди, улар билвосита эди. Рус мактабида ўқиганлар эса, ўша “қадрият”ларни бевосита олган. Назаримда, она тилида ўқиётган бола нима бирламчию нима иккиламчилигини интуитив равишда ҳис қилади ва бирламчисини олиб, иккиламчини ёнидан ўтказиб юборади.
Албатта, бу фикрлар — шахсий кузатишларим маҳсули, холос. Қолаверса, кейинги йилларда Георгий лентаси ва умуман 9 майни қай йўсинда нишонлаш устида чиқаётган баҳсларда баҳслашувчи томонлар, кундалик “ишчи” тили қайси тил эканлигига қараб, бўлиниб қолаётгани ҳеч кимга сир эмас.
Homo Uzbek sovieticus ҳодисаси борми? Агар бўлса, бу ҳодиса аҳолининг қайси қатламларида кўпроқ кузатилади? Homo Uzbek sovieticus рус тилидаги мактаблар маҳсулими ёки таълим қайси тилда берилишининг аҳамияти йўқми? Бу ва шунга ўхшаш масалалар юзасидан қандайдир тадқиқотлар ўтказилганми-йўқми, билмайман. Ҳарҳолда, бундай тадқиқотга кўзим тушмаган. Менингча, бу масалалар миллий хавфсизлик масаласидир. Агар чиндан ҳам шундай бўлса, албатта, ўрганилиши лозим. Бу масалани ўрганиш, айниқса, ўзбеклар боласини, келажакда меҳнат мигрантига айланиш эҳтимолидан келиб чиқиб, рус синфларига кўпроқ бераётгани учун ҳам, Россияда тили русча чиқаётган ўзбек болалари кўпаяётгани учун ҳам муҳимдир.
Муҳандис ўртоғимнинг “рақам”ни билмаслигини “кашф” қилганимдан сўнг “ўзбеклик даражаси” ҳақида ўйлай бошладим. Ўзи, умуман, масалани шундай қўйиш тўғрими? Тўғри бўлса, уни — ўша даражани нима билан ўлчайдилар? Ўлчов асбобини топдик ҳам дейлик, ўлчашнинг ўзи нима учун керак? Шууримнинг бир четида “миллат хавфсизлиги учун керак”, деган фикр йилтиллаб турибди.
Ўлчов асбоби топилган чоғида ҳам ўлчов бирлиги йўқ. Чунки кимдир: “Ўзбек каломида Иймон, Номус, Ор ва икки дунёнинг саодати жам”лигини (шоира Зебо Мирзаева) кўрса, бошқа биров: “Бутун дунёдаги маданий миллатларнинг қайғу ва ҳасратларина иштирок этмаган ва бу шодлик масарратларидан баҳра олмаган бир қавм ва бир миллат вор эса, ул ҳам Туркистон туркларидирмиз” (Мунавварқори Абдурашидхонов), дейди.
Иқтибослар келтирганим икки матн: Зебо Мирзаеванинг шеъридан сатр ва Мунаввар қорининг мақоласидан парча орасидаги вақт фарқи роппа-роса бир асрдир. Орада ўтган юз йил ичида миллатнинг асл ҳолатида кескин ўзгариш бўлгани йўқ. Шоиранинг иқтибос олганимиз “Она тилига қасида”си эса, ўз номи билан қасида — мадҳдир. Мадҳнинг зиммасида асл вазиятни акс эттириш масъулияти бўлмайди.
90-йиллар бошида қисқа муддат вилоят газетасида ишладим. Бир воқеага аччиққина шарҳ ёздим. Шарҳ моҳиятан миллатимиз — ўзбеклар тўғрисида бўлди. Биздай фикрсиз миллат йўқ, деб иддао қилдим. Биздай китоб ўқимас миллат йўқ, деб иддао қилдим мен. Биздай мешчан миллат йўқ, деб иддао қилдим мен — бўлимнинг бир кичик ходими. Бир қоғозли нарсам бўлим мудирининг тепа сочини тикка қилди. Ташқарига чиқиб, битта чекиб қайтгунимча, бутун редакция билибди. Қолдим балога, қолдим балога! Нечун сиз ўзбек бўлатуриб, ўзбек ҳақида бундай бемаза нарса ёзасиз? Қани сизнинг миллатпарварлигингиз? Ўзимиз устимиздан ўзимиз шундай кулиб турсак, бошқалар баттар кулмайдими? Ва ҳоказо, ва ҳоказо…
Ҳой, ўзбеклар, ўзбекларни танқид қилиш ҳуқуқи фақат ўзбекларда, тушунинглар ахир, дейман, қани биров эшитса, биров қулоқ солса! Йўқ, яхшиям бош муҳарриримиз менга ўхшаган “беадаброқ” ўзбек эди, материалим кейинги сонда чиқиб кетди.
Биз ўзини яхши кўришни яхши кўрадиган миллатмиз. Аллалайди бундай ҳис. Бундай шароитда на ўлчов асбобини, на ўлчов бирлигини топиб бўлади. Бас, шундай экан, балки “ўзбеклик даражаси”ни ўлчайман, деб овора бўлишга, бунинг учун ўлчов асбобини ҳам, ўлчов бирлигини ҳам излашга ҳожат йўқдир? Балки шоиранинг мен икки сатрини узиб олган шеърини тўлиқ ўқиш, болаларимизга ўқитиш ва айни пайтда буюк жадид бобомизнинг ёзмишларини ҳам унутмаслик етарли бўлар?
Энг муҳими, ўзбекнинг ўзбек бўлиб қолиши учун боланинг боғча тили, мактаб тили ўзбек тили бўлуви керак. Ўшанда у шоир Ботиржон Эргашевнинг “Яхшийди” шеъри сарлавҳасини “Яхши эди”, деб ўнглаб қўймайди. Бу шеърни қўшиққа айлантирган Озодбекни тинглаб, “яхшийди”нинг юракни фақат “ўзбекча” сиқувчи оҳангларидан маза қилади. Ўшанда у “А что такое рақам?” деган саволни бермайди. Ўшанда у тенгдоши билан “Қрим кимники?” деган савол устида баҳслашар экан, бир-бири билан юз кўрмас бўлиб уришиб кетмайди. Чунки ҳар иккаловининг товонлари остида мустаҳкам тамал, ўзбекона тамал бўлади. Яхшийди шундай бўлса.
***
Тақдир экан, мен бир умр ўзимни ўз эмас, ўгай сезиб яшаяпман. “Мен учун она тилим етарли”, деган ҳисдан мосуво яшаяпман. Мени мендайлардан — Ўзбекистондан ташқарида яшайдиганлардан бошқа ҳеч ким тушунмаса керак. Аввалига, болалик ва ўсмирлигимда рус тилини ўрганмасам бўлмайди, деган ҳис билан яшадим — шу ҳисни сингдиришди тирноқдайлигимдан. Сингдиришсаям, сингдиришмасаям, реаллик шундай эди, ўйин қоидалари шундай эди. Она тилим уйда ўз, жамиятда ўгай эди.
Ўқиш учун Тошкентга бордим. Энди тилим эмас, ўзим ўгай бўлдим. Ўгай бўлганим — бошқа республикалик бўлганим учун ўқишга базўр “илашдим”: “мандат” остонаси (ўқишга қабул қилишлари учун белгилаб қўйиладиган балларнинг энг юқори миқдори) мен каби “ўгай”лар учун жуда баланд эди. Ўша йиллари Тошкентда ўшлик талабаларни жуда ақлли, жуда билимли бўлади, деб мақтар эдилар ва бундан кулгим қистарди: ахир, чертиб-чертиб танлаб олганларидан кейин жуда ақллиси, жуда билимлиси ўтади-да ўқишга!
Кейин, СССР тарқагач, бу тарқалишни сезиб-сезмай турибоқ, қарийб чорак аср Европада яшашимга тўғри келди, комфортда яшадим, бироқ қирқ йил битта қозонда қайнатишса, қоним қўшилмаслигини билдим, “овулим ҳидини” соғиндим, Ватанга қайтдим.
Номида миллатим номи йўқ республикада туғилиб-ўсиб-яшаётганим учун она тилим яна идора тилига айланмади. Совет даврида барча кучу маблағ рус тилига сарфланган, масалан, рус тили ўқитувчилари бошқа предметлар ўқитувчиларидан 15 фоиз кўп маош олар эди. Мен туғилиб-ўсган республика ўша даврдаям Қирғизистон аталгани билан, у даврда бизга, ўзбек мактаблари ўқувчиларига ҳеч ким қирғиз тилини ўргатмаган, Қирғизистон мустақилликка эришган даврга келиб, ёшим катта бўлиб қолган, тилим қотиб қолган, қирғизчани мутлақо тушунганим, қирғизча бехато ёза олганим билан талаффузим сира ўхшамайди, дадил қирғизча гапира олмайман, расмий идораларга кирсам, баъзан рус тилида гапиришга мажбурман, бундан ўзимнинг асабим қақшайди — яна ўша ўгайлик ҳисси.
Ишим тақозоси билан 90-йиллар охирида жуда кўп бордим Тошкентга. Билмадим, маҳаллий миршабларнинг ўткир кўзлари пешонамдан “ўгай” сўзини қандай ўқиб олишарди экан, ҳар гал, кўпинча эса битта сафар давомида икки-уч мартадан тўхтатишар, ҳужжатларимни кўргилари келиб қолар эди. Яна ўша ўгайлик ҳисси.
Анча бўлди Ўзбекистонга ўтмаганимга — Ўш Ўзбекистонга шу қадар яқинки, биз “бориш” феълини эмас, айнан “ўтиш” феълини ишлатамиз. Чорак аср бўлди ўтмаганимга. Бу вақт ичида ишим тақозо этгани учун ҳам ақлан, ҳам руҳан Ўзбекистонда бўлган эсам-да, жисмонан бўлмадим бу юртда. Бўлмасам ҳам биламан: икки қўшни юрт ўзбеклари орасида муайян фарқлар пайдо бўлган — кўп нарсада сезилади бу фарқлар. Ҳатто луғатида ўзгариш бор ўзбекистонликнинг. Бир умр сўз билан ишлаганим учунми, сўзларга эътиборлиман. Ёмон кўрганим — канцеляризмлар, идора тилидир. Бироқ ўзбекистонлик “тўлов қилдим”, “тўлов қилишим керак” деса, суюниб кетаман, суюниблар кетаман, дилим яйрайди. Миллатнинг шундай канцеляризмлари бўлуви лозим. Бироқ миллатдош ҳамшаҳрим Ўзбекистонга ўтиб қолса, “тўлов қилмоқ”ни тушунмайди — ўзини ўгай сезади.
Кейинги йилларда бошланган янги сиёсат туфайли икки қўшни давлат ўртасида борди-келдилар тикланди, ўзбекистонликлар, асосан, артистлар Ўшга тез-тез келиб турибди. Лекин бу келди-кетдиларга ҳам сиёсий тус берилади, яна “ўгай”лигим ёдимга тушади, ўйнашга, яйрашга тайёрланган қалбимни билинар-билинмас мунг эгаллайди.
Наздимда, мендаги ўгайлик ҳисси билан яшаётганлар минтақадаги беш мамлакатнинг ҳар бирида бўлса керак. Бундай ҳис ҳар бир мамлакатнинг титул миллати вакили бўлмаган фуқароларида бўлса керак.
Хўш, бу ҳисдан қутулишнинг, тўғрироғи, қутултиришнинг (чунки бу иш давлат бажарадиган иш) имкони борми? Менингча, бор.
Шу пайтгача бизнинг юртларда “миллат” атамаси “этнос” атамасининг синоними бўлиб келди (Бу атамаларга чуқурлашадиган бўлсак, мақола жуда чўзилиб кетадики, шунинг учун “сув юзасидагина сузамиз”).
“Миллат” атамасига “давлат” маъносини, аниқроғи, “давлатга мансублилик” маъносини юклаш, шунга кўникиш керак. Бу йўналишда баъзи қадамлар ҳам ташланган. Масалан, Миллий хавфсизлик хизмати, Миллий ахборот агентлиги ёки Миллий академик театр деган номлардаги “Миллий” сўзи замирида ўзбек миллатига тегишли, деган маъно эмас, давлатга тегишли, давлат тасарруфидаги деган маънолар ётади. Бироқ келтирганим номларда “миллий” сўзини қўллашда, фикримча, ғарбона номларга тақлидан қилинган, холос. Масалага концептуал ёндашув борлигидан эмас.
Ўзбекистон паспорти билан Европага борган қозоқни ўзбек ёки Қирғизистон паспорти билан Европага борган ўзбекни қирғиз, деб қабул қиладилар. Чунки Ғарбда “миллат” тушунчаси “давлат” тушунчасига тенг. Айни пайтда, Совет давридан қолган анъаналар бўйича, минтақа мамлакатларида бу тушунчалар айри-айри тушунчалар эканлигича қолмоқда. Ҳукуматлар даражасида ҳам, фуқаролар даражасида ҳам. Бу ҳолат узоқ давом этиши мумкин эмас. Узоқ давом этиши, энг камида, титул миллатга мансуб эмасларда ўгайлик ҳиссини сақлаб тураверади.
Миллат тушунчасига давлат, давлатга мансублилик маъносини юклаш, яъни сиёсий миллатни шакллантириш миллат (давлат, мамлакат, деб ўқинг) хавфсизлиги масаласидир.
Бундай хавфсизликни таъминлашдаги бирламчи, балки ҳал қилувчи қадам бутун мамлакат фуқароларининг этник мансублилигидан қатъи назар, ўзи яшаётган мамлакат давлат тилини ўз она тили даражасида билишдир. Бунинг учун ҳукуматлар қанча керак бўлса, шунча маблағ сарфлаши лозим. Бу соҳада Туркия улги бўлиши мумкин. Ўзини турк деб ҳисоблайдиган Туркия ватандоши келиб чиқишига кўра, этник серб, юнон ёки армани бўлиши мумкин, бироқ у энг аввало ўзини турк, деб билади, унинг кундалик муомала тили, сиёсий-ижтимоий тили турк тилидир.
Мамлакат фуқаролари учун, улар қайси этносга мансублигидан қатъи назар, умумий бўлган асосий тил ҳамма учун муштарак бўлган қадриятлар тизимини яратади. Улар мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳаётида фаол иштирок этиш имконига эга бўлади. Айни пайтда ҳар бир этнос вакиллари Конституцияда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари: ўз она тилида билим олиш ва умуман, этник ўзлигини сақлаб қолиш ҳуқуқидан фойдаланаверади. Ўгайлик ҳисси ана шунда йўқолади.
Сўнгги абзацни ўқиш жараёнида, бир қарашда, ҳақли савол пайдо бўлиши мумкин: шу пайтгача этнослараро мулоқот тили бўлган рус тили бундан кейин ҳам ўша ролни бажараверса бўлмайдими? Рус тилига, унинг қудратига ишончим қанчалик юксак бўлмасин, “Йўқ, бўлмайди”, деган жавобни беришга мажбурман. У ҳолатда, яъни рус тили ўз мавқеини сақлаб қолган тақдирда минтақадаги беш мамлакатнинг бирортасида ҳам давлат тили қонунда белгиланган мавқеига кўтарила олмайди, энг ёмони эса, мамлакатнинг турли этнослардан ташкил топган халқини уюштирувчи тил, уютқи тил бўла олмади.
Яна бир муҳтамал савол: Совет давлатида бир доминант тил homo sovieticusни пайдо қилган экан, Ўзбекистонда ўзбек, Қирғизистонда қирғиз… тиллари доминант бўлса, homo uzbecus, homo kyrgyzus…лар пайдо бўлмайдими? Йўқ, бўлмайди. Юқоридаги айтилган фикрни такрорлашга мажбурман: homo sovietucus рус тили маҳсули эмас, балки тоталитаризм маҳсулидир. Агар мамлакатда демократик қадриятлар устувор бўлса, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланса, бирор-бир мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилмаса, homo…лар пайдо бўлмайди.
Шу ўринда Ўзбекистон Конституциясининг 12-моддасини эслаш ўринлидир: “Ўзбекистон Республикасида ижтимоий ҳаёт сиёсий институтлар, мафкуралар ва фикрларнинг хилма-хиллиги асосида ривожланади. Ҳеч қайси мафкура давлат мафкураси сифатида ўрнатилиши мумкин эмас”.
Ўгайлик ҳиссининг яна бир жиҳати бор: этноси номи билан аталадиган мамлакатга ўгайлик ҳисси. Масалан, қирғизистонлик (қозоғистонлик, тожикистонлик, туркманистонлик) ўзбекларнинг Ўзбекистонга ўгайлик ҳисси. Бу ҳисдан қутулиши учун дунё мамлакатларида, айниқса, Марказий Осиё давлатларида яшовчи ўзбеклар учун Ўзбекистон, қирғизлар учун Қирғизистон, тожиклар учун Тожикистон, қозоқлар учун Қозоғистон, туркманлар учун Туркманистон келинчакнинг тўркунидай бўлиши керак.
Яъни келинчак (келин, аёл) тўркунига эмин-эркин борганидай, у ерда яйраб-яшнаб юрганидай, этноси номи билан аталадиган мамлакатга қўшни давлат фуқароси шунчалик эмин-эркин бориши, у ерда ўгай эмас, ўздай яйраб-яшнаб юриши керак. Бундайлар минтақа мамлакатларини бир-бирлари билан боғлаб турувчи олтин иплар бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Бундай сиёсатни Қозоғистон ва Қирғизистонда кузатиш мумкин. Бу икки мамлакат ташқарида яшайдиган этник қозоқлар ва этник қирғизлар учун махсус фармонлар, қарорлар ва қонунлар билан қатор имтиёзларни жорий этган. Ўша имтиёзлар қаторида мамлакатга кетиб-кетиш билан боғлиқ расмиятчиликларнинг минимумга туширилиши, олий ўқув юртларида таҳсил олиш имкониятлари, фуқароликка қабул қилишнинг осонлаштирилган тартиби кабилар бор.
Узоқ йиллар қўшни давлатлардаги этник ўзбекларни, юмшоқроқ айтганда, масофада ушлаб келган Тошкент бу йўналишдаги сиёсатини кейинги йилларда кескин ўзгартирди. Чегаралар очилди, қўшни мамлакатлар билан қатновлар фоизларга эмас, марталарга ошди, ўзаро туризм ривожланмоқда. Бу алоқаларнинг иқтисодий фойдаси бошқа фойда — маънавий фойда, яхши қўшничиликни ривожлантиришга хизмат қилаётгани олдида сариқ чақадир. Хусусан, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида гуманитар алоқалар тикланди, борди-келдилар йил сайин тиғизлашяпти. Шу ўринда Ўзбекистон ҳукумати Заҳириддин Бобур номидаги Ўш ўзбек академик мусиқали драма театри биносини капитал таъмирдан чиқариб берганини яна бир марта эслаш ортиқчалик қилмайди.
Тошкент иштирокида ҳал қилиниши керак бўлган муаммолар ҳам кўп. Театрни тилга олганим учун айнан у билан боғлиқ биттагина муаммони айтиш билан чекланаман: Бобур номидаги театрга сўнгги 30 йил ичида бирорта ҳам янги профессионал, олий маълумотли артист келган эмас. Чунки алоқалар узилиб қолган эди, ўзбек театрлари учун мутахассис тайёрлайдиган Тошкент давлат санъат институтида сўнгги 30 йил ичида биронта ҳам қирғизистонлик ўзбек ўқимади.
Мақола сарлавҳасидаги “ўгай” сўзини етарлича изоҳладим, шекилли. Бошқа бир сўз, “тўркун” сўзи изоҳсиз қолди. Зийрак ўқувчи контекстданоқ аллақачон тушуниб олган бўлса-да, алоҳида изоҳлагим келяпти. Тўркун — келинчакнинг, умуман, эрининг уйида яшаётган аёлнинг туғилиб-ўсган юрти, ўз ота-онаси уйидир. “Келинингиз кўринмайди”, сўрайди қўшни қўшнисидан. “Тўркунига кетувди, эртага келиб қолади”.
“Сиғими” катта “тўркун” қирғизча сўздир. Уни биринчи марта эшитганимда бирдан бизда, ўзбекларда йўқми, деб луғат титдим. “Изоҳли”да йўқ. Бошқа луғатларда (ўзимда борларида, албатта) ҳам йўқ. Интернетдан изладим. “Тўркун” сўзи оҳангаронликларда (Тошкент вилояти) бор экан.
Миллий хавфсизлик, миллат хавфсизлиги масалаларининг бир четини “силаб” ўтган мақола бирдан сўзшуносликка ўтиб кетиб қолди ва уни — сўзшуносликни шу ерда тўхтатаман. Чунки бу бошқа мавзу — тил хавфсизлиги мавзуси. Ҳа, шундай хавфсизлик масаласи ҳам бор. Ҳарҳолда, бўлуви керак. Акс ҳолда, менинг эллик йиллик миллатдош ўртоғимдай, “А что такое рақам?” деб қолишимиз хавфи бор.
Сарвар УСМОН,
журналист
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0