«ЎҒЛИМ ОДАМ БЎЛСИН», ДЕБ…
Бировнинг қизини бахтиқаро қилмайлик!
Бизда азалдан оила муқаддас қўрғон ҳисобланган ва ҳозир ҳам шундай. Ҳар бир ота-она фарзанди вояга етгач, унга муносиб умр йўлдош излаши, сўраб-суриштириши табиий, албатта. Чунки ҳамманинг бахтли бўлишга ҳақи бор. Аммо...
Охирги вақтларда ачинарли бир ҳолат урфга кирди, яъни баъзи оналар «Уйланса, эси кириб қолар», деган ўйда такасалтанг ўғлига намунали келин изламоқда. Гўёки, яхши қиз ичкиликка ружу қўйган, ношуд фарзандини тўғри йўлга қайтара оладигандек…
Аслида масъулиятсиз куёв ибо-ҳаёли, касб-ҳунарли келинга муносибмикан? Ҳар ҳолда, тенг тенги билан деб бежиз айтишмаган. Назаримда, бу бир аёлнинг бошқа бир аёлга қилаётган зулми. Бу охир-оқибат оилавий муаммолар чуқурлашишига, ажримлар, бахтсизлар сони ортишига хизмат қиладиган нотўғри ёндашув.
Тўқима эртакларда парилар сеҳр кучи билан бошига оғир юмуш тушиб қолган шаҳзодани ёвузликдан халос этиши бот-бот такрорланади. Лекин ҳаёт эртак эмас.
Модомики, қайсидир она фарзандига намунали қиз излаяптими, уни шунга муносиб қилиб, вояга етказиши зарур. Чунки тарбия келиннинг вазифаси эмас, аксинча, онанинг бурчи. Ўғил танбал бўлса, унга меҳнатнинг қадри ўргатилиши керак.
Қўпол бўлса, сабр ва мулоқот маданияти сингдирилиши лозим. Адашган бўлса, унга ҳалоллик, масъулият ва одамгарчилик сабоқлари берилиши жоиз. Бу ишлар никоҳдан олдин бажарилиши даркор. Зеро, никоҳ даво эмас, балки икки етук инсоннинг ўзаро аҳдлашувидир.
Яна бир гап. Вақтида фарзандига тарбия бера олмаган, уни тўғри йўлга сола олмаган она бошқа бир оиланинг оқила қизига қайноналик қилишга нечоғлиқ ҳақли? Ахир келин унинг оиласига не-не умидлар билан, бахтли ҳаёт кечириш илинжида келади.
Шундай экан, келинга даво эмас, аввало, унга инсон сифатида қараш керак. Келин куёвни эмас, билъакс, куёв келинни бахтли қилсин. Қисқаси, ҳурматли оналар, «Ўғлим одам бўлсин», деб бировнинг қизини бахтиқаро қилмайлик.
Хуршида НИШОНОВА,
Ўзбек тили, адабиёти ва
фольклори институти
таянч докторанти
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0