Долларга нима бўлмоқда?
Жорий йилнинг 15 сентябр куни 1 АҚШ доллари 12 минг 344 сўмгача пасайди. Долларнинг сўмга нисбатан қадрсизланишини иқтисодчилар – бу валюта мустаҳкамланиши эмас, доллар глобал миқёсда қадрсизланяпти каби таҳлилларни илгари сурмоқда. Иқтисодчи Миркомил Холбоев бу борада ўзининг мулоҳаза ва таҳлилларини билдирди.
“Жорий йилда АҚШда кузатилаётган ҳолатлар долларнинг глобал мавқейининг пасайиши ва бошқа валюталарнинг улуши ортишига олиб келмоқда. Бу ҳолат бошқа рақобатчи валюталар вақт ўтиши билан долларнинг ўрнини эгаллаб олади, деган фикрларни юзага келтирмоқда. Хусусан, юан шундай валюталардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги кунда Хитой савдосининг 30 фоизи (2019 йилда бу кўрсаткич 14 фоиз эди), Трансчегаравий тушумлар (жумладан молиявий оқимлар) нинг 50 фоизи (2010 йилда 1 фоиздан паст бўлган) юанда амалга оширилмоқда. Шунингдек, 2022 йилдан кейинги даврда Хитой банклари чет элга кредитларини асосан юанда беришни бошлаган (олдинги даврда юаннинг улуши 15 фоиз атрофида бўлган).
Лекин юан сўнгги йилларда турли йўналишларда улушини оширганига қарамасдан, ҳозирги шарт-шароитларда глобал валютага айланиши жудаям қийин. Биринчидан, юан жудаям юқори даражада бошқарилади. Бу эса инвесторлар учун турли ноаниқликлар ва рискларни келтириб чиқаради. Масалан, бозор шартлари юаннинг мустаҳкамланишига замин яратаётган бўлишига қарамасдан, ҳукумат экспортни қўллаб қувватлаш учун уни қадрсизлантириши мумкин.
Шунингдек, Хитойда капитал оқими нисбатан юқори даражада назорат қилинади, бу омил ҳам юаннинг глобал валютага айланишига тўсқинлик қилади. Сўнгги йиллардаги ютуқларига қарамасдан юаннинг Марказий банк захираларидаги улуши 2 фоизни ташкил этади, долларнинг улуши эса 58 фоиз, ёки халқаро тўловларда юаннинг улуши 4 фоиз бўлса, долларники 50 фоиз атрофида. Бундан ташқари сиёсий – институционал факторлар ҳам юаннинг халқаро валюта сифатида шаклланишига тўсқинлик қилади.
Жорий йилда кузатилаётган ҳолатлар долларнинг кучсизланиши ва глобал миқёсда ўрни бироз заифлашишига олиб келиши мумкин, лекин ҳозирча юан унинг ўрнини эгаллай олиш имкониятига эга эмас, ҳеч бўлмаганда ҳозирги шарт-шароитларда.
Жамғармалар олтинда сақланиши керакми?
Долларнинг сўмга нисбатан қадрсизланиши фонида аҳолида маблағларни қандай усулда сақлаган маъқул каби саволларни ҳам туғдирмоқда, – дейди иқтисодчи. – Ҳақиқатдан ҳам олтин автоматик стабилизатор ҳисобланади. Лекин олтин бўйича қўшимча даромадларнинг жамғарилиши ҳақида гап кетганда бир неча жиҳатларга эътибор қаратилиши лозим. Биринчидан, олтиндан даромадлар жамғарилишининг монетар сиёсатга таъсири, иккинчидан, мамлакат иқтисодий циклнинг қайси нуқтасида эканлиги тўғри баҳоланиши зарур.
Олтин экспортидан келадиган қўшимча даромадларнинг жамғарилишидан Марказий банк энг манфаатдор органлардан бири ҳисобланади. Чунки қўшимча даромадларнинг иқтисодиётга қайта қуйилиши инфляцион босимларни ошириб, Марказий банкнинг инфляцион таргетлаш сиёсатига салбий таъсир қилади. Натижада, таргетга етиш муддати узоқроқ чўзилади ёки инфляцияни пасайтиришнинг “нархи” ошади.
Бошқа томондан олтин нархи ўсиши ҳисобига ошган бюджет харажатларини олтин нархи пасайиб кетган тақдирда қисқартириш сиёсий жиҳатдан жудаям қийин жараёнга айланади. Бу эса ўз навбатида мамлакатнинг қарз юки ортишига олиб келади. Бундай нарх пасайишининг узоқроқ давом этиши эса "шишиб" кетган харажатлар фонида жудаям оғриқли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Тўғри, олтин автоматик стабилизатор вазифасини ўтайди. Масалан, пандемия даврида ноаниқликларнинг ортиши натижасида олтин нархи сезиларли ўсди. Шунингдек иқтисодий фаолликнинг кескин пасайиши кузатилди, бундай вақтда олтин экспортидан келган қўшимча даромадлар ҳақиқатдан ҳам ташқи шокларнинг бюджет даромадлари ва иқтисодий фаоллик пасайишига бўлган салбий таъсирини юмшатади. Яъни у автоматик стабилизатор вазифасини ўтайди.
Жорий йилда ҳам ноаниқликлар кескин ортиб, баъзи мамлакатлар ўзининг пасайиш фазасига кириб бормоқда. Натижада, олтин нархи йил бошига нисбатан 30 фоиз атрофида ошди. Лекин шу билан бир вақтда мамлакатимизда “боом” давом этмоқда. Биринчи ярим йилликда иқтисодиётимиз 7,2 фоизга ўсиб, ўсиш олдинги йилнинг мос даврига нисбатан 0,6 фоиз бандга тезлашган. Яъни мамлакатимизда иқтисодий циклнинг пасайиш фазаси кузатилаётгани йўқ.
Аксинча, иқтисодий ўсиш ўзининг потенциалида юқори шаклланиши инфляцион босимларни келтириб чиқармоқда. Масалан, Марказий банк апрел ойида йил сўнггида инфляция 7-8 оралиғида шаклланишини прогноз қилган бўлса, сентябр ойига келиб прогноз 8,7 фоизгача оширилди. Яъни иқтисодиётда инфляцияга ялпи талаб босими сақланиб қолмоқда. Бундай вазиятда қўшимча ресурсларнинг иқтисодиётдан “чиқариб” олиниши инфляцион босимларни пасайтиришга ёрдам беради.
Шунингдек, олтиндан тушумларнинг жамғарилиши валюта бозорида реал валюта курси ўзининг узоқ муддатли трендидан оғишининг олдини олади. Албатта, жорий йилда мамлакатимизда реал волюта курсининг мустаҳкамланиб кетиши борасида ҳозирча муаммо йўқ. Чунки феврал-апрел ойларида рублнинг кескин мустаҳкамланиши сўмнинг реал курси қадрсизланишига олиб келди, лекин май ойидан реал валюта курси яна мустаҳкамланиш фазасига қайтган. Яъни йил бошида рубл билан кузатилгани каби ҳолат кузатилмаса, реал курс мустаҳкамланишда давом этади. Ўзи шундоқ ҳам базавий даврга нисбатан реал курс 10,6 фоизга (2018 йил январига нисбатан 16 фоиз атрофида) юқорироқ шакланмоқда. Қўшимча даромадларнинг жамғарилиши эса ўз навбатида реал курснинг трендидан оғиши билан боғлиқ муаммонинг олдини олади. Натижада, валюта курсига сезувчан секторларда рақобатбардошлик пасайиши билан боғлиқ ҳолат юзага келмайди.
Олтиндан қўшимча даромадлар албатта жамғарилиши керак ва бундай қилиниши, айнан инфляцион таргетлаш сиёсати учун ҳам айни муддао бўлган бўлар эди – дейди иқтисодчи Миркомил Холбоев.
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0