Уч ёшдан болани меҳнатга ўргатиш керак!
Қандай қилиб?
Тиббиёт фанлари доктори, психолог ва психотерапевт Зарифбой Ибодуллаев ушбу саволга жавоб берди.
– Ота-оналар ўзлари билмаган ҳолда фарзандларининг айтганини қилиб, болани талтайтириб юборишади. Бу фанда ҳашаматли ҳаёт синдроми, дейилади. Ҳамма нарсани муҳайё қилаверасиз, қилаверасиз, оқибатда бола худбин бўлиб ўсади. «Яна бер», «яна бер», деяверади. «Меҳр бер, кўйлак олиб бер, шим олиб бер, кейинчалик велосипед, копток олиб бер, яна ўсаверса, машина олиб бер, дейди. Ота-она эса унга «хўп», «хўп» жавобини қайтараверади. Мен қийналиб ўсган эдим, болага азоб бермайин дейди-да, болани ўзлари билмаган ҳолда худбин қилиб қўйишади. Хўш, нима қилиш керак?
Мен айтганман ва доим айтаман. Китоб инсонни илмли қилади, бироқ меҳнат уни ақлли қилади. Бу нима дегани? Айтайлик, болангизни ўқитаяпсиз ва илмли қилаяпсиз, илмли дегани ақлли дегани эмас-ку? Ақл кенг тушунча. Уч ёшдан болани меҳнатга ўргатиш керак. Уч ёшдан!
Қанақа меҳнатга? Масалан, қўлига юмшоқ момиқ латта берасизда, болам, ўйинчоқларингни артиб қўй, дейсиз. Кейин эса болам, ануви пиёлани артиб қўй, ҳозир даданг келса, сени мақтайди, дейсиз.
– Дадам менга нима олиб келадилар?
– Нима олиб келсин, ҳозир айтаман…
Қўлизга телефонни олинг-да, айт ўзинг, денг. Бола «Дадажон, менга машина олиб келинг, конфет олиб келинг», дейди. Бўлди, болам олиб келаман. Лекин битта шартим бор, менга қарашасан, десин дадаси ва унга мос нимадир кичик топшириқ айтсин.
Шу тарзда бола уч ёшда меҳнат қилади, тўрт ёшда меҳнат қилади, беш ёшда меҳнат қилади ва қарс икки қўлдан чиқади, дегандек, ёшликдан меҳнатга ўрганган бола катта бўлгач ҳам меҳнатдан бўйин товламайди. Дангаса бўлмайди. Китоб ва меҳнат уни тарбиялайди. Ота-оналардан мана шу нарсага жиддий эътибор қаратишларини сўрардим.
Зебо Намозова тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0