+25C

+25C

  • O'z
  • Ўз
Ўзбекистон
  • Сиёсат
  • Спорт
  • Жамият
  • Иқтисод
Хориж
  • Иқтисод
  • Сиёсат
Интервью
  • Маданият ва маърифат
Кутубхона
  • Адабиёт
  • Илмий ишлар
  • Мақолалар
  • Касаба фаоллари учун қўлланмалар
Бошқалар
  • Суратлар сўзлаганда...
  • Колумнистлар
  • Архив
  • Ўзбекистон журналистлари
  • O'z
  • Ўз

Telefon raqamingizni kiritng

Tasdiqlash kodini SMS orqali yuboramiz

Кириш

Хайр, Мундиал: Ўзбекистон мағлубиятидан сўнг жамоатчилик нима дейди?

146 08:45 | 02.07.2026 08:45

Мағлубият спортнинг ажралмас қисми. Бироқ у йирик ҳисобдаги мағлубият бўлса, жамоанинг тайёргарлиги ва тактикасига кўплаб очиқ саволлар борлигини билдиради.


Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Колумбия, Португалия ва Конго Демократик Республикаси терма жамоаларига қарши майдонга тушди. Жамоа дастлабки учрашувда Колумбияга 1:3, иккинчи баҳсда Португалияга 0:5, сўнгги ўйинда эса Конго Демократик Республикасига 1:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Натижада Ўзбекистон гуруҳ босқичини очкосиз якунлаб, жаҳон чемпионатидаги иштирокини тўхтатди.


Бундай натижадан сўнг мухлислар, спорт мутахассислари, журналистлар орасида кенг муҳокамалар пайдо бўлиб, жамоатчилик фикри иккига бўлинди.


Кимдир: «Муҳими иштирок, биз Жаҳон чемпионатида қатнашишни узоқ кутган эдик ва шу орзуга эришдик. Йигитлар яхши ўйнашди, уларга раҳмат!» деса, яна кимдир 5 ўйинда ҳам мағлуб бўлишимизда 4 миллион евро маош оладиган мураббий тактикасини айблаб, футболчиларимиз етарлича тайёргарлик кўришмаганини айтади.


Миллий терма жамоамизнинг гуруҳ сардори Элдор Шомуродов эса Gazeta.uz интернет нашрига берган интервьюсида аламли мағлубият ҳақида шундай дейди:


«Менимча, кўп нарса етишмади. Бирор бир нарсани алоҳида кўрсатиб бўлмайди, жуда кўп жиҳатларда оқсадик. Барибир, бу ерда даража умуман бошқача, ҳамма нарса бошқача. Агар қайсидир бир жиҳатда бошқалардан устун бўла олмасанг, унда ҳамма нарсада бошқалардан яхшироқ бўлишинг керак. Шунинг учун биз ҳамма нарсани яхшилашимиз зарур. Ўсадиган томонларимиз кўп».


Биз терма жамоанинг натижаси, ютуқ ва камчиликларини муҳокама қилиш ва «айбдорни топиш керак» позициясидан йироқмиз, шунчаки хулоса ўрнида жамоат фаолларининг ўз ижтимоий саҳифаларида билдирган бу борадаги фикрларига қайтмоқчимиз:


Муҳрим Аъзамхўжаев (журналист): «Катанец даврида ҳам унинг услуби кўп танқид қилинарди. «Жамоа ҳаддан ташқари ҳимоявий ўйнайди, ҳужумда ёрқинлик етишмайди», деган фикрлар тез-тез янграрди. Аммо шунга қарамай, ўша жамоа майдонда характер намоён қила оларди. Саралаш босқичида Қатарга қарши 0:2 ҳисобидан ортда бориб, ҳисобни 2:2 га етказгани бунга яққол мисол. (Албатта, учрашув охиридаги омадсиз голни ҳисобга олмаганда.) Ҳозир эса ўша жанговар руҳ ва характер бироз йўқолгандек таассурот уйғотади. Мураббий алмашган бўлиши мумкин, аммо майдондаги футболчилар деярли ўша-ўша-ку».


Ирода Азимова (тилшунос): «Футболдан кейин миямда айланган фикрлар... «Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир», деган гап бекорга айтилмаган. Роналдо ҳақида КВНдаги ҳазил ҳам, айрим баёнотлар ҳам ортиқча бўлди. Темур Кападзега нисбатан ҳам ноҳақлик қилинди. Жамоани Жаҳон чемпионатига олиб чиққан мураббийни четга суриб, ўрнига хорижлик мутахассис олиб келиш баҳсли қарор эди.


Ўйинларда йигитларимизда қўрқув ва психологик босим сезилди. Бу ҳақда хорижлик мутахассислар ҳам фикр билдирган. Мағлубият учун битта айбдорни топиш осон. Аслида эса футбол жамиятнинг кўзгуси. Иқтисод, таълим, илм-фан каби соҳалардаги ҳолат спортга ҳам бевосита таъсир қилади. Футболчилар ҳам шу жамиятнинг бир қисми. Шундай бўлса-да, йигитларга раҳмат. Ҳеч бири атайлаб ютқазишни истамаганига ишонаман».


Шаҳноза Соатова (журналист): «Ҳали ўсадиган, ўрганадиган жиҳатларимиз кўп. Энди асосий мақсад — Жаҳон чемпионатларига мунтазам йўл олиш ва ҳар сафар бундан ҳам яхшироқ натижа қайд этиш. Бу сурат эса тарихий лаҳзани эслатиб турсин: унда Ўзбекистон илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида ҳисобда олдинга чиққан он муҳрланган. Ҳозирча бу футболимиз эришган энг юксак марралардан бири. Ҳали энг яхши кунлар олдинда. Энди эса Мундиални хотиржам кузатамиз».


Аброр Зоҳидов (журналист): «Тўғри, йигитларнинг илк мусобақаси эди, Жаҳон чемпионати тажриба бўлди. Дарвоқе, тажриба ҳақида: «Бу мусобақа мен учун ҳам катта тажриба бўлди», деди Фабио Каннаваро. Нима, Ўзбекистон миллий термаси тажриба қўёнчаси бўлиб қолдими?


Одатда тажриба учун, ўрганиш учун пул берилади. Демак, биз ҳам тажриба майдони қилиб берибмиз, ҳам бир йилга 4 миллион евро (тахминан 4,5 млн доллар) пул тўлабмиз-да?! Энди Каннаваронинг фаолиятига тўхталсак: тўғри, чемпион, «Олтин тўп» олган, кучли футболчи бўлган. Лекин мураббийлик йўналишида қандай натижаларга эришган? Ҳеч қандай!»


Хушнудбек Худойбердиев (ҳуқуқшунос, блогер): «Яна бир марта Жаҳон чемпионатига чиқсак, Покистон дейишларидан деярли қутиламиз. Ҳа, афсуски, учта мағлубият. Бу ўйиндан эришилган энг катта ютуқ бу — Ўзбекистон имиджи бўлди. Миллиардлаб инсонлар Ўзбекистон деган давлат ҳам борлигини, байроғи қанақалигини, илк марта Жаҳон чемпионатига чиққанини кўришди, мадҳиямизни эшитишди. Шахсий хулосам шу бўлдики, келгуси 2030 йилда ҳам яна бир марта Жаҳон чемпионатига чиқсак, хорижда Ўзбекистон деганда Покистон ёки Афғонистон деб тушунишларига деярли барҳам берамиз».


Ўзбекистон миллий терма жамоаси натижаси атрофидаги турли фикрлар ҳамон давом этмоқда. Жаҳон чемпионати Ўзбекистон футболининг бугунги имкониятлари ва камчиликларини яққол кўрсатди. Энди асосий вазифа ҳиссиётларга берилиш эмас, балки чиқарилган хулосалар асосида тизимли ишлаш, камчиликларни бартараф этиш ва келгуси мусобақаларга янада пухта тайёргарлик кўришдир. Бу якун эмас, балки Ўзбекистон футболи учун янги босқичнинг бошланишидир.


Самира Маткаримова
Ishonch.uz


Изоҳ қолдириш
Жўнатиш
Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Mақолага баҳо беринг
0/5

0

0

0

0

0

Мавзуга оид