Тиббиёт ходимларига якшанба ва душанба дам олиш куни бўлишига нима дейсиз?
Жамоатчилик таклифи
Ҳафтанинг 5 куни ишда бўламан. Аксариятимиз шундай. Шунинг учунми, ижтимоий тармоқларда «2026 йил 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш режимига ўтказилади», деган хабарни ўқиганимда «Эҳ, ўзи кўпинча шифокор билан боғлиқ ишларимизни шанбага тўғирлаб юрардик, энди шуни ҳам бой берарканмизда…» деган фикр ўтди. Аммо сўнгги кунларда кўраяпманки, бу янгиликка эътироз билдираётганлар ўйлаганимдан кўпроқ экан. Бўлмасам-чи? Келинг, охирги бир ҳафтадаги ҳолатни мисол қилиб келтирсам.
4-синфда ўқийдиган қизим ўтган ҳафтанинг бошида қоғозча кўтариб келди. Қарасам, мактаб ҳамширалари одатдагидек бир йилда бир марта болани лаборатор текширувидан ўтказишимиз учун йўлланма ёзиб берибди. Табиийки, қизим билан шанба куни оилавий поликлиникага чиқиб бу текширувлардан ўтдик. Бу ҳафтанинг душанбасида эса ўғлимнинг ҳам мактабидан худди шундай йўлланма ва тиббий дафтарча қўшиб берилибди. Мактабда тиббиёт хонаси бўлмагани учун барча тор мутахассилар кўригидан ўтиш зарурлиги кўрсатилган. Ҳафта давомида ўғлим икки марта «Ойи, қачон «докторлар»дан ўтгани борамиз?» деб сўради. Табиийки, мен шанба куни деб жавоб бердим.
Энди тасаввур қилинг, шу шанба куни ҳам дам бўладиган бўлса… Албатта, тиббиёт ходимлари ҳам дам олиши керак. Бунга ҳеч қандай қаршилигим йўқ. Аммо шанба куни давлат тиббиёт муассасалари ишламайдиган бўлса, табиийки кўпчилик хусусийга боришга мажбур бўлади. Аммо у ердаги нарх-навони ҳамманинг ҳам чўнтаги кўтармайди. Шунинг учун жамоатчилик яхши таклиф билдиришяпти. Тиббиёт ходимлари шанба куни ишлаб, якшанба ва душанба куни дам олишсин, деган.
Хўш, сиз қандай фикрдасиз? Ушбу таклифга қўшиласизми?
Зебо Намозова,
Ishonch.uz




Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0