Интровертмисиз ёки экстроверт?
Сиз одатда дастлаб ўйлайсиз, кейин бажарасиз. Шундайми? Дўстлар доирасини кенгайтиришга ҳаракат қилмайсиз. Дунёвий суҳбатларни ёқтирмайсиз. Саволларга кўпинча бир ёқлама жавоб қайтарасиз. Гавжум тадбирлар ва омма олдидаги чиқишлардан қочасиз.
Қўнғироқ қилиш имкони турганда ёзма хабар жўнатишни маъқул кўрасиз. Агар сиз мана шундай хусусиятлар соҳиби бўлсангиз, демак, интроверт шахслар сафидасиз.
Ё бўлмаса аксинча...
Сиз кўпинча аввал ишни бажариб бўлиб, кейин ўйлайсиз. Доимо ким биландир танишишга ошиқасиз, мулоқотни яхши кўрасиз. Ҳафтада бир ёки ундан кўп марта зиёфатлар, концертлар ва бошқа томошаларга борасиз. Хабар ёзишдан кўра қўнғироқ қилиш сизга қулайроқ.
Бу ҳолатда сизни экстровертларга мансубсиз, деб айта оламиз.
Интроверт ва экстровертлар аслида кимлар, деган савол кўпчилигимизга қизиқ.
1921 йил Карл Густав Юнг психологик турлар интроверсия ва экстроверсия тушунчасини жорий қилди. Интроверт ва экстровертларда устунлик қилувчи психологик функцияларни кўриб чиқди.
Хўш?
Интровертлар кимлар? Улар энергияси ички оламига йўналтирилган шахслар. Интровертлар ўзи билан ўзи ҳечам зерикмайди. У хотиржам ва сермулоҳаза. Деталларнинг икир чикиригача эътиборли ва қарор чиқаришда эҳтиёткордир. Интровертлар баъзан маъюс, камгап ва димоғдордек тасаввур уйғотсалар-да, аслида улар жуда яхши ва ноёб қобилиятга эга кишилар бўлишади. Шунчаки ижтимоий алоқалар уларнинг энергиясини тортиб олгани боисидан ҳам улар кўпчилик билан муносабат ўрнатишни хушламайдилар.
Интровертларнинг яқин доирасида – икки-уч кишигина мавжуд холос. Бегоналар билан кам суҳбатлашадилар. Улар ўзига яқин бўлган инсонлар билан қизиқ мавзуларни соатлаб муҳокама қилишга тайёр.
Интроверт учун китоб мутолааси ёки мазмунли сайр ўз кучларини қайта тиклашнинг энг яхши йўли саналади.
Экстровертлар кимлар? Уларни интровертларнинг мутлақо акси дейиш мумкин.
Интроверт кўпчилик орасида қувват йўқотса, экстровертларнинг энергияси ташқи дунёга йўналтирилган бўлади ҳамда бошқалар билан мулоқот қилиб энергия йиғади. Улар киришимли, фаол ва ҳамма учун очиқ. Ташаббус кўрсатиш ва етакчиликни хуш кўрадилар.
Аммо тез қизишиб кетиши сабабли баъзан бемаъни инсондек таассурот уйғотишади. Уларнинг дўстлари ва ошна оғайнилари жуда кўп. Экстровертлар билан сира зерикмайсиз. Бир хилликдан чарчаб қолмаслик ва ички оловни сўндирмаслик учун улар гавжум жойларга йўл олишади ёки уйга меҳмон чақиришади.
Ана шундай қилиб Карл Густав Юнг жорий этган тушунчалар кўп йиллардан бери одамларни ўз-ўзига “Мен интровертманми ёки экстровертми?” деган саволни беришга мажбур қилмоқда. Психолог, социолог ва нейробиолог олимлар эса қайси турга кирувчи инсонлар ақллироқ эканини исботлаш устида иш олиб бормоқдалар. Улар интровертлар ақллироқ, деган фикрда. Аммо бу тахмин ҳали исботини топмади...
Дилдора ИБРОҲИМОВА тайёрлади
Mақолага баҳо беринг
0/50
0
0
0
0